
Ниҳоят мустақил бўлган экологлар, Ўзбекистон U17 билан хайрлашган Исмоилов ва кўп мол гўшти истеъмол қилаётган Ўзбекистон — 19 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Экология вазирлиги Вазирлар Маҳкамасидан мустақил қўмитага айлантирилди
Президент фармонига мувофиқ, Экология вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси таркибидан чиқарилиб, унинг ўрнида мустақил Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Янгидан ташкил этилган қўмита Президентга бевосита ҳисобдор бўлади ва «Яшил макон», «Тоза ҳаво», «Чиқиндидан ҳоли ҳудуд», «Эко-маданият», «Био мерос» каби йирик экологик дастурларни амалга ошириш, ўрмонлар майдонини кенгайтириш, ҳаво сифати ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби вазифаларни бир марказдан мувофиқлаштиради. Шунингдек, Туризм қўмитаси ҳам вазирлик таркибидан ажралиб, алоҳида орган сифатида фаолият юритади. Қўмита ҳузурида маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида «Эколойиҳалар фабрикаси» очилиши белгиланган.
Президентнинг кейинги қарори билан туман ва шаҳар экология бўлимларини ҳокимлик тузилмасига ўтказиш режаси бекор қилинди. Улар маҳаллий ижро органларидан мустақил ҳолда ишлайди ва фақат Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади. Бу эконазоратни кучайтириш, манфаатлар тобе бўлиб қолишининг олдини олиш ва соҳадаги шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилди.
«Бу – халқаро амалиёт»: Ҳокимлик бозорларда тасвирга олиш пулли бўлиши бўйича тушунтириш берди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бозорларда видеотасвирга олиш учун жорий этилган 5 млн сўмлик тўлов фақат тижорат мақсадида пул топадиган контент яратувчиларга тааллуқли эканини тушунтирди. Оддий харидорлар, сайёҳлар, талабалар, блогга шахсий видеолар ёзадиганлар ва расмий журналистлар учун ҳеч қандай чеклов ёки тўлов йўқлиги айтилди.
Ҳокимликка кўра, тўлов фақат реклама, интеграция, клип, сериал, ҳужжатли фильм, тижорат роликлари суратга оладиган йирик блогерлар ва студияларга татбиқ этилади. Бу амалиёт Истанбул, Париж каби йирик шаҳарларда ҳам қўлланилади. Расмий йиғилган маблағлар бозор инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилиши, «шахсий манфаат» ёки «чўнтак схемалари» бўлиши мумкин эмаслиги таъкидланган.
Исломбек Исмоилов Ўзбекистон U17 билан хайрлашди
Исломбек Исмоилов жаҳон чемпионати 1/8 финалида Италияга 2:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Ўзбекистон U17 термаси билан уч йиллик фаолиятини якунлаганини маълум қилди. У Facebook орқали мухлисларга мурожаат қилиб, бу йиллар давомидаги меҳнат, ғалабалар ва мағлубиятлар жамоа билан биргаликда кечганини, бу вазифани шараф ва масъулият деб билганини таъкидлади. Исмоилов Осиё чемпионлигини ушбу авлод жасорати ва меҳнатининг натижаси сифатида эътироф этди.
Мураббий танловларда адолат ва ҳалолликка амал қилганини, терма жамоага чақириқлар фақат меҳнат ва муносиблик асосида берилганини қайд этди. У мухлисларга, раҳбариятга ва жамоага миннатдорлик билдириб, бу ҳолатни якун эмас, балки ўзининг янги босқичи бошланиши сифатида баҳолади.
Ўзбекистон 2030 йилгача ўртачадан юқори даромадли давлатлар сафига киради
Жамшид Қўчқоров маълумотига кўра, Ўзбекистон узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар туфайли 2030 йилдан аввалроқ «ўртачадан юқори даромадли давлатлар» қаторига кириши мумкин. 2025 йилда ЯИМ 140 млрд доллардан ошиши, аҳоли жон бошига ЯИМ 3700 долларни ташкил этиши кутилмоқда. Агар ҳозирги ўсиш суръати сақланса, 200 млрд долларлик ЯИМ кўрсаткичига 2030 йил эмас, балки 2026 йилдаёқ етиб бориш эҳтимоли маълум қилинди.
Вазирга кўра, инфляция 8 фоизга тушган ва йил якунигача яна пастлашади, 2026 йилда эса 7 фоиздан кам бўлиши режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларидаги имижи яхшиланиб, Fitch рейтинглари «BB-»дан «BB»га кўтарилгани, Moody’s ва S&P томонидан «ижобий» прогноз берилгани таъкидланди.
Ўзбекистон жаҳонда энг кўп мол гўшти истеъмол қилаётган давлатлар орасида
Ўзбекистонда аҳоли жон бошига мол гўшти истеъмоли 30,8 кгни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич мамлакатни жаҳон рейтингида юқори ўринларга чиқариб турибди. БМТ FAO маълумотларига кўра, мол гўшти ейиш бўйича Аргентина (46 кг) ва Зимбабве (44,4 кг) етакчи бўлса, Ўзбекистон Бразилия ва Исроилдан кейинги ўринларда қайд этилган. Марказий Осиёда ҳам Ўзбекистон мол гўшти истеъмоли бўйича биринчи ўринда, ундан кейин Туркманистон (25,1 кг), Тожикистон (24,9 кг) ва Қозоғистон (24,8 кг) жойлашган.
Умумий гўшт истеъмолида Ўзбекистоннинг кўрсаткичи 42,4 кг бўлиб, минтақада Қозоғистон ва Туркманистондан кейин учинчи ўринда. Товуқ гўшти бўйича мамлакатда истеъмол жуда паст — 6,38 кг (Қозоғистонда 21,8 кг), қўй ва эчки гўшт бўйича эса 4,8 кг билан Марказий Осиёда энг паст кўрсаткич қайд этилган. Мутахассислар бу тафовутларни мамлакатларнинг иқтисодий имкониятлари, иқлим шароити ва тарихий овқатланиш анъаналари билан боғлашмоқда.





