Ўзбекистоннинг ташқи савдо баланси манфий чиқди

Йилнинг дастлабки тўрт ойида савдо дефицити 6,38 миллард долларни ташкил қилди.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо баланси манфий чиқди

2026 йилнинг январ–апрел ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26,33 миллиард долларга етди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,44 миллиард доллар ёки 5,8 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида экспорт ҳажми 9,97 миллиард долларга тенг бўлиб, бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 16,8 фоизга қисқарди.

Импорт эса 16,36 миллиард долларга етиб, 26,7 фоизга ошди. Натижада ташқи савдо балансида 6,38 миллиард долларлик манфий салдо шаклланди.

Шу билан бирга, олтинсиз товарлар экспорти 5 миллиард доллардан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга ўсди.

Хитой ва Россия асосий ҳамкорлар бўлиб қолмоқда


Ўзбекистон ташқи савдосида асосий ҳамкор сифатида Хитой ўз позициясини янада кучайтирди. Тўрт ойлик савдо ҳажми 6,22 миллиард долларга етиб, умумий ташқи савдо айланмасининг 23,6 фоизини ташкил қилди.

Иккинчи ўринда 4,52 миллиард доллар билан Россия қайд этилди. Йил бошидан буён Хитой билан савдо ҳажми 49,3 фоизга, Россия билан эса 19,4 фоизга ошган.

Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо ҳамкори қаторига Қозоғистон (1,8 миллиард доллар), Туркия (920,6 миллион доллар) ва Афғонистон (728,2 миллион доллар) ҳам кирди. Шунингдек, Жанубий Корея, БАА, Франция, Германия ва Ҳиндистон ҳам биринчи ўнталикдан жой олди.

Экспортда саноат маҳсулотлари етакчилик қилди

Мамлакат дунёнинг 175 дан ортиқ давлати билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Экспорт таркибида товарлар улуши 65,3 фоизни ташкил қилди.

Асосий улуш саноат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди — 15 фоиз. Шунингдек, кимё маҳсулотлари 8,1 фоиз, турли тайёр маҳсулотлар 7,9 фоиз ва озиқ-овқат ҳамда тирик ҳайвонлар экспорти 7,5 фоизни ташкил этди.

Импортнинг асосий қисмини техника ва транспорт ускуналари ташкил қилди

Ҳисобот даврида импорт ҳажми 16,36 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,7 фоизга ўсди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт ускуналари ҳиссасига тўғри келди — 33,7 фоиз. Шунингдек, саноат маҳсулотлари 15,3 фоиз ва кимёвий маҳсулотлар 12,4 фоиз улуш билан етакчи позицияларни эгаллади.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 150 дан ортиқ давлатдан товар ва хизматлар импорт қилди. Импортда ҳам Хитой етакчилик қилди ва унинг улуши 32,4 фоизни ташкил этди. Кейинги ўринларда Россия (18,8 фоиз), Қозоғистон (8,5 фоиз), Жанубий Корея (3,8 фоиз), Туркия (3,4 фоиз), Ҳиндистон (2,3 фоиз) ва БАА (2,2 фоиз) қайд этилди.

Теглар

Мавзуга оид