Logo

Нархлар осмонга сапчимоқда: Эрон билан уруш оддий америкаликларнинг чўнтагига қандай зарба берди?

Эрон билан узоқ давом этаётган можаро оддий америкаликлар учун кутилмаган ва оғир иқтисодий зарба бўлди. Оилаларнинг кундалик харажатлари шиддат билан ортиб бормоқда. Хусусан, бензин, озиқ-овқат ва авиачипталар нархи кескин кўтарилиб кетди.

Нархлар осмонга сапчимоқда: Эрон билан уруш оддий америкаликларнинг чўнтагига қандай зарба берди? © natemat.pl

Қимматга тушган занжирли реакция

Браун университети қошидаги Уотсон Халқаро ва жамоатчилик билан алоқалар мактабининг ҳисоб-китобларига кўра, Эрон билан эҳтимолий уруш Америка иқтисодиётига 41,5 миллиард доллар зарар келтирган. Бошқача қилиб айтганда, АҚШдаги ҳар бир оила ўртача 316 доллардан йўқотган.

Экспертларнинг таъкидлашича, америкаликлар том маънода «молиявий стрессга ботиб қолган». Бунга озиқ-овқат, турли маҳсулот ва хизматлар нархининг шиддат билан ошиб кетиши сабаб бўлмоқда.

Инфляциянинг бу қадар тезлашишига асосий сабаб эса — нефт нархининг қимматлашганидир. Ҳўрмуз бўғозининг қамал қилиниши фонида нефт котировкалари кескин кўтарилди. Яқин Шарқдаги можарога қадар ушбу бўғоз орқали жаҳондаги нефт ва табиий газ таъминотининг қарийб бешдан бир қисми ўтар эди. Бундай ҳаётий муҳим сув йўлининг ёпилиши жаҳон бозорини арзон нархларни ушлаб турган барқарорлик захирасидан маҳрум қилди.

«Қора олтин» ортидан бензин нархи ҳам ҳамма жойда кўтарилиб кетди. Доналд Трамп сайловолди ваъдаларини ёғдираётган бир пайтда, Америка ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги нархлар психологик чегарадан ҳам ошди.

Америка автомобил ассоциацияси (AAA) хабарига кўра, 17 май куни АҚШда ёқилғи нархи бир галлон учун 4,51 долларгача кўтарилган. Бу «Катта еттилик» (G7) мамлакатлари орасидаги энг кескин ўсиш кўрсаткичидир. Энг қиммат бензин Калифорнияда қайд этилди — бир галлонига 6,16 доллар. Таққослаш учун: Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан аввал мамлакат бўйича ўртача нарх бир галлон учун 2,98 долларни ташкил этар эди.

Дизел ёқилғиси ҳам ундан қолишмаяпти — галлонига 5,65 доллар.

Божлардан тортиб бўғоз қамалигача

Айни пайтда америкаликларнинг кундалик харажатлари фақатгина бензиннинг қимматлашиши билан чекланиб қолмаяпти.

«Ёқилғи нархининг кўтарилиши логистика ва таъминот занжирларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Транспорт харажатларининг ортиши эса озиқ-овқатдан тортиб саноат маҳсулотларигача бўлган барча товарларнинг якуний нархида муқаррар акс этади. Айниқса, хомашё ёки бутловчи қисмлар импортига қаттиқ қарам бўлган тармоқлар кўпроқ зарар кўрмоқда. Таъминотдаги ҳар қандай узилиш ёки ташиш хизматларининг қимматлашиши дарҳол маҳсулот нархи ошишига олиб келади», — дейди «AMarkets» таҳлилчиси Игор Расторгуев «TRT» нашрига.

Шунингдек, Ҳўрмуз бўғозининг қамал қилиниши кенг кўламли товарлар тақчиллигини ҳам келтириб чиқарди. Масалан, дунёдаги минерал ўғитларнинг қарийб учдан бир қисми айнан Басра кўрфази минтақасида ишлаб чиқарилади. Ҳозир улар жаҳон бозорига чиқа олмаяпти, ишлаб чиқариш ҳажмининг бир қисми эса умуман тўхтатилган. Бу эса ўз навбатида ўғитлар нархининг ошишига олиб келди ва ушбу ҳолат энг аввало жаҳонда дон етиштириш соҳасига жиддий зарба бермоқда.

Ҳўрмуз бўғози ёпилишининг оқибатлари Америка дўконлари пештахталарида аллақачон сезилмоқда. «Озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 5–10 фоизга қимматлашди», — дейди эксперт.

