Logo

Кушербоев судда ютқазди, Қизилқум чўлида янги йирик кўл пайдо бўлди, Тошкент ҳокими аҳолига ҳисобот берди, «Свет», газ ва метан нархи ошди

Бугун 18:007 дақиқа

Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан VAQT.UZ дайжестида батафсил танишинг.

Кушербоев судда ютқазди

Бу ҳафтанинг энг шов-шувли ва кўп муҳокама қилинган масалаларидан бири Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маслаҳатчиси Расул Кушербоевнинг ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақд пул тўлови чекланиши бўйича киритган даъвоси бўлди. 3 июнь куни бўлиб ўтган суд қарорига кўра, унинг шикояти рад этилди.

Ушбу низо 2026 йил 1 апрелдан кучга кириши белгиланган президент фармони билан боғлиқ бўлиб, унга мувофиқ Ўзбекистонда бир қатор товар ва хизматлар, жумладан коммунал тўловлар, алоҳида турдаги маҳсулотлар савдоси, шунингдек, ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳам асосан нақдсиз тўлов тизимига ўтиш амалиёти жорий этилиши кўзда тутилган. Расмий изоҳларга кўра, бу қарор рақамли тўловлар улушини ошириш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ва молиявий тизимни замонавийлаштириш мақсадида қабул қилинган.

Кушербоев айрим АЁҚШларда нақд пул қабул қилиш чекланганини қонунга зид деб баҳолаб, судга мурожаат қилган эди. Суд жараёнида давлат идоралари ва ваколатли ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, мавжуд тартиблар қонуний ва иқтисодий жиҳатдан асосланганини билдиришди.

Шунга қарамай, ушбу қарор ижтимоий тармоқларда турли фикрларга сабаб бўлмоқда. Фуқароларнинг бир қисми нақдсиз тўлов тизимининг кенгайиши айрим соҳаларда, хусусан такси хизмати ва кундалик ҳисоб-китобларда қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини таъкидламоқда.

«Свет», газ ва метан нархи ошди

Тугаётган ҳафтанинг биринчи куни  Ўзбекистонда электр энергияси, табиий газ ва метан нархларининг ошиши билан бошланди. 1 июндан кучга кирган янги тарифларга кўра, аҳоли учун электр энергиясининг 200 кВт/соатгача бўлган қисми 600 сўмдан 650 сўмга, табиий газнинг лимит доирасидаги нархи эса 1000 сўмдан 1100 сўмга оширилди. Лимитдан юқори истеъмол учун қўлланадиган тарифлар ҳам ўзгарди.

Шунингдек, айрим ҳудудларда метан нархи 8,5–10 фоизгача кўтарилди. Хусусан, Фарғона водийси ва Тошкент шаҳридаги айрим шохобчаларда бир куб метр метан 5700–5750 сўмдан сотила бошлади. Энергетика вазирлиги бу ҳолатни энергия ресурслари тарифларининг оширилиши билан изоҳлади.

Нархлар ошиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Эътиборлиси, Энергетика вазирлиги мутасаддилари тарифлар оширилишини аҳолини энергиядан оқилона ва тежамкор фойдаланишга ундайдиган чора сифатида баҳоламоқда. Вазирлик вакили Элбек Саидовнинг таъкидлашича, қимматлашув орқали истеъмолчиларда кераксиз ёритиш ва ортиқча энергия сарфини камайтириш каби одатларни шакллантириш мақсад қилинган.

Тошкент ҳокими аҳолига ҳисобот берди

Бу ҳафта Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда қурилишлардаги чанг ва экологик меъёрларга риоя қилиш бўйича янги қатъий тартиблар жорий этилиши маълум қилинди.

Шунингдек, VAQT.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга мурожаат қилиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024-йил 21-октябр куни ўтказилган видеоселекторда дренаж тизими танқид қилингани, шундан сўнг 22-октябрда сув тошқинларига қарши қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 6 млрд сўм ажратилгани ҳамда 2026-йил 3-май куни Чорсу метро бекатида юз берган ҳолат ушбу ишларнинг самарадорлиги юзасидан саволлар уйғотаётгани ҳақида изоҳ сўради. Ҳоким бу йўналишда қўшимча ишлар олиб борилаётганини билдирди.

