Logo

Ўзбекистонда туғилишлар нега камаймоқда? — иқтисодчилар таҳлили

Бугун 19:204 дақиқа

Ўзбекистонда туғилишлар сони камаймоқда, аммо бу жараён асосан шаҳарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. 2025 йилда шаҳарларда фарзандлар сони кескин қисқарган бир пайтда, қишлоқларда бу кўрсаткич деярли ўзгармаган.

Ўзбекистонда туғилишлар нега камаймоқда? — иқтисодчилар таҳлили

Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда туғилишлар сонининг камайиши ҳақида кўп гапирилмоқда. Бунгача мутахассисларнинг аксарияти асосий сабаб сифатида авлодлар алмашинувини кўрсатар эди. Яъни мустақилликнинг илк йилларида туғилишлар сони кам бўлгани учун бугун фарзанд кўриш ёшига кириб келаётган аёллар сони ҳам нисбатан камроқ. Аммо 2025 йил статистикаси туғилишлар пасайишида яна бир муҳим омил борлигини кўрсатмоқда: аёллар ўртача ҳисобда аввалгидан камроқ фарзанд кўрмоқда.

Иқтисодчилар Миркомил Холбоев ва Отабек Бакировнинг таҳлиллари ҳам айнан шу нуқтага эътибор қаратади.

Аёллар ўртача қанча фарзанд кўрмоқда?

Демографияда бу кўрсаткич “фертиллик” деб аталади. Оддий қилиб айтганда, бу бир аёл ҳаёти давомида ўртача қанча фарзанд кўришини англатади.

2025 йилда Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 3,23 ни ташкил қилди. 2024 йилда эса бу рақам 3,35 бўлган эди. Демак, бир йил ичида ҳар бир аёл ҳисобига тўғри келадиган фарзандлар сони 0,12 тага қисқарган.

Энг муҳими, бу кетма-кет иккинчи йиллик пасайиш ҳисобланади. Демографик жараёнларда икки йиллик узлуксиз пасайиш муайян тенденция шаклланаётганидан далолат беради.

1

Манба: Миркономика

Миркомил Холбоев таъкидлашича, туғилишлар қисқаришини фақат авлодлар алмашинуви билан тушунтириш энди тобора қийинлашмоқда. Чунки фарзанд кўриш ёшидаги аёллар сони ўзгариши билан бир қаторда, ҳар бир аёл туғаётган фарзандлар сони ҳам камаймоқда.

Фақат битта вилоятда ўсиш кузатилган

2025 йилда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони камайган.

Фақат Қашқадарё вилоятида ушбу кўрсаткич ўсган. Қолган барча ҳудудларда пасайиш қайд этилган.

Яна бир муҳим ўзгариш шундаки, 2024 йилда фақат Қорақалпоғистонда бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони 3 тадан паст бўлган. 2025 йилга келиб бу рўйхат анча кенгайди.

Жумладан:

  • Тошкент шаҳри — 2,88;

  • Сирдарё вилояти — 2,93;

  • Бухоро вилояти — 2,94;

  • Тошкент вилояти — 2,95.

Бу ҳудудларда ҳар бир аёл ҳисобига тўғри келадиган фарзандлар сони 3 тадан пастга тушиб кетган.

Энг катта ўзгариш Тошкентда

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, фертилликнинг энг кескин пасайиши Тошкент шаҳрида кузатилган.

Пойтахтда кўрсаткич бир йил ичида 3,14 дан 2,88 гача тушган. Бу мамлакат бўйича энг катта пасайиш ҳисобланади.

Қизиғи шундаки, 2017–2023 йиллар оралиғида айнан Тошкентда фертиллик энг тез ўсган ҳудудлардан бири бўлган. Ўша даврда кўрсаткич 2,23 дан 3,49 гача кўтарилган эди.

Бакировнинг фикрича, бу ерда ҳали тўлиқ ўрганилмаган омиллар мавжуд бўлиши мумкин. Хусусан, иккинчи ва ундан кейинги никоҳлар, ички миграция ёки бошқа ижтимоий жараёнлар бунга таъсир кўрсатган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Шаҳарлар ва қишлоқлар икки хил йўлдан кетмоқда

Таҳлиллардан кўринадики, туғилишлар бўйича ўзгаришлар асосан шаҳарларда юз бермоқда.

2025 йилда шаҳарларда бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони 3,23 дан 3,03 гача тушган. Бу 0,20 пунктлик пасайиш дегани.

Қишлоқларда эса вазият мутлақо бошқача. Бу ерда кўрсаткич 3,47 дан 3,44 гача камайган. Яъни пасайиш атиги 0,03 пунктни ташкил қилган.

Бундан ташқари, олтита ҳудуднинг қишлоқ жойларида — Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Хоразмда фертиллик ўсишда давом этган.

Айниқса, Фарғона вилояти диққатга сазовор. Вилоят қишлоқларида бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони деярли 4 нафарга етган.

Отабек Бакиров қайд этганидек, айрим ҳудудлар қишлоқларида фертиллик 2017 йилдан бери узлуксиз ўсиб келмоқда. Шу боис шаҳарларда кузатилаётган кескин пасайиш қишлоқларда ҳали намоён бўлгани йўқ.

Бу нимага олиб келиши мумкин?

Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, тарихда фертиллик пасайиши ҳар доим ҳам туғилишлар сонининг камайишига олиб келмаган. Масалан, 2004–2005 йилларда бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони қисқарган бўлса-да, мамлакатда туғилишлар сони камаймаган.

Шунингдек, 2009–2012 йилларда бу кўрсаткич тўрт йил кетма-кет пасайган бўлса ҳам, туғилишлар сони фақат икки йилда қисқарган.

Бироқ бугунги вазиятнинг фарқи шундаки, фертиллик пасайиши авлодлар алмашинуви билан бир вақтда содир бўлмоқда. Шу сабабли икки омил бир-бирини кучайтириши мумкин.

Агар кейинги йилларда ҳам шаҳарларда аёллар туғаётган фарзандлар сони камайишда давом этса, Ўзбекистонда туғилишлар бўйича сўнгги ўн йилликда кузатилган ўсиш тренди тўхташи ёки узоқ муддатли пасайишга ўтиши мумкин.

Миркомил Холбоев фикрича, туғилишлар қисқаришини фақат авлодлар алмашинуви билан изоҳлаш тобора қийинлашмоқда. Сўнгги икки йилда аёллар ўртача кўраётган фарзандлар сони ҳам камайгани туғилишлар статистикасига жиддий таъсир қила бошлаган бўлиши мумкин. Кейинги йилларда бу тенденция давом этса, мамлакатда туғилишлар ўсиши ҳақидаги аввалги прогнозлар қайта кўриб чиқилиши эҳтимолдан холи эмас.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда никоҳлар ва туғилишлар сони қисқараётгани ҳақида ёзган эдик. Лекин бу ҳолат турмуш қуриш ёшининг ўсиши билан эмас, аҳоли таркибидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 150

Барчаси

Мавзуга оид

Ўзбекистонда туғилишлар нега камаймоқда? — иқтисодчилар таҳлили | Vaqt.uz