Ҳаж–2026 мавсуми қачондан бошланиши маълум қилинди

Бугун 12:472 дақиқа

Зиёратчиларни Мадина шаҳрига етказиш Саудия Арабистонининг «FlyAdeal» авиакомпанияси, қайтиш рейслари эса миллий авиакомпания «Uzbekistan Airways» томонидан амалга оширилади.

Ҳаж–2026 мавсуми қачондан бошланиши маълум қилинди © Uzbekistan Airports

Ўзбекистондан зиёратчиларни Саудия Арабистонига юбориш 2 майдан старт олади, 18 майгача ҳар куни мунтазам авиақатновлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Қайси ҳудудлардан парвозлар амалга оширилади

Ҳожилар юртимизнинг 9 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги халқаро аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри парвоз қилади. Бу эса зиёратчилар учун қулайликларни янада оширади.

Маълум қилинишича, ҳожиларни Мадина шаҳрига етказиш Саудия Арабистонининг «FlyAdeal» авиакомпанияси томонидан амалга оширилади. Қайтиш рейслари эса миллий авиакомпания «Uzbekistan Airways» зиммасига юклатилган.

Ҳаж мавсумига тайёргарлик

Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингит касаллигига қарши эмланди;

Бўлғуси ҳожиларнинг расмий ҳаж визалари ва бошқа зарур ҳужжатларни расмийлаштириш якунланди;

Зиёратчиларга гуруҳ раҳбарлари бириктирилиб, сафар олди машғулотлари ўтказилмоқда.

Ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:

«Ҳаж – буюк ибодатдир» қўлланмаси;

Сумка;

Нимча;

Термос;

Соябон;

Сим-карта ва қувватлагич

Айни вақтда Саудия Арабистонида бўлиб турган ишчи гуруҳлар меҳмонхоналар, Мино ва Арофот водийларида ҳожилар учун муносиб шароит яратиш устида иш олиб бормоқда. Барча инфратузилма объектлари ҳожилар эҳтиёжларига мос равишда тайёрланмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари бўйича тушунтиришлар, тавсиялар ва амалий қўлланмалар эълон қилинмоқда.

Ноқонуний ҳаж учун жавобгарлик

Эслатиб ўтамиз, Саудия Ички ишлар вазирлиги рухсатномасиз Ҳаж қилишга қарши қатъий жазо чораларини эълон қилган эди.

Хусусан, бундай қоидабузарлик учун тахминан 5300 доллар миқдорида жарима қўлланилади. Ноқонуний зиёратчиларга ёрдам берган шахсларга эса 26 минг долларгача жарима солинади. Бу жазолар 18 апрелдан 31 майгача амал қилади.

Бундан ташқари, ноқонуний зиёратчиларни ташиш, яшириш ёки уларга бошқа кўмак кўрсатиш ҳолатлари ҳам қаттиқ жазоланади. Бундай ҳолларда транспорт воситалари мусодара қилиниши мумкин.

Рухсатномасиз Ҳаж қилиш учун Маккага яширинча кирганлар ўз мамлакатларига депортация қилинади ва Саудия Арабистонига киришлари 10 йил муддатга тақиқланади.Расмийларга кўра, ўтган йилда 75 мингдан ортиқ қоидабузар ушланган.

Теглар

Мавзуга оид