
«Протоколлар тўлиқ бузилган» — Ўзбекистонда саратонни эрта аниқлаш муаммолари ҳақида
Онкологик касалликлар, Ўзбекистонда уни эрта аниқлаш ва даволаш муаммолари ҳамда ота-оналардаги онкосаводхонлик даражаси пастлиги ҳақида шифокор ўз фикрларини билдирди.
Онкологик касалликка чалинган болаларга хайрия ёрдамлари кўрсатувчи «Меҳр томчиси» ҳаракати раҳбари, шифокор Муаззам Иброҳимова Vaqt.uz сайтига берган интервюсида
Шифокор жамиятда на ота-оналарда ва на шифокорларда онкосаводхонлик етишмаслигини афсус билан қайд этар экан, бунинг оқибатларини Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида яшовчи Фарангиз исмли қизалоқнинг ҳаётидаги оғир фожиа мисолида гапириб берди.Унинг айтишича, Фарангизда юинг саркомаси аниқланган.
Маълумот учун: юинг саркомаси — бу суяк ёки унинг яқинидаги юмшоқ тўқималарда (ёғ, мушак, бириктирувчи тўқималар) пайдо бўладиган ўсманинг бир тури. Бу касаллик, асосан, ўсмирлар ва ёшларда учрайди ва жуда тез ўсиб, бошқа органларга, хусусан, ўпка ва суяк илигига тарқалиши (метастаз бериши) мумкин – таҳр.
Феврал ойида онаси Фарангизни оёғидаги оғриқ сабаб педиатрга олиб борган. Онанинг айтишича, педиатр Фарангизнинг оғриётган оёғини ушлаб кўрган ва «бўйи ўсяпти, шунинг оғриғи», деган гапни айтган. Шунингдек, яшаш шароитини сўраган ҳолда шамоллашни тахмин қилиб, иссиқ геллар ёзиб берган. Она доктор ёзган гелларни ҳар куни қизига суриб юраверган ва ҳолат июл ойигача давом этган. Лекин июл ойида кўришяптики, қизчанинг оёғида жуда катта шиш пайдо бўлган. Улар яна шу докторга борган ва у буюрган дорилар таъсир қилмаганини айтган. Педиатр фақат шундан кейингина болани онколог қабулига юборган.
Онколог эса нима қилган, битта ПЕТ-КТ қилган (саратoнни аниқлаш учун ишлатиладиган радиoлoгик тест – таҳр) ва биопсия қилмасдан туриб, (ташхис қўйиш ёки текшириш мақсадида одам организмидан бир бўлак тўқима ёки ҳужайрани олиб, уни лабораторияда унинг тарбиатини ўрганиш усули) болага 8 курс кимё терапияси ёзган.
Бола 8 курс кимё билан март ойигача келган ва оғриқлар чидаб бўлмайдиган ҳолатга келгач, энди оёқни кесиш қарорига келишган. Очиб, эндопротез қўйишган. Сентябр ойида эса қизчани «бўлди, яхши бўлиб кетдинг», дея уйига юборишган. Лекин уйидан она яна шикоят қиляпти-ки, болам оғриққа чидолмаяпти. Энди қарангки, боланинг елкаси, боши, оёғи, қорни оғриқ бераверган. Докторлар қизни энди ПЕТ-КТ қилишяпти ва аниқлашяпти-ки, қизнинг 33 та жойида ўсимта бор», – деди Иброҳимова.
Шифокорга кўра, кейинроқ туркиялик онколог Аҳмад Демир юинг саркомасини даволаш бўйича бутун дунё тан олган усулга Фарангиз билан амал қилинмаганини айтган.
«У даволаш усулларини битталаб текширяпти. Лекин протоколлар нотўғри, деяпти, муолажа нотўғри, деяпти. Ҳаммаси нотўғри. Энди ўзингиз ўйланг, ўша жойда бемор билан энг биринчи учрашадиган педиатрларни онкосаводхонлигини оширмасак, ота-оналар саводхонлигини оширмасак, аҳволимиз қанчалик», – деди у.
Муаззам Иброҳимова ота-оналарда ҳам онкосаводхонлик етарли эмаслигни қайд этар экан, баъзилар ҳатто фарзандининг юзидаги ўзгаришларга ҳам эътибор бермаслигини таъкидлади.
«Яқинда бир ҳолат бўлди-ки, боланинг юзидаги холнинг сифати ўзгарган. Болаларда меланомалар жуда кам ҳолатда бўлади. (Меланома – пигмент ҳoсил қилувчи ҳужайралардан келиб чиққан xавфли ўсма тури бўлиб, у кўпинча терида пайдo бўлади, лекин кўз ва шиллиқ қаватларда ҳам ривoжланиши мумкин – таҳр.) Боладаги барчанинг кўз тушиб турадиган жойга она эътибор бермаган, тушуняпсизми?
Бир кунда болангизни юзига неча марта қарайсиз? Бу унинг берк турадиган жойи эмас-ку?! Бўлмаса эрта аниқлаб берадиган қанча текширувлар бор. Оналар эрталабдан кечгача интернетга киради, лекин боласининг аҳволига эътибор бермайди. Қачонки пешонаси деворга урилгандан кейин вой мен билмабман, сезмабман, деган гаплар», – деди у.
Муаззам Иброҳимовнинг таъкидлашича, онкологиянинг профилактикасига давлат даражасида эътибор бериш вақти келган. Бу ишлар ишлар ҳатто анча аввал бошланиши керак эди.
«Масалан, бутун дунёда эмбрионал ўсимталарни хомиланинг 3-6 ойлигида ултратовуш текшируви (УТТ)да аниқланади. УТТчилар бунинг учун махсус ўқитилади. Буни аниқласа бўлади. Жуда чиқмаса, мойиллиги борлиги кўринади. Улар билан бола турли ёшларида махсус текширув, назоратда бўлади ва шу текширувларда аксар ўсимталар эрта аниқланади.
Бизнинг УТТчилар эса фақат ҳомиланинг жинсини кўрсатиб беришга қизиқади ёки кўпчилиги кўриниб турган муаммоларни ҳам тополмайди. Буни қўрқмай айтаман. Кейин бизда Болалар миллий тиббиёт маркази ва яна беш-олти жойда қўйилган Тесла-МРТ аппаратларимиз бор. Лекин уларни ҳам нормал ишлатишни билишмайди. Биз шу аппаратлар билан ҳомиладаги эрта скрингда ишлатишимиз мумкин, фойдаланишимиз мумкин. Фақат мутахассисларни қайтадан ўқитиш керак. Болалар онкологияси бугун фақат онкологларнинг муаммоси эмас. Бу — педиатрларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам, давлат ва жамиятнинг ҳам муаммоси», — деди шифокор Муаззам Иброҳимова.
Fikr vaqti дастурининг онкологик касалликлар мавзусига бағишланган сонини тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.






