Кремл: Токи Украина Донбассни топширмас экан, уруш тугамайди
Москвадаги сўнгги музокаралар Украинадаги урушни якунлаш шартлари аслида анча қаттиқ экани ва асосий тўсиқ ҳудудий масала бўлиб қолаётганини кўрсатди.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, РФ президенти Владимир Путиннинг АҚШ делегацияси вакилларибилан бўлиб ўтган музокараларда Украинадаги урушни узоқ муддатли ҳал этиш ҳудудий масаласиз имконсиз эканини очиқ айтган.
Яъни, Донбасс бўйича қарор қабул қилинмас экан, Путин сиёсий-дипломатик йўл билан барқарор тинчликка эришиб бўлмаслигини таъкидлаган. Ушаковнинг таъкидлашича, Москва музокараларга тайёр, аммо ўз мақсадларидан воз кечмоқчи эмас ва зарурат туғилса, урушни майдонда давом эттиради.
«Анкориж формуласи»
Кремл Донбасс масаласини «Анкориж формуласи» асосида ҳал этишни таклиф қилмоқда. Бу формула 2025 йил август ойида Анкориж шаҳрида Путин ва Доналд Трамп ўртасида ўтган учрашувда муҳокама қилинган.
Ўшанда Москва Киевдан Россия назоратида бўлмаган Донбасс ҳудудларидан қўшинларни олиб чиқишни талаб қилган, аммо Украина бу шартни қатъий рад этган. Киев ва унинг европалик ҳамкорлари томонидан қўллаб-қувватлаган АҚШ тинчлик режасида ҳам айнан ҳудудий масала очиқ қолмоқда.
Янги музокаралар
Кремлдаги сўнгги музокаралар давомида АҚШ делегацияси Путинга Вашингтоннинг Киев ва Европа билан алоқалари ҳақида тўғридан тўғри маълумот етказган. Делегация таркибида махсус вакил Стив Уиткофф, Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва бошқа АҚШ расмийлари бўлган.
Томонлар 23–24 январ кунлари БАА пойтахти Абу Дабида Россия, АҚШ ва Украина иштирокида уч томонлама учрашув ўтказишга келишиб олишган.
Шу билан бирга, иқтисодий масалалар бўйича алоҳида гуруҳ музокаралар олиб боради. Унда АҚШда музлатилган Россия активларидан фойдаланиш ва Трамп ташаббуси билан тузилаётган «Тинчлик кенгаши» учун 1 млрд доллар бадал масаласи муҳокама қилинади.