«Чорсуда сув тошганининг сабаби, у ерда давлатнинг айби бор, қарамаган. Мана ундан кейин яна ёмғир ёғди, нега сув тошмади? Нима деб ўйлайсиз? Чунки ариқни очиб қўйдик. Ариқ очиқ эди, ундан олдин ёмғир ёғганда тошмаган. Ариқни ёпиб қўйишди-да. Ариқни ёпиб қўйгандан кейин сув тошди. Яна очиб қўйдик, яна сув тизими ишлаб кетди», – деди шаҳар ҳокими.

Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри сув тизимини бошқарадиган марказ ташкил қилиш бўйича президентга таклиф киритганини айтди. Шунингдек, ҳоким яқинда шу масалада Хитойга бориб, 400 миллион долларга инвестиция жалб қилиш бўйича келишиб келганини қўшимча қилди.

Энергетика тизими ва қиш мавсумига тайёргарлик доирасида иссиқлик ва электр тармоқларини янгилаш, қувватни ошириш ва инфратузилмани модернизация қилиш ишлари давом этаётгани қайд этилди.

 «У шароитда яшаш мумкинлигига ҳеч ким ишонмайди» – Мирзиёев пахта терими йилларини эслади

Ортда қолаётган ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев совет давридаги пахта терими амалиёти ҳақидаги фикрлари билан жамоатчилик эътиборини тортди.

Маданият ва санъат ходимлари билан учрашувда давлат раҳбари мактаб йилларида ҳар йили қарийб 4,5 ой пахта теримига жалб қилинганини эслаб ўтди. Унинг айтишича, шу сабабли аттестатида 11 йиллик таълим қайд этилган бўлса-да, амалда мактабда ўтказган вақти тахминан 7 йилга тўғри келган.

Президент Зомин туманида улғайгани, бу ҳудуд пахтачилик билан боғлиқ бўлмаса ҳам, ўқувчиларни юзлаб километр узоқликдаги пахта далаларига олиб боришганини таъкидлади. Мирзиёевнинг қайд этишича, бугунги кунда кўпчилик ўша даврдаги яшаш ва меҳнат шароитларини тасаввур қилиши қийин.

Давлат раҳбарининг бу чиқиши совет даврида ўқувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ва унинг таълим жараёнига таъсири ҳақидаги муҳокамаларни яна кун тартибига олиб чиқди.

Қизилқум чўлида янги йирик кўл пайдо бўлди

Бухоро вилояти Пешку тумани, Газли шаҳарчаси шимолида жойлашган «Шўрбулоқ» майдонида охирги ярим йилда меъёрдан уч баравар кўп ёғингарчилик кузатилди. Натижада илгари сувсиз ҳисобланган ҳудудда катта кўл шаклланди.

Экологик партия матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда сув ҳавзасининг умумий майдони тахминан 80 квадрат километрни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ҳудуддаги йирик сув омборлари билан қиёсланади.

Мутахассислар таъкидлашича, кўлнинг пайдо бўлишига фақат ёғингарчилик эмас, балки гидротехник ишлар ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида қазилган каналлар ва сизот сувларнинг йўналтирилиши, шунингдек 126 километрлик коллектор тизими орқали сув оқими муҳим омил бўлган.

Ўзбекистонда гўшт нархи ўсишда давом этмоқда

Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари нархи сўнгги ҳафталарда босқичма-босқич ўсишда давом этмоқда. Марказий банкнинг narxtahlil.uz маълумотларига кўра, 20–26 май кунлари мамлакат бўйича мол гўшти ўртача 121 040 сўмдан 121 762 сўмгача қимматлашиб, 0,6 фоизлик ўсишни кўрсатган. Қўй гўшти нархи ҳам 132 379 сўмдан 132 880 сўмгача кўтарилган. Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Сурхондарё вилоятида қайд этилган бўлиб, мол гўшти нархи 1,75 фоизга ошган, Қорақалпоғистонда эса қўй гўшти 1,31 фоизга қимматлашган.

