add

Ўзбекистон Бангладешга янги элчи тайинлади

27.11.2025 | 11:391552 дақиқа

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси бўлган Сардор Рустамбоев энди бир вақтнинг ўзида икки давлатдаги элчи ҳисобланади.

Ўзбекистон Бангладешга янги элчи тайинлади

Ўзбекистоннинг Бангладеш Халқ Республикасидаги элчиси Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат президенти Муҳаммад Шаҳобуддинга ишонч ёрлиқларини тақдим этди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Тантанали маросимдан кейин бўлиб ўтган учрашув давомида Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар муносабатларнинг ҳозирги даражаси ҳамда келгуси ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган. Томонлар муносабатлар сўнгги йилларда изчил ва очиқ мулоқот асосида мустаҳкамланаётганини қайд этилган.

Президент Муҳаммад Шаҳобуддин Ўзбекистонни Бангладешнинг Марказий Осиёдаги асосий минтақавий шериги ва ишончли ҳамкори сифатида баҳолаган. Унинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини сезиларли даражада оширган.

Учрашувда, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати каби соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланган. Бангладеш томони бу йўналишларда тажриба алмашиш ва янги қўшма ишланмаларни йўлга қўйишга тайёрлигини маълум қилди.

Мулоқотда маданий-гуманитар ҳамкорлик, жумладан туризм ва олий таълим йўналишларидаги қадамларни фаоллаштириш масалалари ҳам кўтарилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 15 октябрда ўрнатилган. Янги элчи Сардор Рустамбоев 2024 йил январь ойидан бери Деҳлида фаолият юритиб келмоқда. У бундан аввал Франция ва Португалиядаги дипломатик миссияларга раҳбарлик қилган.

Теглар

Мавзуга оид