Маиший газ баллонларини «заправка»ларда тўлдирганлик учун жарима жорий этилди
Ўзбекистонда автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший газ баллонларини тўлдирганлик ҳамда савдо марказлари эгалари томонидан ёнғиндан мажбурий суғуртани расмийлаштирмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди.
© yadex mapsМаъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун янги жарималар киритилди. Тегишли ўзгаришлар 2026-йил 2-ноябрдаги 1186-сон қонун билан белгиланган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Янги қонунга мувофиқ, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга суюлтирилган газни маиший газ баллонларига қуйиб бериш учун жарима жорий этилди. Бу қоидабузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 бараваридан 5 бараваригача, яъни 1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача жарима солинади.
Шунингдек, бозорлар, савдо мажмуалари ва савдо-кўнгилочар марказлар эгалари ёнғин туфайли учинчи шахслар ҳаёти ва соғлиғига етказиладиган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини ҳамда объектни ёнғиндан мажбурий суғурта қилмаган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача (22 млн сўмдан 33 млн сўмгача) миқдорда жарима солинади.
Мансабдорларнинг ноқонуний аралашуви ва ёнғин аудити
Қонунга кўра, мансабдор шахс ер ажратиш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ёки қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида ваколатли орган ва хулоса берувчиларнинг ишига ўз ваколатидан фойдаланиб ноқонуний аралашса, унга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (44 млн сўмдан 66 миллион сўмгача) миқдорда жарима солинади ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Бундан ташқари, ёнғин аудитини ўтказиш талаблари бузилган бўлса, фуқаролар БҲМнинг 15 баравари (6,6 млн сўм), мансабдор шахслар эса 30 баравари (13,2 млн сўм) миқдорида жаримага тортилади.
Маълумот учун, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўмни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 15-ноябрдан аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархи оширилади.





