Logo

«Payme»нинг 9 ойлик соф фойдаси қарийб 316 млрд сўмга етди

Бугун 18:152 дақиқа

Компаниянинг соф тушуми бир йилда 48,2 фоизга ўсиб, 791,6 млрд сўмга етди. Бироқ компаниянинг жами активлари йил бошига нисбатан икки баравардан ортиқ қисқарди.

«Payme»нинг 9 ойлик соф фойдаси қарийб 316 млрд сўмга етди © Payme

«Payme» АЖ 2026-йилнинг тўққиз ойида 315,5 млрд сўм соф фойда кўрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (288 млрд сўм) нисбатан 10 фоизга кўп. Бу ҳақда компания томонидан эълон қилинган 9 ойлик ҳисоботда маълум қилинди.

Ҳисобот даврида компаниянинг маҳсулот ва хизматларни сотишдан тушган соф тушуми 2025-йилнинг шу даврига (534,2 млрд сўм) нисбатан 48,2 фоизга ўсиб, 791,6 млрд сўмни ташкил этди.

Харажатлар ва даромадлар динамикаси

Компаниянинг сотилган маҳсулот ва хизматлар таннархи 141,5 млрд сўмдан 268,6 млрд сўмга ошган бўлса, ялпи фойда 33,2 фоизга ўсиб, 392,7 млрд сўмдан 523,0 млрд сўмга кўтарилган.

Давр харажатлари ҳам ўсиб, 131,9 млрд сўмдан 174,3 млрд сўмга етган. Жумладан, сотиш харажатлари 48,9 млрд сўмдан 91,0 млрд сўмга, бошқа операцион харажатлар эса 29,5 млрд сўмдан 49,9 млрд сўмга ошган. Шу билан бирга, маъмурий харажатлар 53,5 млрд сўмдан 33,5 млрд сўмгача камайган.

Натижада, асосий фаолиятдан олинган фойда 260,8 млрд сўмдан 348,7 млрд сўмга ортган. Бироқ, молиявий фаолиятдан даромадлар 32,0 млрд сўмдан 18,7 млрд сўмга қисқарган ва молиявий харажатлар 0,4 млрд сўмдан 11,3 млрд сўмга кўпайган (шундан 11,1 млрд сўми фоизлар шаклидаги харажатлардир).

Фойда солиғигача бўлган фойда 356,1 млрд сўмни ташкил этган ва фойда солиғи 4,8 млрд сўмдан 40,5 млрд сўмга кескин ошган. Якуний соф фойда эса 287,6 млрд сўмдан 315,5 млрд сўмга (9,7 фоизга) ўсган.

Активлар ва капитал қисқариши

Ҳисобот даврида компаниянинг жами активлари кескин камайгани қайд этилган. Йил бошидаги 1 020,6 млрд сўмлик активлар 504,0 млрд сўмгача (50,6 фоизга) қисқарган. Шунингдек, пул маблағлари 636,9 млрд сўмдан 169,7 млрд сўмга тушган. Йил бошида қайд этилган 250 млрд сўмлик қисқа муддатли банк кредитлари эса тўққиз ойлик ҳисобот даври охирида кўрсатилмаган.

Бундан ташқари, хусусий капитал 740,7 млрд сўмдан 388,9 млрд сўмгача камайган. Унинг асосий қисмини ташкил этувчи тақсимланмаган фойда ҳам 716,7 млрд сўмдан 365,0 млрд сўмга тушган. Устав капитали эса ўзгаришсиз, 20 млрд сўмлигича қолган.

Маълумот учун, «Payme» тўлов ташкилоти ТБC Узбекистан экотизимининг бир қисми ҳисобланади. TBC Group тўлов ташкилотини 2023-йили тўлиқ сотиб олганди. Ўшанда ТБC Паймеънинг 49 фоиз улуши учун 55,7 млн доллар тўлаганди. Қолган 51 фоизлик улуш эса 2019-йили харид қилинган. Компания 2025-йилда 390 млрд сўм соф фойда олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Click» тўққиз ойда қанча фойда олганлиги ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид