Logo

Ўзбекистонга Россиядан пул ўтказмалари улуши қисқаришда давом этмоқда

Бугун 16:252 дақиқа

I чоракда Ўзбекистонга хориждан келиб тушган пул ўтказмаларида Россия улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайди. Россияда расман меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони ҳам камайиб бормоқда.

Ўзбекистонга Россиядан пул ўтказмалари улуши қисқаришда давом этмоқда

2026 йилнинг I чорагида Ўзбекистонга хориждан кириб келган пул ўтказмалари миқдори 3,8 млрд долларни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 13 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Меҳнат бозори шарҳидан маълум бўлди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, йил бошида хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 11,6 фоизга ошиб, 1,63 млн нафарга етди.

Бундан ташқари, уч ой давомида ҳаво йўллари транспортида ташилган йўловчилар сони сезиларли ошиб, 2,25 млн нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга юқори бўлди.

I чоракда Россияда патент асосида меҳнат фаолиятини амалга оширган ўзбекистонликлар сони 1,34 млн нафар бўлди. Бу ўтган чоракка нисбатан 8,8 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 1,8 фоизга кам.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар камайиши мавсумий омиллар ҳамда ташқи меҳнат бозори шароитларидаги ўзгаришлар билан изоҳланади.

1


Шунингдек, мамлакат аҳолиси меҳнат фаолиятини амалга ошируш учун бошқа хорижий давлатларни ҳам танлашни кўпайтирди.

Масалан, Туркияга миграция бўйича расмий рухсатномалар сони ошиб бормоқда. Туркия ҳукумати маълумотларига кўра, I чоракда бундай рухсатномалар сони қарийб 70 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошди.

Жанубий Кореяда бўлиб турган ўзбекистонликлар сони ҳам I чоракда барқарор ўсишда давом этди қарийб 100 минг нафарга етди.

Уч ой давомида мамлакатга хориждан 3,8 млрд долларлик пул ўтказмалари келиб тушган бўлса, бунинг ҳамон катта қисми — 72,4 фоизи Россия ҳисобига тўғри келмоқда.

Шунга қарамай, Россиянинг пул ўтказмаларидаги улуши пасайишда давом этмоқда. Аввалги йилларда 80 фоиздан юқори бўлган бу кўрсаткич, 2025 йилнинг мос даврида 77,6 фоиз эди.

Шу билан бирга, умумий пул ўтказмаларда Қозоғистоннинг улуши 1 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни, Европа давлатларининг улуши 1 фоиз бандга ошиб 3,3 фоизни, Жанубий Кореяни улуши 0,6 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни ташкил этди. Бошқа давлатлар улуши эса 2,6 фоиз бандга ошиб, 16,2 фоизга етди.

Маълумот учун, 2025 йил якунига кўра, Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 18,9 млрд долларни ташкил этган ва бу 2024 йилга нисбатан 27,2 фоизга юқори бўлган.

Теглар

Мавзуга оид