Қирғизистон ШҲТ доирасида сунъий интеллект ва хавфсизлик бўйича ташаббуслар билан чиқмоқда

Бугун 14:442 дақиқа

Қирғизистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган 2026-йилда 40 дан ортиқ халқаро тадбир ўтказишни режалаштирмоқда. Бишкекда ШҲТ саммити, бизнес форумлар ва сунъий интеллект бўйича ташаббуслар муҳокама қилинади.

Қирғизистон ШҲТ доирасида сунъий интеллект ва хавфсизлик бўйича ташаббуслар билан чиқмоқда © barometr.kg

Қирғизистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган йилда турли даражадаги 40 дан ортиқ тадбир ўтказади. Бу ҳақда матбуот анжуманида Қирғизистоннинг ШҲТ бўйича миллий координатори Алмаз Бакалаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2026-йил ташкилот учун юбилей йили бўлиб, ШҲТ ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланмоқда.

Алмаз Бакалаев таъкидлашича, бугунги кунда ташкилот 10 та давлат, 15 та мулоқот бўйича ҳамкор ва 2 та кузатувчи мамлакатни бирлаштирган.

«Бу шунчаки минтақавий бирлашма эмас, балки глобал мулоқот ва стратегик шерикликнинг таъсирчан марказидир», – деди у.

Координаторнинг айтишича, йил бошидан буён Қирғизистонда темирйўл маъмуриятлари раҳбарлари, транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва соғлиқни сақлаш вазирлари учрашувлари, шунингдек, спорт ва хавфсизлик масалалари бўйича йиғилишлар ўтказилди.
 
ШҲТ  тадбирлари

Асосий тадбирлардан бири Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити бўлади. Учрашув якунлари бўйича иштирокчи давлатларнинг долзарб халқаро масалалар бўйича келишилган позициясини акс эттирувчи Бишкек декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган.

Раислик доирасида маданий, таълим ва ёшлар тадбирлари ҳам режалаштирилган. Улар қаторида Иссиқкўлдаги Айтматов форуми, ШҲТ халқаро кинофестивали, медиафорум, ШҲТ аёллар форуми, ёшлар рақамли форуми ва ёш олимлар халқаро лагери бор.
 
СИ ба бошқа таклифлар

Алмаз Бакалаевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон рақамлаштириш ва хавфсизлик соҳасида қатор ташаббусларни илгари сурган. Хусусан, республика маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича келишув лойиҳасини таклиф қилган.

Бишкек, шунингдек, ШҲТ минтақавий аксилтеррор тизими тузилмасида трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш марказини ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурмоқда. Марказ пойтахтда жойлашиши кутилмоқда.

Июн ойида Қирғизистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ишбилармонлар кенгаши йиғини ва ташкилот давлатлари тадбиркорлари ҳамда инвесторлари иштирокида бизнес-инвестфорум бўлиб ўтади.
Алмаз Бакалаев таъкидлашича, Қирғизистон раислик йилида тадбирларни сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу республика мустақиллигининг 35 йиллиги, шунингдек ШҲТ саммити ва Жаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик фонида амалга оширилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларус ўртасида минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни таъминлаш мақсадида тузилган халқаро ташкилотдир. Унинг асосий мақсадлари терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда минтақада иқтисодий шерикликни ривожлантиришдан иборат.

Теглар

Мавзуга оид