add

Келажакда юлдузлардан хабар олиб келадиган космонавт, 240 млрд доллардан ошадиган ЯИМ ва тақсимланган давлат бюджети — 26 декабр дайжести

Кеча 22:594 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Келажакда юлдузлардан хабар олиб келадиган космонавт, 240 млрд доллардан ошадиган ЯИМ ва тақсимланган давлат бюджети — 26 декабр дайжести

Илк бор ўзбекистонлик космонавт космосга учирилади – Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, бугун минглаб ёшлар IT ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бормоқда. Уларнинг квант, дрон, робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун «Рақамли технологиялар маркази» ташкил этилади.

«Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик. Ўзбекистон космонавти бобомиз аниқлаган юлдузлардан хабар олиб келади. Бу Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради деб ишонаман», — деди президент.

Ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондони метрода кўриниш берди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов ва Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жураев Тошкент метроси вагонида кўриниш берди.

Суратда раҳбарларнинг фуқаролик кийимида экани тасвирланган. Уларнинг нима мақсадда метрога тушгани аниқ эмас: ишдан уйига жамоат транспортида кетишни афзал билганиданми ёки жамоат тартибини сақлаш бўйича масъул ходимларнинг ишини назорат қилиш учун?

Ўзбекистонликлар энг кўп қайси давлатларга саёҳат қилмоқда?

2025 йилнинг 11 ойи давомида қарийб 7 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга чиққан бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ошган. Энг кўп сафарлар қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда: Қирғизистон 3,1 миллион нафар кўрсаткич билан рўйхатда яққол етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Қозоғистон (1,3 млн) ва Тожикистон (1,2 млн) кучли учликдан жой олган бўлиб, бу чегараолди ҳаракатлари ва қариндошлик алоқалари фаоллигидан далолат беради.

Узоқ хориж давлатлари орасида Россия (399 минг) ва Саудия Арабистони (296,4 минг) энг оммабоп йўналишлар бўлиб қолмоқда. Саудия Арабистонига ташрифлар сонининг юқорилиги асосан зиёрат туризми билан изоҳланса, Туркия, БАА ва Миср каби давлатлар ҳордиқ чиқариш учун асосий танловлар сифатида қайд этилган. Шунингдек, ТОП-10 рўйхатидан Хитой ва Ветнам каби янги йўналишлар ҳам жой олган бўлиб, бу авиақатновлар географияси кенгаяётганини тасдиқлайди.

2026 йилда уй-жой ипотекасига 23 трлн сўм ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилда уй-жой ипотекаси учун 23 триллион сўм ресурс ажратилиши маълум қилинди. Аҳолининг молиявий юкини енгиллаштириш мақсадида бошланғич тўлов ва фоизларни қоплаш учун 2,7 триллион сўм субсидия берилади. Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг энг юқори миқдори 15 фоизга оширилиб, келгуси йилда жами 140 мингта хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, қурилиш ва уй-жой бозоридаги фаолликни қўллаб-қувватлаш учун истеъмол кредитлари ҳажми 125 триллион сўмга етказилади. Бу чоралар қурилиш материаллари ва маиший техника бозорида талабни ошириб, соҳадаги ишлар ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга хизмат қилади. 2026 йилда қурилиш ишлари ҳажмини 11 фоизга ошириш иқтисодий ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири сифатида белгилаб олинди.

Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 2030 йилгача 240 млрд доллардан оширилади – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистон иқтисодиёти тарихда илк бор 145 миллиард долларлик маррани забт этганини эълон қилди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, иқтисодий ўсиш суръатлари шу тарзда давом этса, аввалроқ «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган 160 миллиард долларлик кўрсаткичга 2026 йилнинг ўзидаёқ эришилади. Келгуси беш йилликда эса мамлакат ЯИМ ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш асосий стратегик мақсад этиб белгиланди.

Ушбу юқори марраларга эришиш учун юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқлар, биоинженерия, «яшил» энергетика ва илғор агротехнологияларни ривожлантиришга асосий урғу берилади. Президент иқтисодиётни янги сифат босқичига олиб чиқишда замонавий технологиялар ва малакали кадрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди. Илм-фан ва инновацияларга асосланган бундай ёндашув Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим пойдевор бўлади.

2026 йил учун Давлат бюджети тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, келгуси йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи даражасида белгиланди. Қонун билан бюджет маблағларини тақсимловчилар учун қатъий интизом ўрнатилиб, ажратилган маблағларни кейинги молия йилига ўтказиш тақиқланди; бу чора маблағларнинг йил давомида мақсадли ва тўлиқ ишлатилишини таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, ҳужжатда ижара тўловларининг энг кам ставкалари, чакана савдо йиғимлари ва хорижий автотранспорт воситаларининг транзити учун тўлов миқдорлари мустаҳкамланди. Мазкур бюджет параметрлари 2026 йил 1 январдан кучга киради ва давлат молиявий барқарорлигини сақлашда асосий ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Янги бюджет сиёсати доирасида харажатлар устидан назорат тизимини янада кучайтириш ва давлат даромадлари базасини кенгайтириш устувор вазифа этиб белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид