Logo

Ўзбекистонда қора металл айланмасини тартибга солиш учун «E-lom» платформаси ишга туширилади

Бугун 17:553 дақиқа

1-августдан қора металлолом айланмаси рақамли назоратга ўтади. Президент металлургия соҳасида импортга қарамликни камайтириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича янги вазифаларни белгилади.

Ўзбекистонда қора металл айланмасини тартибга солиш учун «E-lom» платформаси ишга туширилади

13-июл куни Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳридаги «Ўзбекистон металлургия комбинати»да қора металлургия саноатини ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда соҳада рақамли назоратни кучайтириш, хомашё базасини кенгайтириш, импортга қарамликни қисқартириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, қора металлургия қурилиш, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби умумий қиймати 50 миллиард долларлик иқтисодиёт тармоқлари учун стратегик аҳамиятга эга асосий хомашё ҳисобланади.

Йиғилишда қайд этилишича, 2030 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулотини 240 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган. Бунинг учун иқтисодиёт ҳар йили камида 8–9 фоиз ўсиши зарур бўлиб, металлургия соҳаси замонавий технологиялар, барқарор хомашё таъминоти ва рақобатбардош маҳсулотларга таяниши лозим.

«E-lom» назоратни кучайтиради

Йиғилишнинг асосий янгиликларидан бири қора металл айланмасини рақамлаштириш бўлди.

Президент 1-августдан «E-lom» электрон платформасини ишга туширишни топширди. У орқали қора металлолом билан боғлиқ барча жараёнлар реал вақт режимида кузатилади.

Маълумотларга кўра, ҳозир Бекобод металлургия комбинати маҳсулотининг 40 фоизи иккиламчи металдан, 60 фоизи эса импорт хомашё ҳисобидан ишлаб чиқарилмоқда. Республика бўйича ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом расмий равишда комбинатга топширилса-да, яна 500 минг тонна металлолом ноқонуний айланмада қолмоқда.

Шу муносабат билан Ҳукумат таркибида алоҳида Лойиҳа офиси ташкил этилади. Унинг вазифаси соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва назорат механизмларини кучайтиришдан иборат бўлади.

Металлга талаб ортиб бормоқда


Йиғилишда мамлакат иқтисодиётида металл маҳсулотларига бўлган эҳтиёж тез суръатларда ошиб бораётгани қайд этилди.

Сўнгги ўн йилда пўлат лист, металл прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга талаб уч баробарга ошиб, 5,5 миллион тоннага етган. Келгуси беш йилда иқтисодиётга 180 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши, 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши ва 800 минг хонадонли уй-жойлар қурилиши натижасида металл маҳсулотларига йиллик талаб 2030 йилга бориб 8 миллион тоннадан ошиб кетиши кутилмоқда.

Президент шунингдек, автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший техника ва қурилиш материаллари саноати учун муҳим бўлган Қуюв-прокатлаш мажмуаси ишга туширилганини таъкидлади. Мазкур мажмуа ҳисобига мамлакатда 1,5 миллиард долларлик маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Сунъий интеллект ва янги лойиҳалар

Йиғилишда металлургия саноатида рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Олмалиқ конь-металлургия комбинатида сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқариш харажатлари, энергия сарфи ва маҳсулот таннархини қисқартириш бўйича ижобий натижаларга эришилганини қайд этди. Шу тажриба асосида бутун тармоқ учун дастур ишлаб чиқилади.

Унга кўра, металлургия корхоналарида рақамлаштириш орқали ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини 20 фоизга ошириш, маҳсулот таннархини 10 фоизга, энергия сарфини 15 фоизга ҳамда техник хизмат харажатларини 20 фоизга қисқартириш режалаштирилган.

Шунингдек, Бекободда «Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки» ташкил этилиб, унда қора металлургия бўйича илмий-тадқиқот маркази ва халқаро сертификат бериш имкониятига эга лаборатория фаолият юритади. Янги ўқув йилидан эса Бекобод металлургия комбинатида қора металлургия кафедраси очилиб, дуал таълим тизими жорий этилади.

Йиғилиш якунида Президент қора металлургияда «технологик сакраш» қилиш вақти келганини таъкидлаб, импортга қарамликни камайтириш, маҳаллий хомашё базасини кенгайтириш, сунъий интеллектни кенг жорий этиш ва хусусий сектор билан кооперацияни кучайтириш тармоқнинг энг муҳим вазифалари бўлиб қолишини билдирди.

Теглар

Мавзуга оид