Путин Ғарбга мурожаат қилди: «Яхшиси тинч яшайлик, акс ҳолда Россия жавоб қайтаради»
Россия президенти Владимир Путин Ҳарбий-саноат комиссияси йиғилишида НАТОнинг мунтазам кенгайишини асосий таҳдидлардан бири сифатида кўрсатди.

Россия президенти Владимир Путин Ғарб давлатларини «тинч яшашга» чақирди ҳамда ядровий триада мамлакат суверенитетининг кафолати бўлиб қолишини таъкидлади. Бу ҳақда у Ҳарбий-саноат комиссияси йиғилишида маълум қилди.
Путин агар Ғарб давлатлари келишувга бормаса, Москва Россия кемаларига нисбатан қилинган хатти-ҳаракатларга жавоб қайтаришга мажбур бўлишини айтган. Шу билан бирга, у Россиянинг Европа давлатлари билан муносабатларни тиклашга ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.
«Уларга шундай дегим келади: яхшиси тинч яшайлик, акс ҳолда биз ҳам жавоб беришга мажбур бўламиз», — деди Путин. У айнан қайси кемалар ҳақида сўз бораётганига аниқлик киритмаган.
НАТОнинг кенгайиши ва ҳарбий дастурлар
Путин Россия учун таҳдидлардан бири сифатида НАТОнинг кенгайишини кўрсатди. Унинг сўзларига кўра, баъзи Европа етакчилари иқтисодий ва ижтимоий сиёсатдаги хатоларини хаспўшлаш ҳамда пасайиб бораётган рейтингини сақлаб қолиш мақсадида Россия билан урушга тайёргарлик кўраётганини очиқ айтмоқда.
Шунингдек, йиғилиш давомида янги қуролланиш давлат дастурининг устувор йўналишлари белгилаб берилган.
«Сўзсиз устувор йўналишлар қаторида, аввалгидек, мамлакатимиз суверенитети кафолати бўлиб қолаётган ва дунёда кучлар балансини сақлашда асосий рол ўйнайдиган ядровий триадани мустаҳкамлаш турибди», — дея Путиннинг сўзларидан иқтибос келтирди «Интерфакс» нашри.





