
ЖСТга бир қадам қолди: аъзолик учун 32 йиллик узоқ йўл
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун Ўзбекистонга фақат Тайван билан келишув қолди. Vaqt.uz ушбу ҳаракатлар қачон бошлангани, музокаралар хронологияси ва Марказий Осиё давлатларида аъзолик нега кутилган натижа бермаганини таҳлил қилди.

Шу йилнинг 21 декабр куни Санкт-Петербургга амалий ташрифи доирасида Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан биргаликда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши жараёнида бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунловчи баённома имзоланди.

Ҳужжат ЖСТга аъзо бўлиш доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида олиб борилган икки томонлама музокараларни расман якунлади.
Бугунги кунга қадар протоколлар 33 мамлакатдан 31 таси билан имзоланган. Музокараларни фақат Тайван (Хитой Тайпейи) билан якунлаш қолди.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда ўтказиладиган 14-вазирлар конференциясига қадар ЖСТга аъзо бўлишни мақсад қилган.
Аввалроқ, ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили, бош музокарачи Азизбек Урунов ташкилотга аъзо бўлиш жараёнининг кечикиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини билдирган эди.
Vaqt.uz ЖСТга аъзолик ҳаракатлари қачон бошлангани ҳамда давлатлар билан музокаралар хронологиясини жамлади. Шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ташкилотга аъзолик нега кутилган фойдани бермаганини ўрганди.
ЖСТга аъзолик ҳаракатлари қачон бошланган?
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 1994 йилдан бошланган. 1998 йилда буни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Кейинги йилларда ушбу ишчи гуруҳ фақат уч марта учрашган ва номаълум сабабларга кўра аъзолик ишлари сусайган.
2005 йил ўрталарига келиб, халқаро экспертлар билан учрашувлар тўхтаб қолган. 2020 йил июл ойида жараён яна жонланиб, ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши ўтказилган. Кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида учрашувлар бўлиб ўтган.
2023 йил сентябрида Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасида ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказган эди. Унда бош директор Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолаган. Шундан сўнг ташкилотга қўшилиш ҳаракатлари тезлашган.

2024 йилнинг 5 июн куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТга аъзолик қандай имкониятлар тақдим этишини айтиб ўтган эди:
«ЖСТга аъзолик Ўзбекистон корхоналарига янги бозорлар ва имкониятлар очади. Таркибий инфратузилмани яхшилаш ва Ўрта коридор билан боғланиш учун қилинган инвестициялар Ўзбекистонни дунё билан боғланган мамлакатлар қаторига қўшади. Бу логистикада рақобатбардошроқ бўлишга ёрдам беради. Ишонаманки, биз бунга эришамиз», — деган ЖСТ бош директори.
Шунингдек, Нгози Оконжо-Ивеала сўнгги ўн йилликларда ЖСТга қўшилган мамлакатларда иқтисодий ўсиш кузатилаётганини таъкидлаб, ташкилот аъзолари дунё савдосининг 98 фоизини қамраб олишини маълум қилган.

Тескари хронология
21 декабр куни Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Россия билан икки томонлама музокараларни якунловчи протоколни имзолади.
15 декабр куни Европа Иттифоқи билан бозорга кириш бўйича икки томонлама протокол имзолангани маълум қилинди.
14 декабр куни Ўзбекистон Эквадор билан ҳам музокараларни якунлаб, келишувни имзолаган.
Ноябр ойида Женева шаҳрида бўлиб ўтган 11-йиғилишда Канада ва Панама билан икки томонлама бозорга кириш шартлари юзасидан музокаралар муваффақиятли якунланган.
Октябрь ойи охирида Европа Иттифоқига аъзо 27 та давлат билан бозорларга кириш, хусусан экспорт ва импорт божлари келишиб олинган. Маълумот учун, март ойида Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида Европа Иттифоқи билан музокараларни қисман якунлаган, хизматлар бўйича келишувга эришилган, товарлар бўйича эса музокаралар қолган эди.
Сентябрь ойида Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Аргентина, Австралия ва Ҳондурас билан протоколларни имзолаган.
21 июль куни Женевада Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ЖСТга қўшилиш доирасидаги икки томонлама музокаралар расман якунланган.
Июн ойида Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида Буюк Британия билан музокараларни якунлаган.
Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистон АҚШ, Филиппин ва Хитой билан ҳам келишувга эришган.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокаралар гуруҳи 2024-йилда 26−29-февралда Абу Дабида бўлиб ўтган ЖСТ вазирларининг 13-конференцияси доирасида уч давлат — Япония, Исроил ва Доминикан Республикаси билан бозорга кириш протоколлари имзолангани ҳамда Таиланд билан музокаралар якунлангани ҳақида эълон қилган эди.
Қўшни давлатларга ташкилотга аъзолик нега кутилган натижани бермади?
Марказий Осиё давлатларининг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш тажрибаси бир хил эмас. Бу масалани «Ватандош» интеллектуал клубида бўлиб ўтган муҳокамада иқтисодчи Валижон Тўрақулов атрофлича тушунтириб берган.