Тошкентдаги “Эски жува” бозорида мол гўштининг улгуржи нархи 75 мингдан 106 минг сўмгача, қўй гўшти эса 90 мингдан 130 минг сўмгача шаклланган. Супермаркетларда эса гўшт турига қараб нархлар 125 990 сўмдан 205 990 сўмгача етиб бормоқда.

Марказий Осиё давлатлари билан таққослаганда, Ўзбекистон гўшт нархлари нисбатан юқори экани кузатилмоқда: Қозоғистонда мол гўшти ўртача 91 минг сўм атрофида, Қирғизистонда 107 минг сўмга яқин, Тожикистонда эса 120–132 минг сўм оралиғида шаклланган.

Ўзбекистондаги АЭС қурилишига расман старт берилди

Якунланаётган ҳафтанинг энг муҳим иқтисодий воқеаларидан бири Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилиши ишларига расман старт берилгани бўлди.

Лойиҳага старт бериш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин иштирок этди. Телекўприк орқали Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэл Гросси ҳам маросимга қўшилди. Давлат раҳбари мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаётган халқаро ҳамкорлар ҳамда қурилишда иштирок этаётган мутахассисларга миннатдорлик билдирди.

Расмийларга кўра, атом электр станцияси лойиҳаси мамлакатнинг технологик ва саноат ривожида янги босқични бошлаб бериши, шунингдек, Ўзбекистонда атом энергетикаси соҳасига асос солиши кутилмоқда. Лойиҳада кичик модулли реакторлар ва замонавий энергетика технологияларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Мутахассислар фикрича, станция келажакда мамлакатнинг ўсиб бораётган электр энергияси эҳтиёжини қоплаш ва энергетика манбаларини диверсификация қилишда муҳим ўрин тутади.

Май ойида сўм долларга нисбатан 0,5 фоизга қадрсизланди

Апрел ойида қисқа муддатли мустаҳкамланиш кузатилганидан сўнг, май ойида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан яна босим остида қолди ва ой давомида 0,5 фоизга қадрсизланди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, бу апрелда кузатилган қарийб 2 фоизлик мустаҳкамланишдан кейинги тескари динамика ҳисобланади.

Таҳлилларда қайд этилишича, май ойида долларнинг кучайиши фақат сўмга эмас, балки жаҳоннинг кўплаб валюталарига ҳам таъсир қилган. Масалан, Қозоғистон тенгеси долларга нисбатан 5 фоизга қадрсизланган бўлса, Россия рубли аксинча 5,1 фоизга мустаҳкамланган. Йирик валюталардан евро ва фунт стерлинг 0,5–1,4 фоиз оралиғида арзонлашган.

Шу билан бирга, ой давомида сўмнинг кунлик тебраниш даражаси 0,31 фоизни ташкил этиб, апрелга нисбатан ошган, аммо 2025 йилнинг мос даврига қараганда барибир пастроқ волатиллик сақланган.

2018 йилдан кейин қурилган ноқонуний уйлар тақдири қандай бўлади?

Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларда 2018-йилгача ва 2018-йилдан кейин қурилган уйларнинг ҳуқуқий тақдири масаласи долзарб мавзулардан бири. Бу ҳафта “Vaqt.uz” айнан шу мавзуда Давлат кадастрлари палатаси раисининг биринчи ўринбосари Нозим Иномовга мурожаат қилиб, расмий изоҳ олди.

Унга кўра, 2018 йилнинг 1 май санасигача ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар учун кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилади. Аммо, 1 майдан кейин ноқонуний қурилган турар жойлар учун кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмайди ва уларга ҳуқуқий асос берилмайди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда аҳоли сони ортиб бораётган бўлса-да, ер майдони кенгаймаяпти, шунинг учун мавжуд ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарур. Шу билан бирга, аввал ҳам ноқонуний қурилмаларни легаллаштириш бўйича бир неча маротаба амалиётлар ўтказилган.

Бироқ, 2018 йилдан кейин қурилган бинолар бўйича бундай ёндашув қўлланилмайди. Расмийларга кўра, аниқ муддатсиз янги “имтиёзлар” бериш ноқонуний қурилишларни кўпайишига олиб келиши мумкин.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 50

Барчаси

Мавзуга оид