Logo

Ўзбекистоннинг «Smart Forestry» ва сув тизимларига ҳужум: Минтақавий киберхавф ортида ким турибди?

Киберхавфсизлик мутахассислари Қозоғистонда жойлашган бўлиши мумкин бўлган «Silent Lynx» хакерлар гуруҳи Россиянинг Орск нефтни қайта ишлаш заводи ва Нижний Новгород шаҳар ҳукумати тармоғига ҳужум уюштирганини маълум қилди. Тадқиқотчилар Марказий Осиёдаги бир қатор давлат ташкилотларига нисбатан ҳам киберразведка фаолияти олиб борилганини аниқлашган.

Ўзбекистоннинг «Smart Forestry» ва сув тизимларига ҳужум: Минтақавий киберхавф ортида ким турибди? © Ijtimoiy tarmoqlar

«Cisco Talos» ва «Recorded Future» киберхавфсизлик компаниялари мутахассислари «Silent Lynx» хакерлик гуруҳининг Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларидаги фаолиятини ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижаларига кўра, гуруҳ Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводини нишонга олгани ҳамда Нижний Новгород шаҳар ҳукумати тармоғига бузиб киргани бўйича далиллар топилган.

«Reuters» агентлигининг 2026 йил 14 октябрдаги хабарига кўра, мутахассислар ушбу гуруҳ Қозоғистонда жойлашган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ мазкур хулоса фақат техник белгилар ва фаолият хусусиятларига асосланган. Яъни, хакерларнинг Қозоғистон давлат органлари томонидан бошқарилиши ёки уларнинг топшириғи асосида ишлаши ўз тасдиғини топмаган.

Қайси объектлар нишонга олинган?

Тадқиқотчилар эътибор қаратган объектлардан бири Россиянинг Оренбург вилояти Орск шаҳрида жойлашган «Орскнефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводидир. Мутахассисларнинг аниқлашича, гуруҳ ушбу корхонага оид маълумотлардан фойдаланиб, ҳужум учун махсус ҳужжат тайёрлаган.

Хусусан, 2025 йил август ойида яратилган зарарли дастур намунасида Туркманистоннинг «Туркманнебит» давлат компанияси ва Орск заводи раҳбарияти ўртасидаги тижорий таклиф кўринишидаги сохта ҳужжатдан фойдаланилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бундай ҳужжат танлангани хакерларнинг Россия энергетика инфратузилмасига қизиқиши юқори эканини кўрсатади.

Навбатдаги нишон — Москвадан тахминан 425 километр шарқда жойлашган Нижний Новгород шаҳри ҳукумати тармоғи бўлган. «Reuters» хабарида тадқиқотчилар ушбу тармоққа бузиб кирилганини исботловчи далиллар топгани қайд этилган.

Техник ҳисоботда келтирилишича, шаҳар ҳукуматига тегишли IP-манзил 2025 йил январ ойидан бошлаб «Silent Lynx» сервери билан, шу йил июл ойи охиридан кейин эса қўшимча инфратузилмалар билан ҳам алоқага чиққан. Тадқиқотчилар бу ҳолатни хакерларнинг минтақадаги сув ресурслари ва экологик бошқарувга масъул ташкилотларга бўлган қизиқиши билан изоҳламоқда.

Нега хакерлар Қозоғистон билан боғланмоқда?

Тадқиқотчиларнинг Қозоғистонга оид тахминлари бир нечта техник белгиларга асосланади. «Cisco Talos» бу гуруҳни «UAT-6275», «Recorded Future» эса «TAG-193» номи билан кузатиб келади. «Silent Lynx» номи эса аввалги тадқиқотларда ҳам қўлланилган. «Cisco Talos» гуруҳнинг Қозоғистонга алоқадорлигини «ўртача ишонч даражаси» билан баҳолаган.

Мутахассислар келтирган белгилар қаторида қуйидагилар бор:

·         Айрим зарарли дастур намуналари яратилганидан сўнг кўп ўтмай, Қозоғистон ҳудудидан «VirusTotal» платформасига юборилган. Масалан, намуналардан бири 86 сония, бошқаси эса тахминан тўрт дақиқадан кейин юкланган.

·         Гуруҳга алоқадор «GitHub» репозиторийсида амалга оширилган 77 та ўзгаришдан 73 таси (95 фоизи) Остона вақти билан иш кунининг 09:00–18:00 оралиғига тўғри келган. Москва вақти билан солиштирганда эса, бу оралиққа 77 та ўзгаришдан фақат 39 таси (51 фоизи) тўғри келади.

·         Зарарли дастурлар ва уларнинг техник изларида рус тилига оид белгилар, шунингдек, тизимларнинг Қозоғистонда амалда бўлган вақт минтақасига мос тарзда ишлаганини кўрсатувчи аломатлар кузатилган.

Тадқиқотчилар мазкур белгиларни умумлаштириб, гуруҳ Қозоғистонда жойлашган бўлиши мумкин деган хулосага келишган.