Дарвоқе, АҚШда инфляция Эрон билан эҳтимолий урушдан олдинроқ тезлашиб кетган эди. Бунга Доналд Трампнинг кескин савдо божлари ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Яқин Шарқдаги можаро эса шунчаки вазиятни янада оғирлаштирди, холос.

«Бензин ва ички авиапарвозлар сезиларли даражада қимматлашди. Бизга бунинг сабабини Эрон билан боғлиқ вазият билан изоҳлашяпти. Ваҳоланки, бунгача АҚШда барча ишлаб чиқариш маҳаллий экани ва импортга тобе эмаслиги уқтирилар эди. Бошқа товарлар эса одатдагидек қимматлашишда давом этяпти», — дейди хюстонлик фуқаро нашр суҳбатда.

Одатдагидек, озиқ-овқат нархлари ортидан хизматлар ҳам қимматлашди. Хусусан, апрел ойида хизматлар кетма-кет учинчи ой 0,3 фоизга ўсган бўлса, уй-жой ва коммунал хизматлар нархи 0,6 фоизга ошди.

Шиддат билан ўсаётган инфляция оддий америкаликларни ўз жамғармаларига қўл уришга мажбур қилмоқда. Апрел ойида аҳолининг маблағ жамғариш даражаси 2,6 фоизгача тушиб кетди. Бу 2022 йилнинг июнидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир (март ойида бу рақам 3,2 фоизни ташкил этган эди).

Бундан ташқари, инфляцияни ҳисобга олганда, Америка оилаларининг реал даромадлари яна 0,5 фоизга камайди.

Экспертларнинг таъкидлашича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро чўзилиб, Ҳўрмуз бўғози орқали транзит тикланмаса, нефт нархи муттасил ўсишда давом этади.

«Қора олтин баҳосининг ҳар 10 долларга қимматлашиши умумий истеъмол нархлари индексига 0,4 фоиз пунктини қўшиши мумкин. Шу сабабли бир галлон бензиннинг 4,5 доллардан, дизел ёқилғисининг эса 5,65 доллардан ошиб кетиши мутлақо реал ҳолатдек кўринмоқда», — деб ҳисоблайди Расторгуев.

Экспертнинг тушунтиришича, Яқин Шарқдаги геосиёсий беқарорлик энергетика бозорларида катта ноаниқликни юзага келтирмоқда. Инвесторлар нефт нархига эҳтимолий хавф-хатарлар учун устама қўшмоқда ва бу бозордаги тебранишларни (волатилликни) янада кучайтиряпти.

Айни пайтда Қўшма Штатларнинг ўзида ҳам ёқилғи захиралари тобора камайиб бормоқда. «Morgan Stanley» ҳисоб-китобларига кўра, август ойининг охирига бориб АҚШда бензин захираси 200 миллион баррелгача тушиб кетиши мумкин. Бу эса нархларнинг янада кўтарилишига туртки бермоқда.

Бу жараёнда ички муаммолар ҳам муҳим рол ўйнаяпти. Масалан, АҚШдаги нефтни қайта ишлаш заводларида кузатилаётган узилишлар ёқилғи таклифини чеклаб, унинг янада қимматлашишига сабаб бўляпти.

Ёз фаслида бунга мавсумий омиллар ҳам қўшилади. Одатда, автомобилда саёҳат қилувчилар кўпайиши ҳисобига бензинга бўлган талаб ортади ва бу ўз-ўзидан нархларнинг кўтарилишига олиб келади.

Бундан ташқари, Эрон билан можарога сарфланаётган ҳарбий харажатлар Америка бюджети тақчиллигини оширмоқда. Бу эса занжирли реакцияни ишга тушириб, давлат қарзининг ўсишига олиб келади ва АҚШ иқтисодиётига қўшимча босим яратади.

Бироқ, инфляцияни жиловлаб туришга қодир омиллар ҳам йўқ эмас. Масалан, нефтнинг юқори нархи узоқ муддатда АҚШда сланецли нефт қазиб олишни рентабелли қилиши мумкин. Шу тариқа ички бозорда таклиф ортади ва вазият барқарорлашади. Қолаверса, Федерал захира тизими ҳам ўзининг самарали сиёсати орқали нархлар ўсишини чеклаш салоҳиятига эга.

Энг асосийси, Яқин Шарқдаги можаронинг тезроқ ҳал этилиши ва Ҳўрмуз бўғози орқали транзитнинг қайта тикланиши нархларга бўлаётган босимни сезиларли даражада юмшатади. 

Теглар

Мавзуга оид