Logo

Ўзбекистон банкоматлар импортидан воз кечиши мумкин

2025-йилда мамлакат 9 мингта банкомат харид қилиб, 50 миллион доллардан ортиқ маҳсулот импорт қилинган.

Ўзбекистон банкоматлар импортидан воз кечиши мумкин © YANDEX MAPS

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги тадбиркор ва инвесторлар билан мулоқотда банкоматларга бўлган талабни ҳисоб-китоб қилиш, технология ва инвесторларни жалб этиб, уларни маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиш вазифасини қўйди.

Ички бозорда банкоматларга ҳам талаб катта экани айтилди. Ўтган йили мамлакатда 9 мингта банкомат харид қилиниб, 50 миллион доллардан ортиқ маҳсулот импорт қилинган. Савдо ва кўнгилочар мажмуалар, янги уй-жой массивларининг кўпайиши билан мазкур эҳтиёж яна ортади.

Мис ишлаб чиқариш

Жорий йилда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди. Ушбу лойиҳа ҳисобига мис ишлаб чиқариш ҳажми 300 минг тоннага, 2030-йилга бориб эса 500 минг тоннага етказилади.

Таъкидланишича, мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш қувватлари барпо этилмоқда, ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Келгуси ўн йилда ҳамкорлар билан 450 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Президент электротехника саноатидаги навбатдаги вазифа ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш билангина чекланмасдан, катта технологик сакрашни амалга ошириш эканини таъкидлади. Президент матбуот котибига кўра, 2030-йилгача энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Хорижлик ҳамкорлар ушбу лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга тайёр, аммо улар учун зарур айрим ускуналар ҳали мамлакатимизда ишлаб чиқарилмаяпти.

Шунингдек, савдо мажмуалари, корхоналар, уй-жойлар ва кўчаларда видеокузатув ускуналарига талаб ортиб бормоқда. Уларнинг ички бозордаги йиллик эҳтиёжи 200 миллион долларга етиши, қўшни мамлакатлар бозорини ҳисобга олганда эса 600 миллион доллардан ошиши айтилди. Бухородаги «Digital security» ва Самарқанддаги «Samvision» корхоналари ўз дастурий таъминоти асосида йилига 2 мингта камера ишлаб чиқармоқда. Бундай лойиҳаларни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бундай лойиҳаларни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда Андижонда офис техникаси ва тайёр кабель тўпламлари, Тошкент шаҳрида серверлар, интерактив панеллар ва сенсорли датчиклар, Қашқадарёда телевизорлар учун электрон платалар каби юқори қўшилган қийматли электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Давлат раҳбари ички бозор талабини қоплаш билан бирга бундай маҳсулотлар ҳисобига экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш имконияти борлигини қайд этди.

Президент учрашувда иштирок этаётган 10 дан ортиқ хорижлик инвестор ва 100 дан зиёд маҳаллий тадбиркорларни юқори қўшилган қийматли янги лойиҳалар билан фаол иштирок этишга чақирди.

Қайд этилишича, охирги ўн йилда электротехника соҳасига 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган. Маиший техника, қуёш панеллари, электрон ҳисоблагичлар, юқори кучланишли трансформаторлар каби 100 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Натижада жорий йилда соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 50 триллион сўмга етганди. Мазкур кўрсаткич 2016-йилда 1,7 триллион сўм бўлганди. Инвестициялар 600 миллион долларга, экспорт эса 1 миллиард 600 миллион долларга етказилди. Ўтган даврда экспорт ҳажми 14 баробар ўсган. Давлат раҳбари бу мавжуд имкониятларга нисбатан кам эканини, соҳани янада жадал ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк банк ва тўлов ташкилотларини банкомат пул ечмаган ҳолатларни холис текширишга чақирганди.

Теглар

Мавзуга оид