Ўзбекистоннинг «Smart Forestry» тизими ҳам тилга олинган

Тадқиқот ҳисоботида Ўзбекистонга оид маълумотлар ҳам ўрин олган. Мутахассисларнинг кузатишича, 2026 йил 20 майдан бошлаб мамлакатдаги «Smart Forestry» лойиҳасига тегишли IP-манзил «Silent Lynx» гуруҳига қарашли «Ligolo» сервери билан TCP протоколи орқали алоқа ўрнатган. 21–26 май кунлари эса худди шу IP-манзил гуруҳга алоқадор бошқа сервер билан ҳам боғлангани қайд этилган.

«Smart Forestry» — давлат ўрмон фондига оид маълумотларни геофазовий маълумотлар асосида йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва тақдим этишга мўлжалланган рақамли тизим ҳисобланади. Ундан ўрмон хўжалигини бошқариш ва экологик вазиятни мониторинг қилишда фойдаланилади.

«Cisco» ва «Recorded Future» ҳисоботидаги тармоқ алоқалари хакерлар эътибори «Smart Forestry» инфратузилмасига қаратилганини кўрсатади.

Шунингдек, тадқиқотчилар 2024 йил сентябридан 2025 йил мартигача кузатилган аввалги киберҳужумлар ҳақидаги маълумотларни ҳам ўрганиб чиқишган. Уларда Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидаги сув инфратузилмалари, илмий муассасалар ва давлат ташкилотлари нишонга олингани қайд этилган. Ҳисоботда тасдиқланган жабрланувчилар қаторида Қирғизистоннинг гидроэнергетика ва сув ресурслари операторлари, Ўзбекистондаги вилоят ҳокимликлари ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги, шунингдек, Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги номи келтирилган.

Хакерлар ҳужумларда қандай усуллардан фойдаланган?

Тадқиқотчилар «Silent Lynx» гуруҳи асосан мақсадли фишинг усулидан фойдаланишини аниқлади. Бунда нишонга олинган шахсларга муҳим расмий ҳужжат ёки тижорий таклиф кўринишидаги электрон хатлар юборилади. Хатдаги зарарли илова очилиши билан компютерга вирус ўрнашиб олади.

Гуруҳ баъзан давлат ташкилотларининг бузиб кирилган электрон почта манзилларидан ҳам фойдаланган. Шунингдек, зарарли скрипт ва файлларни «GitHub» каби оммавий платформаларга жойлаштириш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бундай усуллар зарарли материалларни оддий хизмат ёзишмалари ёки расмий ҳужжатлар орасига яширишда қўл келади.

«Cisco Talos» 2025 йил июн ойидан 2026 йил августигача бўлган даврда зарарли дастурларни тарқатишнинг тўртта усулини аниқлаган. Булар сирасига макрослар бириктирилган ҳужжатлар, «PowerShell» скриптларини ишга туширувчи файллар, «GitHub» орқали тарқатиладиган скриптлар ҳамда «WinRAR» дастуридаги «CVE-2025-8088» заифлигидан фойдаланувчи архивлар киради.

Мутахассислар 2026 йил апрел ойида «WinRAR» заифлигидан фойдаланиш ҳолатини мазкур гуруҳ фаолиятидаги янги усул сифатида қайд этишган. Бунда зарарли дастур «Windows»нинг «Startup» папкасига жойлаштирилади ва фойдаланувчи тизимга қайта кирганида файл автоматик равишда ишга тушади.

Орск заводи аввал ҳам ҳужумга учраган

«Орскнефтеоргсинтез» заводи 2026 йил август ойида Украина дронлари ҳужумига учраб, ўз фаолиятини тўхтатган. Оренбург вилояти губернатори Евгений Солнцев ускуналарга етказилган шикаст туфайли таъмирлаш ишлари олти ойгача чўзилиши мумкинлигини билдирган.

Агентлик маълумотига кўра, мазкур завод йилига 6 миллион тонна хом нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, бензин, дизел ёқилғиси, авиация ёқилғиси, мазут ва битум каби маҳсулотларни ишлаб чиқаради.

Бироқ август ойидаги дрон ҳужуми ҳамда «Silent Lynx» гуруҳининг киберҳужумлари ўртасида бевосита боғлиқлик борлиги ҳақида маълумот йўқ. Тадқиқотчилар нефт заводига оид ҳужжатни зарарли дастур намуналари ичидан топишган, аммо бу операциянинг асл мақсади нима бўлгани ва корхона тизимига бузиб кирилган-кирилмагани борасида етарли далил келтиришмаган.

Давлатлар нима деди?

«Reuters» агентлиги мазкур тадқиқот натижалари бўйича Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Беларус ҳукуматларига изоҳ сўраб мурожаат қилган, бироқ мақола эълон қилингунга қадар ҳеч қандай жавоб ололмаган. Орск заводи ва Нижний Новгород шаҳар ҳукумати ҳам агентлик сўровларини жавобсиз қолдирган. Шунингдек, агентлик мухбирлари хакерлар билан ҳам боғланишга уриниб кўришган, аммо бунинг иложи бўлмаган.

Теглар

Мавзуга оид