
Mobiuz'ни сотиб олиш учун финал босқичида 10 та компания рақобатлашади
Сотиб олишга қизиқиш билдирган 16 та компаниядан 10 таси сўнгги босқичга ўтди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Universal Mobile Systems (Mobiuz) мобил операторини сотиб олиш бўйича 10 та компаниядан мажбурий бўлмаган таклифларни қабул қилганини маълум қилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йил июн ойида Mobiuz'нинг 100 фоиз улушини сотиш бўйича очиқ савдолар бошланган эди. Савдо жараёнларига халқаро молиявий маслаҳатчи сифатида Rothschild & Co ва KPMG жалб қилинган. Улар дастлабки босқичда АҚШ, Европа, Яқин Шарқ, Кавказорти ва Марказий Осиё мамлакатларидан 15 та компаниядан қизиқиш билдириш (EoI) аризаларини қабул қилган. Кейинроқ яна бир хорижий инвестор ҳам жараёнга қўшилган эди.
Жами 16 номзоддан 10 таси белгиланган муддат — 15 октябрга қадар ўз таклифларини йўллаган ва улар навбатдаги босқич — мажбурий таклифлар (БО) тайёрлаш жараёнига ўтган.
Таклифлар 19 декабр соат 23:59 гача «E-auksion» электрон платформаси орқали қабул қилинади. Инвесторлар Mobiuz фаолияти ҳақидаги молия ва ҳуқуқий маълумотлар билан танишиш учун виртуал маълумотлар ҳужрасига ки имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати компанияни тахминан 300 миллион долларга сотиш режалаштиргани ҳақида хабар берган эдик.





