Марказий Осиёда ўзаро савдо: давлатлар қандай кўрсаткич қайд этди?

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми йил бошидан буён 29 фоизга ўсиб, 3,2 млрд долларга етди. Савдонинг асосий қисми ҳануз Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келмоқда.

Марказий Осиёда ўзаро савдо: давлатлар қандай кўрсаткич қайд этди?

2026 йилнинг биринчи чорагида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо алоқалари сезиларли фаоллашди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, минтақа мамлакатларининг ўзаро савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга ошиб, 3,2 млрд долларни ташкил этди.

Минтақанинг деярли барча мамлакатлари (Қирғизистондан ташқари) Марказий Осиё давлатларига етказиб бериш ҳажмини сезиларли оширди. Хусусан, Қозоғистон экспорти 30 фоизга, Тожикистонники 36 фоизга, Туркманистоники 79 фоизга, Ўзбекистонники эса 19 фоизга кўпайди.

1

Давлатлар кесимида экспорт улуши ва ўсиш динамикаси жадвали

Бундай динамика глобал иқтисодий ноаниқликлар кучайган шароитда минтақавий бозор Марказий Осиё мамлакатлари учун тобора кучаяётганини кўрсатмоқда. Натижада ички бозорлар ташқи савдо фаоллигини қўллаб-қувватлайдиган асосий омиллардан бирига айланмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари умумий ўзаро экспортининг 60,2 фоизи Қозоғистон, 20,1 фоизи Ўзбекистон, 11,8 фоизи Туркманистон, 5,5 фоизи Қирғизистон ва 2,4 фоизи Тожикистон ҳиссасига тўғри келди. Шундан келиб чиқиб, минтақавий савдонинг 80 фоиздан ортиғи Марказий Осиёнинг икки йирик иқтисодиёти — Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасида шаклланмоқда.

Шу билан бирга, савдо балансларидаги сезиларли номутаносиблик сақланиб қолмоқда. Қозоғистон қўшни давлатлар билан савдода барқарор экспорт устунлигига эга. Ўзбекистон минтақа билан савдони оширмоқда, бироқ ўсиш асосан Қозоғистон ва Туркманистондан импортнинг кўпайиши ҳисобига таъминланган. Қирғизистон ва Тожикистон эса қўшни мамлакатларга экспортдан кўра кўпроқ минтақавий импортга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Умуман олганда, Марказий Осиёнинг ички савдоси ўсиб бормоқда. Лекин савдонинг асосий қисми асосан иккита йирик давлат (Қозоғистон ва Ўзбекистон) ўртасида бўляпти, шунингдек, кимдир асосан сотса, кимдир фақат сотиб олмоқда.

Давлатлар бўйича тенденция қандай?

2

Манба: Review.uz

Қозоғистон минтақанинг асосий савдо маркази бўлиб қолмоқда

2026-йилнинг биринчи чорагида Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 28,1 фоизга ошиб, 2,4 млрд долларга етди. Шундан 1,9 млрд доллар экспорт, 463 млн доллар эса импорт ҳиссасига тўғри келади.

Қозоғистон минтақадаги асосий экспорт қилувчи мамлакат бўлиб, минтақавий бозорлар унинг муҳим савдо йўналишларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё Қозоғистон экспортининг 10,6 фоизини, импортининг эса 3,1 фоизини ташкил этмоқда.

Қозоғистоннинг минтақадаги энг йирик савдо ҳамкори Ўзбекистон бўлиб қолмоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 34,9 фоизга ошиб, 1,3 млрд долларга етди. Бу Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан умумий савдосининг 56,3 фоизига тенг.

Шунингдек, Қирғизистон билан савдо ҳажми 18,2 фоизга ошиб 550 млн долларни, Тожикистон билан 23,3 фоизга ошиб 361 млн долларни, Туркманистон билан эса 20,6 фоизга ошиб 125 млн долларни ташкил этди.

Қирғизистон ўсишни асосан импорт ҳисобига таъминлади

Қирғизистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 10,4 фоизга ошиб, 643 млн долларга етди. Бироқ ўсиш асосан импортнинг кўпайиши ҳисобига юз берди.

Минтақа давлатларидан импорт 17,8 фоизга ошиб, 469 млн долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Қирғизистоннинг минтақага экспорти 5,7 фоизга камайиб, 174 млн долларгача тушди.

Марказий Осиё Қирғизистон учун муҳим экспорт бозори ҳисобланади. Мамлакат умумий экспортининг 36,1 фоизи минтақа давлатларига тўғри келади. Импортда бу кўрсаткич 16,3 фоиз, умумий ташқи савдода эса 19,2 фоизни ташкил этади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлиб қолмоқда. Қозоғистон билан савдо ҳажми 396 млн долларни (61,5 фоиз), Ўзбекистон билан эса 220 млн долларни (34,2 фоиз) ташкил этди. Ўзбекистон билан савдо бир йил ичида 21 фоизга ўсган.

Туркманистон билан савдо ҳажми 20,8 фоизга қисқариб, 15 млн долларгача камайди.

