
Лукашенко Ўмонга келиб «ғойиб бўлди»: расмийлар жим турибди
Беларус президенти Александр Лукашенконинг Ўмонга ташрифи сирга айланди — маҳаллий ОАВ ташрифни умуман ёритмади, Белорус пропагандаси ҳам унинг қаердалигини аниқ айтмай турибди.

Беларус президенти Александр Лукашенко Ўмонга етиб келганидан кейин кутилмаганда «радарлардан ғойиб» бўлди. Ташриф ҳақидаги биринчи ва ягона хабар 28 ноябр куни Лукашенко матбуот хизматиники деб аталаётган норасмий канал томонидан берилди. Шу вақтдан бери Ўмон томони ҳам, беларус расмий ОАВлари ҳам унинг ташрифига оид ҳеч қандай маълумот эълон қилмади.
Маълумотларга кўра, Масқатда Лукашенкони Ўмон Инвестиция агентлиги раҳбари Абдуссалом ал-Муршидий кутиб олган. Бироқ агентликнинг расмий ресурлари, Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги ва султонлик девони бу учрашув ҳақида ҳеч қандай хабар бермаган. Бундай даражадаги ташрифда одатда расмий ахборот эълон қилинади, аммо бу сафар вазият бутунлай бошқача кўриниш олди.
Ўмоннинг етакчи ОАВлари — Oman News Agency, Al Watan, Times of Oman, Oman Daily Observer, Muscat Daily ва бошқа нашрлар ҳам Лукашенко ташрифи ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Белорус пропагандаси эса 29 ноябр куни учта хабар тарқатди, аммо уларнинг бирортаси президентнинг Ўмон ташрифига оид эмас. Бу ҳолат айниқса ажабланарли, чунки ташриф олдидан Лукашенко Минскда султон Ҳайсам бин Ториқ билан «амалдаги келишувларни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш» ниятини билдирган эди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Лукашенконинг кутилмаганда «ғойиб бўлиши» бир қатор саволларни очиқ қолдирмоқда. Сиёсий фаоллар буни белорус режими атрофидаги изоляциянинг яна бир белгилари сифатида баҳолаётгани ҳам йўқ эмас.
Шуни таъкидлаш керакки, 2022 йилда Россия Украинага кенг кўламли босқин уюштирганидан буён Лукашенко режими Москва агрессиясини очиқ қўллаб-қувватлаб келади. Беларус ҳудуди Россия қўшинлари учун плацдарм сифатида ишлатилган ва ишлатилмоқда.





