Ўзбекистонда 5 та янги сел-сув омбори барпо этилади
Сув таъминотини яхшилаш, сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланиш ва қўшимча қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш мақсадида 2027 йилдан бошлаб 5 та сел-сув омбори қурилиши режалаштирилмоқда.
© inbusiness.kz.Президентнинг «Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, янги омборлар сув ресурсларини тўплаш ва мавсумий сув танқислигини юмшатишга хизмат қилади. Ҳужжатда мазкур инфратузилма лойиҳаларини 2027 йилдан Самарқанд, Тошкент ва Жиззах вилоятларида амалга ошириш белгиланган.
Қуриладиган сел-сув омборлари орқали Самарқанд вилоятида 7 минг гектар, Тошкент вилоятида 2 минг гектар ва Жиззах вилоятида 300 гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қўшимча янги ер майдонларини ўзлаштириш имконияти ҳам яратилади.
Ким томонидан молиялаштирилади?
Қарорга мувофиқ, лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Айрим объектларни молиялаштиришда «Агробанк» АТБ маблағлари ва хусусий инвесторлар иштирок этади. Бу сув инфратузилмасига хусусий секторни кенг жалб қилиш имконини беради.
Ҳужжатда сел-сув омборлари атрофида туристик ва рекреацион ҳудудлар ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, балиқчиликни ривожлантириш ва қўшимча даромад келтирувчи фаолият турларини йўлга қўйишга рухсат берилади.
Янги омборлар нафақат сув захираларини кўпайтириш, балки қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва ҳудудларда иқтисодий фаолликни кенгайтиришга ҳам хизмат қилиши мумкин.
Сел сувларидан фойдаланиш имконияти
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида сув фонди ерлари ҳамда сел сувларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилишда сел-тошқин сувларидан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинган эди. Иқлим ўзгариши оқибатида қисқа муддатли кучли ёмғирлар сони ортиб бораётгани сел хавфини кучайтирмоқда.
Ҳозирда мамлакатда сел хавфи юқори бўлган 60 та йирик сой орқали ҳар йили 690 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу сувдан самарали фойдаланиш орқали 13 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, сув таъминотини яхшилаш ва балиқчиликни ривожлантириш мумкин.
Давлат раҳбари сув инфратузилмасини иқтисодий фаоллик манбаига айлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда сел хавфларини камайтириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди.





