Ўзбекистон давлат қарзи фоизларига қанча пул сарфлаяпти?
Ўзбекистон 2025 йилда давлат қарзининг фоизларига 18,1 трлн сўм сарфлади. Бу 2024 йилдагидан қарийб 25 фоиз кўп. 2026 йил бюджетномасида бу харажат 24,6 трлн сўмга етиши прогноз қилинган. Бу суммага қарзнинг асосий қисмини қайтариш кирмайди.
© Ijtimoiy tarmoqlarFinancial Times ёзишича, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (OECD) аъзо 38 мамлакат 2025 йилда қарз фоизларига 2 трлн доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. АҚШ, Буюк Британия ва Францияда бу тўловлар мудофаа харажатларидан ҳам ошган.
Ҳукуматлар олган қарзини кўпинча янги қарз ҳисобига қайтаради. OECD ҳисоб-китобига кўра, 2025 йилда ташкилотга аъзо давлатларнинг қарз олиш эҳтиёжи 17 трлн долларни ташкил этган. Шундан қарийб 13,5 трлн доллари, яъни 80 фоизга яқини аввалги қарзларни қайта молиялаштиришга тўғри келган.
Эски қарзни шу тариқа янгилаш одатий амалиёт. Аммо илгари паст фоизда олинган қарзнинг муддати ҳозир тугаётган бўлса, унинг ўрнига қимматроқ қарз олишга тўғри келиши мумкин. 2022 йилдан кейин ставкаларнинг кўтарилгани шу харажатни оширяпти. Қарз миқдори ўзгармаган тақдирда ҳам унга тўланадиган фоиз кўпайиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам қарз фоизларига кетадиган пул сезиларли кўпайган. 2023 йилда бу харажат 8,2 трлн сўм, 2024 йилда 14,5 трлн сўм бўлган. 2025 йил якунида эса 18,1 трлн сўмга етган. Демак, икки йилда сарфланган маблағ 2,2 баробар ошган. Фақат охирги йилнинг ўзида фоизлар учун қўшимча 3,6 трлн сўм тўланган.

Бу рақамни бюджет тушумлари билан солиштирсак, харажатнинг кўлами аниқроқ кўринади. Ҳисоб палатаси маълумотига кўра, 2025 йилда давлат бюджетига 359,8 трлн сўм келиб тушган. Демак, бюджетга кирган ҳар 100 сўмнинг қарийб 5 сўми қарз фоизларига сарфланган.
2026–2028 йилларга мўлжалланган бюджетномада жорий йил учун фоиз тўловлари 24,6 трлн сўм бўлиши прогноз қилинган. Бу 2025 йилдаги амалдаги харажатдан 6,5 трлн сўм ёки қарийб 36 фоиз кўп.
Шу ҳужжатда 2026 йил бюджет даромадлари 368,9 трлн сўм деб олинган. Режадаги иккала кўрсаткични солиштирсак, ҳар 100 сўм тушумга қарийб 6,7 сўм фоиз тўлови тўғри келади.

Якуний харажат қарз олиш шартлари ва валюта курсига ҳам боғлиқ. Масалан, 2025 йилда фоизлар учун 21,1 трлн сўм режалаштирилган, амалда эса 18,1 трлн сўм сарфланган. Шу сабаб 2026 йил учун кўрсатилган сумманинг қанча қисми ҳақиқатда тўланиши йил якунида маълум бўлади.
Жаҳон бозоридаги фоизлар Ўзбекистонга қандай таъсир қилишини қарз таркибидан ҳам кўриш мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботига кўра, 2026 йил иккинчи чораги якунида давлат қарзи 48,3 млрд долларни ташкил этган.
Шундан 40,7 млрд доллари ташқи қарз. Ташқи қарзнинг 18,7 млрд доллари, яъни деярли ярми ўзгарувчан фоиз ставкасида олинган.
Бундай кредитнинг фоизи шартномада белгиланган бозор кўрсаткичига боғланади. Ўша кўрсаткич ошса, фоиз тўлови ҳам кўпаяди; пасайса, тўлов камаяди. Демак, аввал олинган қарзнинг бир қисми бўйича ҳам келгуси харажат ўзгариши мумкин.
Қатъий фоизда олинган қарзларда амалдаги ставка сақланади. Лекин уларни қайтариш учун яна қарз олиш зарур бўлса, янги кредитнинг шартлари бошқача бўлиши мумкин. Бугунги ставкаларнинг таъсири айрим қарзларда тез, бошқаларида эса йиллар ўтиб сезилиши шундан.
Валюта курси ҳам тўловга таъсир қилади. Долларда белгиланган фоиз суммаси ўзгармаса ҳам, доллар қимматлашганда уни тўлаш учун кўпроқ сўм керак бўлади. Шу боис қарзнинг бюджетга қанча тушишини унинг умумий миқдори билан бирга фоизи, муддати ва валютаси белгилайди.
Қарз ҳисобига қурилган йўл, электр тармоғи ёки сув иншооти иқтисодиётга узоқ йиллар хизмат қилиши мумкин. Бундай лойиҳалар ишлаб чиқаришни кенгайтириб, бюджет тушумларини кўпайтирса, тўловларни қоплаш осонлашади.
Ўзбекистон учун фоиз тўловлари билан бюджет даромадининг қандай ўсиши муҳим. Фоиз харажати тушумлардан тезроқ ошаверса, янги мактаб, шифохона ва бошқа эҳтиёжлар учун даромаднинг кичикроқ қисми қолади.
Етишмаган маблағни яна қарз олиш ҳисобига қоплаш эса кейинги йиллар бюджетига қўшимча юклама олиб келади.





