
Ўзбекистонда автобус ва микроавтобуслар импорти қарийб 3 баробар ошди
2025 йил бошидан бери Ўзбекистонга 9 та давлатдан автобус ва микроавтобуслар олиб келиниб, импорт ҳажми ўтган йилга нисбатан салкам мингтага кўпайди.

2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистон умумий қиймати 126,6 миллион долларлик 1 491 дона автобус ва микроавтобус импорт қилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг 10 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 974 дона кўп автобус ва микроавтобус импорт қилинди. Бу кўрсаткич 2,9 баробар ошганини билдиради.
Бунда Ўзбекистон 9 та хорижий давлат билан савдо муносабатларига киришган. Автобус ва микроавтобусларнинг энг катта қисми Хитойдан келтирилган. Ўн ойда Хитойдан 1 354 дона транспорт воситаси импорт қилинган.
Шунингдек, Россиядан 87 дона, Бирлашган Араб Амирликларидан 22 дона, Германиядан 8 дона техника олиб кирилган. Қолган давлатлар ҳиссаси 20 дона атрофида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент қарори билан 2027 йил 1 январга қадар туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилиши белгиланган эди.





