
Кечалари электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкин — Энергетика вазирлиги
Сирдарё ИЭСда газ турбинаси ротори алмаштирилаётгани сабаб мамлакатнинг айрим ҳудудларида қисқа узилишлар кузатилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Сирдарё иссиқлик электр стансиясида 2-сонли газ турбинасида аниқланган йирик носозлик туфайли агрегатни тўлиқ алмаштириш ишлари бошланди. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, бу жараён давомида стансия қувватларининг бир қисми вақтинча тўхтатилиб, натижада электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар юзага келиши мумкин. Ушбу ҳолат асосан иссиқлик истеъмоли ортиб борадиган 17:00–21:00 оралиқда сезилиши мумкин.
Носозликни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқарувчи ва инвестор томонидан кафолат мажбуриятлари доирасида янги ротор ишлаб чиқилди ва 8 декабр куни Мицубиши компанияси томонидан Тошкентга етказилди. 114 тоннали агрегат тезкор равишда Сирдарё ИЭСга олиб келиниб, монтаж ва синов ишлари бошлаб юборилган. Ўрнатиш ва тўлиқ ишга тушириш бир ой атрофида давом этиши кутилмоқда.
Стансия қувватларининг маълум қисми ишдан чиқарилгани сабабли зaxира манбалар ва янги қувват блоклари орқали тармоқдаги юклама мувозанатланмоқда. Шу билан бирга, қуёшсиз об-ҳаво ва кунлар қисқаргани туфайли қуёш фотоэлектр стансиялари орқали электр ишлаб чиқариш ҳажми камайган, бу эса таъминот-истеъмол балансига қўшимча босим юкламокда.
Вазирлик билдиришича, зарурат туғилганда истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади. Вақтинча қўлланилаётган чоралар электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.
Сирдарё ИЭС 1500 МВт қувватга эга бўлиб, 2023 йил охирида ишга туширилган, қолган энегроблоклар эса 2024 йил ёзида тўлиқ фаолият бошлаган. ACWA Power иштирокида амалга оширилган лойиҳа қиймати 1 миллиард доллар атрофида баҳоланган. Лойиҳа ЕТТБ, OPEK жамғармаси, DEG ва бошқа халқаро институтлар иштирокида молиялаштирилган. ACWA Power стансиянинг инвестори ва оператори ҳисобланади.
Мамлакатнинг умумий ўрнатилган электр қуввати 27 GWtни ташкил этишини инобатга олганда, Сирдарё ИЭСнинг 1,5 GWt қуввати миллий тизимнинг 5,5 фоизини ташкил этади. Шу боис стансиядаги ҳар бир узилиш мамлакат электр балансида сезиларли таъсирга эга.





