add

Ҳажми ошаётган қурилиш, давлат бюджети сарфида қонунбузилиши ва «Манчестер Сити»нинг ўзбекистонликларга «сюрприз»и — 16 декабр дайжести

16.12.2025 | 22:184155 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ҳажми ошаётган қурилиш, давлат бюджети сарфида қонунбузилиши ва «Манчестер Сити»нинг ўзбекистонликларга «сюрприз»и — 16 декабр дайжести

Алишер Султонов энергетик хавфсизлик бўйича вакил лавозимидан озод этилди

Президент фармони билан Алишер Султонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов расман маълум қилди. Фармон мазмунида ушбу қарорнинг сабаблари, шунингдек, унинг янги тайинлови ёки лавозимлар алмашинуви ҳақида қўшимча маълумотлар берилмаган. Алишер Султонов сўнгги йилларда мамлакат энергетика сиёсати ва стратегик хавфсизлик масалаларида муҳим рол ўйнаган, хусусан, 2022-йилдан бери Президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси, кейинчалик эса вакили сифатида фаолият юритиб, энергетика соҳасида барқарорликни таъминлаш ва йирик лойиҳаларни мувофиқлаштириш билан шуғулланган.

Султоновнинг бой меҳнат фаолияти асосан нефть-газ ва энергетика соҳалари билан боғлиқ бўлиб, у 2015–2018-йилларда "Ўзбекнефтгаз" раиси, 2017–2022-йилларда Бош вазир ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. Шунингдек, 2019-йил февралдан 2022-йил июнгача у бир вақтнинг ўзида Бош вазир ўринбосари ва Энергетика вазири лавозимларини эгаллаб, мамлакат энергетика тизимини ислоҳ қилишда қатор ташаббусларни амалга оширган. Бундан ташқари, у спорт соҳасида ҳам (Миллий Олимпия қўмитаси ва Шахмат федерацияси) раҳбарлик лавозимларида бўлган. Ҳозирча Султоновнинг кейинги фаолияти ҳақида расмий маълумот берилмаган.

У 2021 йилда «Америка овози» мустақил интернет нашрига берган интервюсида ўзбек гази ҳақидаги саволларга жавоб бера туриб, 3 та Ўзбекистонни боқишга етадиган газ захираси борлигини айтганди.

«Манчестер Сити» 19 декабр куни Ўзбекистон учун муҳим эълон тайёрламоқда

Англиянинг машҳур клуби — «Манчестер Сити» ўзининг расмий Instagram саҳифасида 19 декабр куни Ўзбекистонга оид муҳим эълон бўлиши ҳақида хабар тарқатди. «Ўзбекистон, тайёрмисан? Ишончли ҳамкор йўлга чиқмоқда» мазмунидаги тизер ҳамда #KattaQadamIshonchliZarba ҳэштеги спорт жамоатчилиги орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Мутахассисларнинг тахминларига кўра, ушбу эълон «City Football Group» (CFG) холдингининг Ўзбекистондаги лойиҳаси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айримлар буни тўғридан-тўғри Қўқоннинг «Қўқон 1912» клубининг CFG таркибига қўшилиши сифатида баҳоламоқда, агар бу тасдиқланса, «Қўқон 1912» CFG’га қўшилган Марказий Осиёдаги илк клубга айланади.

Аввалроқ, июн ойида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси раҳбарияти, жумладан Отабек Умаров «City Football Group» вакиллари билан учрашув ўтказиб, футболни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва ёшлар академияларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилган эди. Ўшанда CFG томонидан Ўзбекистон футбол бозори истиқболли йўналиш сифатида баҳолангани, аммо муайян клубни сотиб олиш ёки таркибига қўшиш бўйича аниқ қарор қабул қилинмагани таъкидланган эди. 19 декабрда мазкур ҳамкорликнинг расмий формати ҳақида аниқ баёнот берилиши кутилмоқда.

9,2 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди

Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан ўтказилган мониторинглар давомида бир қатор ҳудудлардаги давлат харидларида жами 9,2 млрд сўмдан ортиқ маблағлар билан боғлиқ жиддий қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди. Текширувлар асосан савдоларда рақобатни чекловчи ҳаракатлар мавжуд бўлган ҳолатларни қамраб олган. Энг йирик қонунбузилишлар Қашқадарё, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилоятида қайд этилди. Жумладан, Хоразм вилоятидаги Хива ихтисослаштирилган интернат уйида 1,9 млрд сўм, Сурхондарё вилояти Ангор туман мактабгача таълим бўлимида қарийб 1,8 млрд сўм, шунингдек, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда 1 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилишлар аниқланди.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги "Ўзбекистон технологик металлар комбинати" АЖ томонидан амалга оширилган харидларда ҳам 1 млрд сўмдан ортиқ қоидабузарликлар кузатилган. Текширувлар натижасида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани аниқланиб, буюртмачи ташкилотларга нисбатан тегишли ишлар қўзғатилди ва қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда келгусида такрорланмаслиги учун мажбурий кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистонда йирик қурилиш ишлари ҳажми 27,5 фоизга ошди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь—октябрь ойларида Ўзбекистонда йирик қурилиш ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳажми 61,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 27,5 фоизга кўпдир. Йирик қурилиш компаниялари ҳиссасига тўғри келаётган ишлар ҳажмининг изчил ўсиши мамлакатда амалга оширилаётган инфратузилмавий, саноат ва шаҳарсозлик лойиҳалари кўлами кенгайиб бораётгани билан изоҳланади.

Анализга кўра, қурилиш соҳасида сезиларли ўсиш динамикаси кузатилган: 2021 йилнинг январь—октябрь ойларида 22,7 трлн сўмлик ишлар бажарилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 61,6 трлн сўмга етиб, беш йиллик даврда энг юқори натижа қайд этилган ва 2021 йилга нисбатан қарийб уч баравар ўсиш кузатилган. Бундай кескин ўсиш давлат инвестиция дастурлари, йирик инфратузилма лойиҳалари, янги саноат зоналари қурилиши ҳамда хусусий сектор иштирокининг фаоллашуви билан боғлиқ.

Марказий банк финтех соҳаси учун масъул этиб белгиланди

27 ноябр куни қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда молиявий технологиялар (финтех) соҳасини ривожлантириш учун масъул асосий регулятор этиб белгиланди. Марказий банк эндиликда банк тизими барқарорлиги, тўлов тизимларининг узлуксиз ишлаши ва нархлар барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда, финтех бозорини тизимли ривожлантириш ҳамда инновацияларни қўллаб-қувватлаш ўртасида мувозанатни сақлашга жавобгар бўлади. Ҳужжатда финтех хизматларини жорий этишда инновацияларни рағбатлантирган ҳолда, улар билан боғлиқ молиявий ва технологик хавфларни камайтиришга қаратилган тартибга солиш чораларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қарор доирасида Марказий банк раиси Тимур Ишметов раҳбарлигида Молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича республика комиссияси ташкил этилди. Комиссия финтех соҳасининг стратегик йўналишларини белгилаш ва «тартибга солиш қумдони»дан ўтган ечимларни кенг жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлайди. Шунингдек, Марказий банкка 2026–2030 йилларга мўлжалланган финтех стратегиясини ишлаб чиқиш, токенлаштирилган акциялар ва облигациялар муомаласини жорий этиш, рақамли валюта бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш топширилди. Бундан ташқари, Марказий банк ҳузурида 50 миллион долларлик венчур фонд ва инновацион марказ ташкил этилиши ҳам белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид