Logo

Ҳафталик нархлар таҳлили: қайси маҳсулот қимматлаб, қайси арзонлади?

Мева ва сабзавотлар бозорида янги ҳосилнинг кўпайиши ҳисобига нархлар турлича шаклланган бўлса, гўшт ва кундалик маҳсулотлар нархларида бироз пасайиш кузатилди. Шу билан бирга, мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилди.

Ҳафталик нархлар таҳлили: қайси маҳсулот қимматлаб, қайси арзонлади?

22 июл ҳолатига кўра, сабзавотлар растасида таклиф ортиши эвазига бодринг, бақлажон ва булғор қалампири нархи арзонлашган бўлса, помидор аксинча қимматлади. Мева сегментида умумий кўрсаткичлар нисбатан барқарор сақланаётган бир пайтда, узум ва лимон нархи ўсишда давом этмоқда. Гўшт маҳсулотлари нархи эса бироз пасайди. 

Vaqt.uz  Марказий банкнинг «нархтаҳлил»  платформасидаги ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотлар нархини анъанавий тарзда ўрганиб боради.

Асосий маҳсулотлар

Ҳар кунги рўзғор учун зарур бўлган ёғ, ун ва шакар каби асосий маҳсулотлар нархида ҳафта давомида сезиларли ўзгариш кузатилмади.

Хусусан, пахта ва кунгабоқар ёғи кетма-кет уч ҳафтадирки деярли бир хил нархда сотилмоқда. Ҳозирда пахта ёғининг ўртача нархи 20 минг 202 сўм, кунгабоқар ёғи эса 21 минг 434 сўмни ташкил қилади.

Ун маҳсулотлари нархида ҳам кескин тебранишлар кузатилмади. Биринчи навли ун ўртача 6 минг 233 сўмдан бўлса, олий навли ун 9 минг 375 сўмни ташкил этди. Таққослаш учун, ўтган ҳафтада ушбу маҳсулотлар 0,1 фоизга арзонлаган эди.

Ун нархининг бундай барқарорлиги кунлик рўзғорнинг ажралмас қисми бўлган нон ва нон маҳсулотларига ҳам таъсир кўрсатиб, уларнинг нархи ҳам 0,1 фоизга тушган. Ҳозирда бозорда оддий нон нархи 4 минг сўмдан бошланиб, тури ва навига қараб ундан юқори нархларда сотилмоқда.

Шакар ва гуруч нархларида ҳам бироз пасайиш сезилди. Бир ҳафта ичида шакар 0,4 фоизга арзонлаб, 13 минг 073 сўмга тушди. Гуруч нархи эса 0,2 фоизлик пасайиш билан 15 минг 064 сўмни ташкил қилди.  Ўтган ҳафтада ушбу маҳсулот 0,4 фоизга қимматлаб, 15 минг 090 сўмга етган эди.

Сут ва тухум йўналишида нархларнинг арзонлашиши анча сезиларли бўлди. Икки ҳафтадан буён нархи тушаётган сутнинг литри 7 минг 754 сўмга етди.

Тухум эса бошқа озиқ-овқатларга нисбатан энг кўп арзонлаган маҳсулотга айланди. Унинг нархи бирданига 1,7 фоизга тушиб, 11 минг 001 сўмни ташкил этди. Ўтган ҳафтадаги 0,7 фоизлик пасайиш билан солиштирганда, бозордаги нарх босими янада юмшаётганини кўрсатади.

Гўшт маҳсулотлари бозорида ҳам кичик арзонлашув кузатилди. Бироқ бу ҳафтадаги 0,1 фоизлик пасайиш 120–130 минг сўмлик гўшт нархида атиги 100–150 сўмлик фарқни англатади. Шу сабабли нархларнинг ҳафталик пасайиши статистикада акс этган бўлса-да, оддий харидор учун деярли сезилмайди.

Масалан, ҳафта давомида мол гўшти 0,1 фоизга пастлаб, бир килоси ўртача 122 минг 479 сўмни ташкил қилди.

Қўй гўшти эса кетма-кет иккинчи ҳафта пасайишда давом этиб, у ҳам 0,1 фоизга арзонлади ва 133 минг 087 сўмга тушди. Яъни, арзонлашув рақамларда бор, лекин амалда бозорга кирган харидор учун нархлар деярли ўша-ўша.

