Ўзбекистон суғурта бозори: тўловлар нима учун мукофотлардан тезроқ ўсмоқда?
Суғурта тўловлари мукофотлардан қарийб уч баравар тез ўсди. Бир йилда мукофотлар 28,6 фоизга кўпайган бўлса, тўловлар 80,9 фоизга ошган. Бундай тафовут асосан ихтиёрий суғуртанинг айрим турларида тўловлар кескин кўпайгани билан боғлиқ.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026-йил 1-июлгача суғурта мукофотлари 6,23 трлн сўмдан 8,02 трлн сўмга, тўловлар эса 1,25 трлн сўмдан 2,25 трлн сўмга ошди. Бир йил ичида мукофотлар 1,78 трлн сўмга кўпайган бўлса, тўловлар қарийб 1 трлн сўмга ортган.
Шу даврда суғурта компанияларининг мажбуриятлари ҳам 2,98 квадриллион сўмдан 4,42 квадриллион сўмга етди. Бу бозор кенгаяётгани билан бирга, компаниялар зиммасидаги суғурта мажбуриятлари ҳам ортганини кўрсатади.
Ихтиёрий суғуртада тўловлар кескин ошди
Суғурта бозоридаги умумий натижани икки асосий йўналиш — ихтиёрий ва мажбурий суғурта шакллантиради. Уларнинг бир йиллик кўрсаткичлари эса сезиларли даражада фарқ қилган.
Умумий суғуртада ихтиёрий йўналиш бўйича мукофотлар 5,43 трлн сўмдан 6,62 трлн сўмга ошган бўлса, тўловлар 979 млрд сўмдан 1,93 трлн сўмга етди. Яъни мукофотлар 21,8 фоизга кўпайган бир пайтда, тўловлар қарийб икки бараварга ошган.
Мажбурий суғуртада эса вазият бошқача. Бу йўналишда мукофотлар 415,7 млрд сўмдан 875,7 млрд сўмга кўпайган, тўловлар эса 201,9 млрд сўмдан 226,4 млрд сўмга ошган. Демак, мажбурий суғуртада мукофотлар тезроқ кенгайган, тўловлар эса нисбатан секин ўсган.
Шу сабаб умумий бозордаги тўловларнинг 80,9 фоизлик ўсишини мажбурий суғурта эмас, асосан ихтиёрий суғуртадаги ўзгаришлар шакллантирган.
Тўловлар қайси суғурта турларида кескин ошди?
Ихтиёрий суғурта таркибидаги йўналишлар ҳам турлича натижа кўрсатган. Энг катта ўзгариш бошқа молиявий таваккалчиликлардан суғурта қилиш, шунингдек, икки ва ундан ортиқ суғурта классларини бирлаштирган шартномаларда кузатилган.

Манба: Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳисоботидан
Бошқа молиявий таваккалчиликлардан суғурта қилишда тўловлар бир йил ичида 9,3 млрд сўмдан 529,2 млрд сўмга ошган. Мукофотлар эса 91,4 млрд сўмдан 210,9 млрд сўмга кўпайган.
Икки ёки ундан ортиқ умумий суғурта классларини бирлаштирган суғуртада мукофотлар 3,29 трлн сўмдан 3,55 трлн сўмга ошган бўлса, тўловлар 231,8 млрд сўмдан 899,6 млрд сўмга етган.
3 ва 14-классларни бирлаштирган суғуртада эса мукофотлар 375,8 млрд сўмдан 322,7 млрд сўмга камайган, тўловлар эса 10,7 млрд сўмдан 264,4 млрд сўмга кўтарилган.
Бироқ барча йўналишларда тўловлар бир хил ошмаган. Кредитларни суғурта қилишда мукофотлар 1,25 трлн сўмдан 1,58 трлн сўмга ошган бўлса, тўловлар 606,4 млрд сўмдан 381,3 млрд сўмга камайган. Ерусти транспорт воситаларини суғурта қилишда ҳам мукофотлар 46,1 фоизга ошган, тўловлар эса 28,5 фоизга қисқарган.
Суғурта мукофотларининг асосий қисми пойтахтда жамланган
Бозорнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида жамланган: пойтахтда 6,58 трлн сўмлик суғурта мукофотлари йиғилган. Бу мамлакатдаги жами мукофотларнинг қарийб 82 фоизини ташкил этади. Бир йил аввал Тошкент шаҳрининг улуши 79,2 фоиз бўлган.
Ҳудудлар орасида энг юқори ўсиш Самарқанд вилоятида қайд этилган. Бу ерда суғурта мукофотлари 43,1 фоизга ошиб, 154,6 млрд сўмга етган.
Фарғона вилоятида суғурта мукофотлари 29,3 фоизга ошиб, 172 млрд сўмга етган бўлса, Тошкент вилоятида эса 163,4 млрд сўмни ташкил этган. Шу тариқа, Самарқанддаги юқори суръатга Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги қарийб 30 фоизлик ўсиш ҳам қўшилган.
Хоразм ва Андижонда ҳам мукофотлар сезиларли кўпайган — мос равишда 18,1 ва 16,5 фоизга. Бошқа ҳудудларда эса ўсиш анча паст бўлган. Сурхондарёда 7,1 фоиз, Наманганда 6,8 фоиз, Қашқадарёда 2,3 фоиз.
Мамлакат бўйича суғурта тўловлари эса 80,9 фоизга ошиб, салкам 2,3 трлн сўмни ташкил этган. Тошкентда тўловлар суғурта мукофотларига қараганда анча тез ўсмоқда. Улар 130,2 фоизга кўпайиб, қарийб 2 трлн сўмга етган. Бу пойтахтда тартибга солинган суғурта даъволари бўйича тўловлар бозорнинг қолган қисмига нисбатан тезроқ ошганини кўрсатади.
Шундай қилиб, 2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида суғурта мукофотлари ҳажмида Тошкентнинг устунлиги сақланиб қолган. Ҳудудлар орасида энг юқори ўсиш Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида қайд этилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида эса суғурта мукофотлари камайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суғурта компанияларининг 2026-йил биринчи ярим йиллигидаги молиявий натижалари эълон қилинганди. Суғурта ташкилотларининг жами соф фойдаси 505,5 млрд сўмни ташкил этиб, бир йил ичида 61,3 фоизга ошган. Фойданинг асосий қисми «Apex Insurance» ва «Euroasia Insurance» компаниялари ҳиссасига тўғри келган.