Қирғизистон 1996 йилда аъзолик аризасини бериб, икки йил ичида ЖСТга қўшилган. Тожикистон 2013 йилда ташкилотга аъзо бўлган. Қозоғистон эса узоқ музокаралардан сўнг 2015 йилда аъзоликка қабул қилинган. Ўзбекистон эса 1994 йилда ариза берганига қарамай, ҳанузгача тўлиқ аъзоликка эриша олмаган. Туркманистон эса фақат 2022 йилда ариза берган — бунга газ экспорти ҳажмининг пасайиши ва иқтисодий диверсификацияга эҳтиёж кучайгани сабаб бўлган.
Шу ўринда табиий савол туғилади: нега айрим давлатлар биздан олдин ЖСТга аъзо бўлди ва нега бу аъзолик уларда кескин иқтисодий сакрашни таъминламади?

Иқтисодий кўрсаткичларга, хусусан ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишига қаралса, ЖСТга аъзолик билан ривожланиш ўртасида тўғридан-тўғри ва автоматик боғлиқликни кўриш қийин. Чунки ҳар бир давлатнинг ўзига хос муаммолари мавжуд бўлган.
Масалан, Қирғизистон 1998 йилда ЖСТга аъзо бўлган, аммо бу давр Осиё ва Россия молиявий инқирозларига тўғри келган. Кейинги йилларда мамлакатда сиёсий беқарорлик кучайиб, 2005 ва 2010 йилларда жиддий сиёсий тўқнашувлар юз берган. Бу эса инвесторлар учун ишончни сусайтирган.
Қозоғистонда эса иқтисодиётнинг нефт, газ ва бошқа табиий бойликларга ортиқча таяниши диверсификацияни секинлаштирган. Шу билан бирга, мамлакатнинг бир вақтнинг ўзида ЕОИИ ва ЖСТга аъзо бўлиши қонунчиликда зиддиятлар келтириб чиқарган.
Тожикистонда эса экспорт салохияти чекланган: асосий экспорт маҳсулотлари — сув ресурслари ва алюминий. ЯИМнинг қарийб 35 фоизи меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ҳисобига тўғри келади. Шу сабабли ЖСТ аъзолиги катта иқтисодий сакраш бермаган.
Афғонистон ҳолати эса сиёсий ва хавфсизлик инқирозлари сабаб алоҳида баҳоланади.
Шу фондда Ўзбекистоннинг имкониятлари нисбатан юқорироқ баҳоланади. Мамлакатда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва логистика соҳаларини ривожлантириш салоҳияти мавжуд. Тарихан ҳам Марказий Осиё Буюк Ипак йўлининг маркази бўлган.
XV асрдан кейин денгиз йўлларининг кашф этилиши минтақанинг транзит аҳамиятини пасайтирган. Бугун эса савдо йўллари кўп қиррали. Ушбу тизимга қайтиб уланиш учун таъминот ва қиймат занжирларига интеграция зарур.
Хулоса қилиб айтганда, ЖСТга аъзолик ўз-ўзича мўъжиза яратмайди, аммо у глобал иқтисодий тизимга тўлиқ қўшилиш учун энг муҳим бошланғич босқич ҳисобланади.
Теглар