Товуқ гўшти нархида ҳам кескин ўзгариш бўлмади. Ўтган ҳафтадаги 0,1 фоизлик кичик пасайишдан сўнг, бу сафар ҳам нархлар меёрда сақланиб  турибди. 1 кг товуқ гўшти ўртача 31 минг 973 сўм атрофида сотилмоқда.

1

Сабзавот

 

Сабзавотлар бозорида мавсумий арзонлашув тенденцияси давом этмоқда. Расталарга янги ҳосилнинг кириб келиши ортгани саин, маҳсулотларнинг аксариятида нархлар тушмоқда.

Ҳафта давомида энг катта пасайиш бодринг нархида қайд этилди. Унинг нархи бир ҳафтада 3,1 фоизга арзонлаб, 1 кг  бодринг 5 минг 590 сўмга тушди. Таққослаш учун, ўтган ҳафтада ушбу маҳсулот 5 минг 767 сўмдан сотилаётган эди. Ҳар кунги рўзғор учун зарур бўлган картошка нархи ҳам кетма-кет пасайишда давом этмоқда. Бу сафар у 3 фоизга арзонлаб, 4 минг 217 сўмни ташкил қилди.

Бақлажон ва булғор қалампири расталарида ҳам нисбатан арзонроқ нархлар шаклланди. Ҳафта ичида бақлажон нархи 2,6 фоизга пастлаб, килоси 5 минг 225 сўмга тушган бўлса, булғор қалампири 2,2 фоизга арзонлади. Натижада 1 кг булғор қалампири 7 минг 455 сўмдан сотилди. Бу икки сабзавот мунтазам арзонлашиб келмоқда.

Лекин помидор расталарида мутлақо бошқача манзара. Помидор нархи эса сўнгги бир ой давомида пасайиб келаётган бўлса-да,  бу ҳафта унинг нархи 7,2 фоизга ошди. Унинг 1 килограмми 5 минг 089 сўмга етди. Натижада помидор бошқа маҳсулотларга қараганда энг кўп қимматлаган маҳсулот бўлди.

Худди шундай ҳолат пиёзда ҳам кузатилди. Ўтган ҳафтада 0,2 фоизга пастлаган нарх бу сафар аксинчасиўзгарди. Пиёз 2,6 фоизга қимматлаб, 2 минг 462 сўмга кўтарилди.

Нисбатан ҳамёнбоп сабзавотлар сирасига кирувчи карам ва сабзида эса кескин ўзгариш бўлгани йўқ. Карам нархи ўтган ҳафтадагидан деярли фарқ қилмай,— атиги 0,1 фоизлик ўсиш билан 3 минг 776 сўм атрофида сақланиб қолди.

Сабзи эса аввалги ҳафтадаги кўтарилишидан сўнг яна 1,5 фоизга қимматлаб, 4 минг 496 сўмга етди. Демак, бодринг, картошка ва булғор қалампиридаги мавсумий арзонлашув бозорда умумий пасайиш кайфиятини ушлаб турган бўлса-да, помидор, пиёз ва сабзидаги ўсиш сабзавотлар бозорида нархлар бир хил эмаслигини кўрсатмоқда.

2

Мевалар

 

Мевалар бозорида бу ҳафта нархлар бир хил йўналишда ўзгармади. Айрим маҳсулотларда арзонлашув кузатилган бўлса, айрим мевалар нархи аксинча ошди.

Нисбатан ҳамёнбоп нархлар олма ва нок расталарида кузатилди. Масалан, олма бир ҳафтада 2,6 фоизга арзонлаб, килоси 12 минг 890 сўмга тушди. Таққослаш учун , ўтган ҳафтада у 13 минг 238 сўмдан сотилаётган эди. Демак, бир ҳафта давомида бу маҳсулот  деярли 400 сўмга арзонлаган.

Нок нархи арзонлашишда давом этмоқда. Аввалги ҳафтадаги 2,3 фоизлик арзонлашувдан сўнг, бу сафар ҳам нарх яна 0,9 фоизга тушиб, 18 минг 890 сўмни ташкил этди. Натижада, бу икки мева бозорга кўпроқ кириб келгани сари нархлар харидор учун қулайлашмоқда.

