Logo

Ўзбекистонга қирғиз картошкаси ва ловияси ҚҚСсиз кириб келиши мумкин

Садир Жапаров деҳқонлар мурожаатидан сўнг Ўзбекистонга картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда ҚҚСни бекор қилиш бўйича ҳукуматга топшириқ берди.

Ўзбекистонга қирғиз картошкаси ва ловияси ҚҚСсиз кириб келиши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Қирғизистон Ўзбекистонга картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Талас вилояти Айтматов ва Манас туманлари аҳолиси билан ўтказган учрашувида сўз очилди.

Учрашув давомида картошка ва ловия етиштирувчи қирғиз деҳқонлари номидан Мелис исмли фуқаро давлат раҳбарига мурожаат қилиб, айнан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда ҚҚС ундириш тартибини қайта кўриб чиқишни сўраган.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон томони билан олиб борилган музокаралар натижасида қирғизистонлик ишлаб чиқарувчиларга картошкани еттита чегара ўтказиш пункти орқали экспорт қилиш имконияти яратилган эди.

Ўша вақтда картошка ва ловияни Ўзбекистонга экспорт қилишда ҚҚС олинмаган. Бироқ жорий йилда ушбу солиқнинг қайта жорий этилиши фермерларнинг харажатларини ошириб юборган.

Ушбу мурожаат юзасидан Қишлоқ хўжалиги ва Иқтисодиёт вазирликлари вакиллари тушунтириш бериб, бунга қадар ҚҚСни бекор қилиш маълум бир муддатга қабул қилинган ва фақатгина бир марталик чора бўлганини билдиришган.

Бироқ, Садир Жапаров картошка экспортидан олинадиган ҚҚС бюджетга қанча миқдорда даромад келтиришини сўраб, агар экспортга чиқариш учун маҳсулот ҳажми етарли бўлса, солиқни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади.

«Картошкага бўлган қўшимча солиқни олиб ташланглар. Деҳқонлар учун, сабзавот ва меваларга нисбатан бу солиқни бекор қилинглар», — деди Жапаров.

Учрашув якунида давлат раҳбари ушбу масалани ҳукумат билан биргаликда кўриб чиқиб, Қирғизистон томонидан экспорт қилинадиган, хусусан, Ўзбекистон бозорига йўналтириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚСни бекор қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилишни топширди.

Теглар

Мавзуга оид