Logo

ОТП Банк «Ипотекабанк»нинг қолган 17,5 фоиз давлат улушини сотиб олади

Бугун 17:021 дақиқа

2023-йил июн ойида Венгриянинг ОТП Банки «Ипотекабанк»даги давлат улушининг 73,71 фоизини 324 млн долларга сотиб олиш битимини якунлаганди.

ОТП Банк «Ипотекабанк»нинг қолган 17,5 фоиз давлат улушини сотиб олади

Венгриянинг ОТП Банки билан «Ипотекабанк» устав капиталидаги давлатга тегишли қолган 17,5 фоиз улушни сотиб олишга келишилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, сўнгги тўрт йилда банкнинг молиявий кўрсаткичлари ва мамлакатдаги иқтисодий шароитлар сезиларли яхшилангани сабабли дастлабки шартноманинг айрим бандлари қайта кўриб чиқилган.

Натижада томонлар қўшимча битим имзолаб, хусусийлаштиришнинг иккинчи босқичини қисқа муддатда якунлашга келишиб олган.

Қайд этилишича, 2022-йилда томонлар банкни икки босқичда хусусийлаштириш бўйича олди-сотди шартномасини имзолаган бўлиб, иккинчи битим нархини банк фаолияти кўрсаткичларига боғлашга келишилган.

Хусусийлаштиришнинг аввалги босқичлари

2023-йил июн ойида Венгриянинг ОТП Банки «Ипотекабанк»даги давлат улушининг 73,71 фоизини 324 млн долларга сотиб олиш бўйича битимни якунлаган. Ўшанда банк кейинги уч йил ичида «Ипотекабанк» акцияларининг яна 25 фоизини сотиб олиб, ўз улушини 98 фоизга етказиш режасини маълум қилган эди.

2024-йил ёзида эса ОТП Банк «Ипотекабанк»нинг миноритар акциядорларига жами 1,3 фоиз акцияни сотишни таклиф қилган. Унда оддий акциянинг нархи 1,1 сўм, имтиёзли акцияники эса 3 сўм этиб белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид