add

2026 йилда уй-жой ипотекасига 23 трлн сўм ажратилади

Бугун 12:381581 дақиқа

Президент Мурожаатномасида 2026 йилда аҳоли учун ипотека ресурслари кенгайтирилиб, уй-жой қурилиши ва истеъмол бозорида талабни ошириш режалари эълон қилинди.

2026 йилда уй-жой ипотекасига 23 трлн сўм ажратилади

2026 йилда Ўзбекистонда уй-жой ипотекасига 23 триллион сўм миқдорида ресурс ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида маълум қилди.

Қайд этилишича, уй-жой сотиб олишда фуқароларнинг молиявий юкини енгиллаштириш мақсадида бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия ажратилади. Бу ипотека бозорида аҳоли иштирокини кенгайтириш ва янги уй-жойларга талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг энг юқори миқдори 15 фоизга оширилиши белгиланди. Бу қарор, айниқса, ўрта даромадли оилалар учун уй-жой сотиб олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Келгуси йилда мамлакатда жами 140 мингта квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиши режалаштирилган. Мазкур ҳажмдаги қурилиш ишлари қурилиш материаллари, маиший техника ва рўзғор учун зарур истеъмол товарларига бўлган талабни ошириши кутилмоқда.

Ушбу талабни молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида 2026 йилда истеъмол кредитлари ҳажми ҳам сезиларли оширилади. Хусусан, келгуси йилда 125 триллион сўмлик истеъмол кредити ажратиш режалаштирилган.

Президент Мурожаатномасида 2026 йилда қурилиш ишлари ҳажмини 11 фоизга ошириб, уни 30 миллиард долларга етказиш асосий мақсад сифатида белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид

2026 йилда уй-жой ипотекасига 23 трлн сўм ажратилади | Vaqt.uz