Шунингдек, муносабатлардаги инқироз юмшаганидан сўнг Тожикистон билан савдони кўпайтириш тенденцияси давом этаётганини таъкидлаш лозим. Биринчи чоракда товар айирбошлаш 29 баравар ошди, бироқ ҳажмлар ҳозирча нисбатан кичиклигича қолмоқда — 13 млн доллар.

Тожикистон импортга қарам бўлиб қолмоқда

2026-йилнинг биринчи чорагида Тожикистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажми 26,6 фоизга ошиб, 535,4 млн долларга етди.

Бунда минтақа давлатларидан импорт 459 млн долларни, экспорт эса атиги 76 млн долларни ташкил этди. Марказий Осиёнинг Тожикистон ташқи савдосидаги улуши 20 фоизга, импортдаги улуши 21,3 фоизга, экспортдаги улуши эса 14,8 фоизга етди.

Тожикистоннинг асосий минтақавий ҳамкори Қозоғистон бўлиб қолмоқда. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 34,2 фоизга ошиб, 370 млн долларга етди. Бу Тожикистоннинг минтақа билан умумий савдосининг қарийб 69 фоизига тенг.

Ўзбекистон билан савдо ҳажми 3,2 фоизга ошиб, 145 млн долларни ташкил этди. Қирғизистон ва Туркманистон билан савдо ҳажмлари эса нисбатан кичиклигича қолмоқда.

Туркманистон экспорт бўйича энг юқори ўсишни қайд этди

Икки томонлама савдо маълумотларига кўра, Туркманистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти 78,5 фоизга ошиб, 374 млн долларга етди. Бу минтақадаги энг юқори ўсиш суръати бўлди.

Айниқса, Ўзбекистон билан савдо сезиларли даражада кенгайди. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки бараварга ошиб, 357 млн долларга етди. Шундан 313 млн доллари Ўзбекистоннинг Туркманистондан импорти ҳиссасига тўғри келади.

Туркманистоннинг Қозоғистон билан савдоси ҳам 20,6 фоизга ошиб, 125 млн долларни ташкил этди. Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо ҳажмлари эса чекланганлигича қолмоқда.

Ўзбекистон савдоси 2,1 млрд долларга етди

2026-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 38 фоизга ошиб, 2,1 млрд долларга етди.

Бироқ савдо ҳажмидаги ўсиш асосан импортнинг кенгайиши ҳисобига юз берди. Импорт 48,5 фоизга ошиб 1,4 млрд долларга етган бўлса, экспорт 19 фоизга кўпайиб 638 млн долларни ташкил этди.

Марказий Осиё давлатларининг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 11,5 фоизни ташкил этди. Импортда бу кўрсаткич 11,8 фоиз, экспортда эса 11 фоиз бўлди.

3

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси жадвали

Мамлакатлар кесимида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан савдо ҳажмини оширди. Энг йирик ҳамкор Қозоғистон бўлиб, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 27 фоизга ўсиб, 1,3 млрд долларга етди. Бу Ўзбекистоннинг минтақа билан умумий савдо айланмасининг 63 фоизига тенг. Шундан Қозоғистондан импорт 1 млрд долларни, экспорт эса 283 млн долларни ташкил этди.

Иккинчи йирик савдо йўналиши Туркманистон бўлди. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 98 фоизга ошиб, 357 млн долларга етди. Қирғизистон билан товар айирбошлаш ҳажми 43 фоизга ўсиб 222 млн долларни, Тожикистон билан эса 32 фоизга ўсиб 189 млн долларни ташкил этди.

Минтақавий савдо ўсмоқда, аммо мувозанат ҳали шаклланмаган

2026-йилнинг биринчи чораги натижалари Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо алоқалари мустаҳкамланаётганини кўрсатди. Ташқи бозорлардаги ноаниқликларга қарамай, минтақа ичидаги савдо ҳажмлари ўсишда давом этмоқда.

Бироқ минтақавий савдо ҳануз бир нечта йирик иқтисодиётлар атрофида шаклланмоқда. Қозоғистон қўшни давлатлар учун асосий экспортчи ва энг йирик етказиб берувчи бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон йирик импорт бозори ва айрим йўналишларда фаол экспортчи сифатида ажралиб турибди. Туркманистон эса, аввало, Ўзбекистонга экспорт ҳажмининг кескин ошиши ҳисобига минтақадаги ролини кучайтирди.

Қирғизистон ва Тожикистон эса минтақавий импортга нисбатан кўпроқ қарам бўлиб қолмоқда ҳамда савдо алоқаларининг катта қисмини Қозоғистон ва Ўзбекистон билан амалга оширмоқда.

Умуман олганда, 2026-йилнинг биринчи чорагида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми ошди. Шунга қарамай, минтақадаги савдо алоқалари ҳали ҳам бир текис ривожланмаяпти. Айрим давлатлар экспортда фаол бўлса, бошқалари кўпроқ импортга таянмоқда. 

Мутахассис фикрича, савдони янада ривожлантириш учун қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш, транспорт ва логистика муаммоларини камайтириш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 142

Барчаси

Мавзуга оид