Узум ва лимон расталарида эса бунинг акси кузатилди. Ўтган ҳафтадаги қимматлашувдан кейин бу ҳафта ҳам унинг нархи 1,9 фоизга ошиб, 1 килограмми 14 минг 543 сўмни ташкил этди. Натижада узум мевалар орасида нархи энг кўп ошган маҳсулот бўлди.

Лимон нархи эса бир ойдан ортиқ вақт давомида ошиб бормоқда. Бу ҳафта ҳам унинг қиймати 0,5 фоизга кўтарилиб, 1 килограмми 50 минг 475 сўмга етди. Гарчи лимон кундалик асосий харидлар қаторига кирмаса-да, нархнинг узоқ муддат давомида ошиши уни мунтазам харид қиладиган истеъмолчилар чўнтагига сезилмоқда.

3

Ҳудудлар кесимида мол гўшти нархлари

Мол гўшти нархларида ҳудудлар ўртасидаги тафовут сақланиб қолмоқда. 22 июль ҳолатига кўра, республика бўйича ўртача нарх 123 минг сўм атрофида шаклланган бўлса-да, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич юқорироқ, айримларида эса пастроқ бўлди.

4

Энг юқори нархлар Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилди. Пойтахтда 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 131 минг 395 сўмни ташкил қилиб, ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич бўлди. Жиззах вилоятида эса бу кўрсаткич 126 минг 589 сўмни ташкил этди. Жиззах вилоятида нархлар бироз пасайган бўлса-да, мол гўшти бу ерда ҳамон мамлакатдаги энг қиммат нархлардан бири ҳисобланади.

Энг паст нархлар эса Хоразм ва Бухоро вилоятларида кузатилди. Хоразмда 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 117 минг 643 сўмни, Бухорода эса 118 минг 108 сўмни ташкил этди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам нархлар нисбатан паст бўлса-да, ҳафта давомида сезиларли ўсиш қайд этилди. Ҳудудда мол гўшти нархи 0,38 фоизга ошиб, 110 минг 990 сўмга етди.

Ҳафта давомида ҳудудлар кесимида кескин ўзгаришлар кузатилмади. 14 та ҳудуддан фақат Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида нархлар ошган бўлса, қолган ҳудудларнинг аксариятида пасайиш кузатилди. Энг катта арзонлашув Фарғона вилоятида қайд этилиб, нархлар 0,43 фоизга камайди.

Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути ҳануз сезиларли даражада сақланиб қолмоқда. Энг юқори ва энг паст нарх қайд этилган ҳудудлар ўртасидаги фарқ қарийб 20 минг 400 сўмни ташкил этди. Яъни, харидорнинг 1 кг мол гўшти учун қиладиган харажати яшаш ҳудудига қараб қарийб 18 фоизгача фарқ қилиши мумкин. Бу эса гўшт нархининг ҳудудларда таклиф ҳажми, ишлаб чиқариш ва бозор шароитларига қараб турлича шаклланаётганини кўрсатади.

Маълумот учун, аввалроқ Vaqt.uz 2026 йил июнь ойидаги инфляция кўрсаткичлари ҳақида ҳам хабар берганди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, июнь ойида йиллик инфляция даражаси 6,4 фоизни ташкил этган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 6,3 фоизни қайд этди.

Ҳисоботга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари орасида нархлар бир хил йўналишда ўзгармаган. Ёз мавсумида янги ҳосилнинг бозорга кириб келиши ҳисобига мева ва сабзавотларнинг аксарияти арзонлашган. Жумладан, бақлажон, помидор, булғор қалампири, бодринг ва картошка нархларида сезиларли пасайиш кузатилган.

Айни пайтда гўшт маҳсулотлари озиқ-овқат инфляциясининг асосий омилларидан бири бўлиб қолган. Хусусан, қўй гўшти нархи йиллик ҳисобда 23,1 фоизга, суякли ва суяксиз мол гўшти 20,6 фоизга, гўшт қиймаси эса 2,9 фоизга қимматлашган.

Теглар

Мавзуга оид