Ўзбекистон ва Тожикистон саёҳатга қизиқишнинг ўсиши бўйича етакчига айланди
Ҳар икки мамлакат бўйича саёҳат ҳақидаги қидирувлар сони 64 фоизга ошган.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон ва Тожикистон саёҳатга бўлган қидирув қизиқиши энг тез ошган давлатлар қаторидан жой олди. Бу ҳақда «Amadeus» компаниясининг БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) билан ҳамкорликда тайёрлаган «Travel Insights 2026: Focus on Europe» ҳисоботида сўз боради.
Ҳар икки мамлакат бўйича саёҳат ҳақидаги қидирувлар сони 64 фоизга ошган. Тожикистон ва Ўзбекистон кўриб чиқилган йўналишлар орасида қидирув сўровлари сонининг энг юқори ўсишини кўрсатган. «Amadeus» бу ҳолатни саёҳатчилар анъанавий туристик марказлардан ташқарига чиқиб, янги масканлар, ҳақиқий маҳаллий тажрибалар, табиий диққатга сазовор жойлар ва кам танилган йўналишларни тобора кўпроқ излаётгани билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, бу кўрсаткич айнан қидирув қизиқишини англатади — яъни фойдаланувчиларнинг авиачипта ва саёҳатларни режалаштириш пайтидаги қидирувлари назарда тутилган. Бу реал бронлар сони ёки мамлакатга келган сайёҳлар сонининг ўсишини англатмайди.
Машҳурроқ йўналишлар орасида ҳам қидирув талабининг сезиларли ўсиши қайд этилган. Жумладан, Швейцария ва Швеция бўйича қизиқиш 36 фоизга, Дания бўйича 34 фоизга, Ирландия бўйича 33 фоизга, Бельгия бўйича 32 фоизга ва Норвегия бўйича 31 фоизга ошган.
«Amadeus» мутахассисларининг фикрича, бу тенденция миллий туризм ташкилотлари учун қўшимча имкониятлар яратади. Ўсиб бораётган қизиқишни аниқ йўналтирилган реклама кампаниялари, кам танилган сайёҳлик объектлари ва янги йўналишларни тарғиб қилиш, шунингдек, авиакомпаниялар ҳамда хорижий туроператорлар билан ҳамкорлик орқали реал саёҳатларга айлантириш мумкин.
Сайёҳлар тобора кўпроқ янги йўналишларни танламоқда
Умуман олганда, Европа туризм бозори ўсишда давом этмоқда. 2025-йил май ойидан 2026-йил апрель ойигача бўлган даврда Европага йўловчи оқими аввалги йилнинг худди шу даврига нисбатан 2,3 фоизга ошган. Меҳмонхоналарнинг бандлик даражаси 2 фоизга ўсган, хоналарнинг ўртача суткалик нархи эса 7 фоизга қимматлаган. «Amadeus» маълумотларига кўра, сўнгги 12 ой давомида Европадаги меҳмонхона хонасининг ўртача нархи қарийб 215 долларни ташкил этган. 2025-йил июнь ойида эса бу кўрсаткич энг юқори даражага — 249 долларга етган.
UN Tourism Жаҳон туризм барометри маълумотларига кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида Европага халқаро сайёҳлик ташрифлари сони 4 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш — 6 фоиз — Марказий ва Шарқий Европада қайд этилган. Шимолий, шунингдек, Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи ҳудудларида ташрифлар сони 4 фоизга, Ғарбий Европада эса 2 фоизга кўпайган. Европанинг етакчи туризм бозорлари орасида саёҳат бронлари сони энг тез Чехия ва Исландияда ошган — мос равишда 9 ва 7 фоизга. Бу шаҳар саёҳатлари, бой маданий дастурлар ҳамда табиат қўйнидаги дам олиш йўналишларига қизиқиш кучаяётганини кўрсатади.
Европа туризми учун энг истиқболли бозорлардан бири Япония бўлди. Бу мамлакатдан амалга оширилган саёҳат қидирувлари сони 62 фоизга, бронлар эса 12 фоизга ошган. Айниқса, япон сайёҳларининг Марказий ва Шарқий Европага қилган бронь қилинган сафарлари сезиларли даражада кўпайиб, 28 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки беш ойида туризм қандай ривожлангани ҳақида ёзган эдик.





