add

Ишлаб чиқариш корхоналари бўйича энг кўп солиқ қарзлари Андижонда қайд этилди

Бугун 12:21241

Ўзбекистонда мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарининг катта миқдордаги солиқ қарзи борлигини маълум қилди. Андижон, Тошкент ва Фарғона вилоятлари солиқ қарзи юқори ҳудудлар сифатида қайд этилди.

Ишлаб чиқариш корхоналари бўйича энг кўп солиқ қарзлари Андижонда қайд этилди

2025 йил 1 ноябр ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 млн сўмдан юқори ишлаб чиқариш корхоналари сони 1 076 тани ташкил этди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Ушбу корхоналарнинг жами қарздорлиги 1 трлн 121,2 млрд сўмга етган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг шу даврида ишлаб чиқариш корхоналарининг жами қарздорлиги 1 трлн 178 млрд сўмни ташкил этган.

2025 йилда ишлаб чиқариш корхоналарининг жами қарздорлигининг 298,8 млрд сўми ёки 26,6 фоизи солиқ қарзи энг кўп бўлган 10 та корхона ҳисобига тўғри келди. Жумладан, энг катта миқдордаги қарздор компаниялар Андижон вилоятидаги «Зумрад Техтил» МЧЖ (91,8 млрд сўм), «Навоийазот» АЖ (64,9 млрд сўм) ва Тошкент вилоятидаги «Афсона-Шароб» МЧЖ (31,5 млрд сўм) эканлиги маълум бўлди.

Шунингдек, корхоналарнинг солиқ қарздорлиги бўйича энг юқори кўрсаткич қуйидаги ҳудудларда қайд этилди:

Андижон вилояти – 224,4 млрд сўм;

Тошкент вилояти – 164,7 млрд сўм;

Фарғона вилояти – 82,6 млрд сўм;

Қорақалпоғистон Республикаси – 80,2 млрд сўм;

Самарқанд вилояти – 69,5 млрд сўм.

Маълумот ўрнида, 2024 йилнинг мос даврида Андижон вилоятидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг солиқ қарзи 218,4 млрд сўм бўлиб, ҳудудлар кесимида биринчи ўринда эди.

Аввалроқ 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида ишлаб чиқариш корхоналарига 33,7 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари берилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид

Ишлаб чиқариш корхоналари бўйича энг кўп солиқ қарзлари Андижонда қайд этилди | Vaqt.uz