Ўзбекистон миллий жамоаси «CAFA Nations Cup»ни дуранг билан бошлади

31.08.2025 | 11:003 дақиқа

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Тошкентда ўтган илк баҳси Ўмонга қарши 1:1 ҳисобида якунланди.

Ўзбекистон миллий жамоаси «CAFA Nations Cup»ни дуранг билан бошлади
30 август куни Ўзбекистон миллий жамоаси Миллатлар кубогидаги илк баҳсини  янги барпо этилган «Олимпия» стадионида ўтказди. Учрашувда ҳисоб дастлаб меҳмонлар томонидан очилди. 4-дақиқада Насир Ал-Раваҳийнинг зарбаси қайтарилганига қарамай, у иккинчи уринишда гол урди. Ўзбекистон жавоби эса 55-дақиқада келди — Ҳожимат Эркинов чап қанотдан аниқ зарба йўллаб ҳисобни тенглаштирди.   Учрашувда Ўзбекистон таркибида хорижда тўп сураётган Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев ва Жалолиддин Машарипов қатнашмади. Бош мураббий Тимур Кападзе улар кейинги турларда жамоага қўшилишини маълум қилган.   Мусобақада 8 та жамоа иштирок этмоқда. Ўзбекистон, Ўмон, Қирғизистон ва Туркманистондан иборат гуруҳ баҳслари Тошкентда, Тожикистон, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон иштирок этаётган гуруҳ ўйинлари эса Душанбе шаҳрида ўтмоқда.   Ўзбекистон миллий жамоаси 2 сентябр куни Туркманистонга, 5 сентябр куни эса Қирғизистонга қарши баҳс олиб боради. Ҳар икки гуруҳ ғолиблари 8 сентябр куни финалда тўқнаш келади.

Теглар

Мавзуга оид