Logo

Қозоғистон депутатлик сайловига 78,9 млн доллар сарфламоқчи

Кеча 17:312 дақиқа

Мамлакатда бўлажак сайловлар билан боғлиқ харажатлар ва номзодлар сони эътиборни тортмоқда. Хусусан маблағнинг қарийб 70 фоизи сайлов комиссиялари аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш учун берилади.

Қозоғистон депутатлик сайловига 78,9 млн доллар сарфламоқчи © SI asosida yaratilgan

Қозоғистонда маслиҳат депутатларининг навбатдан ташқари сайловларини ўтказиш учун 35,8 млрд тенге (78,9 млн доллар) ажратилади. Ушбу маблағнинг қарийб 70 фоизи сайлов комиссиялари аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш учун сарфланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси йиғилишида комиссия аъзоси Михаил Бортник маълум қилди.

Бортникнинг сўзларига кўра, бюджет Молия вазирлиги ҳамда Миллий иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган. Кўлами жиҳатдан бўлажак сайлов кампанияси август ойида бўлиб ўтган Қурултой сайловлари билан таққосланади. Бироқ бу сафар кўпроқ ходим жалб этиш талаб қилинади.

Иш жараёнига қўшимча равишда 3 минг 22 та округ сайлов комиссияси жалб этилади. Уларда жами 15 минг 110 киши фаолият юритади. Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдировнинг тушунтиришича, аввал сайлов участкаларида қарийб 70 минг киши ишлаган бўлса, энди округ комиссиялари билан биргаликда уларнинг сони 85 мингдан ошади.

«Яъни, энг қуйи бўғиндаги комиссия аъзолари сони 70 минг эмас, балки 85 минг нафарни ташкил этади. Ҳудудий, вилоят ва туман комиссиялари аъзолари сони эса аввалгидек — 821 нафар бўлиб қолади», — деди Абдиров.

Сайлов харажатларининг асосий қисми кимларга йўналтирилади?

Бюджетнинг бир қисми ҳам 3 минг 113 та бир мандатли сайлов округида номзодларнинг сайловолди ташвиқотини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Дастлабки харажатлар сметаси аллақачон ҳудудларга юборилган. Айни пайтда комиссиялар шартномалар тузишга тайёргарлик кўрмоқда ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси жами 10 минг 971 номзодни рўйхатга олган.

Мамлакатнинг 20 та ҳудудида сиёсий партиялар 99 та партиявий рўйхат тақдим этган. Ушбу рўйхатларга 1 минг 219 киши киритилган. Партиявий рўйхатларда аёллар ва ёшларнинг умумий улуши 43,2 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, турли даражадаги маслиҳатларга сайловларда 3 минг 113 та бир мандатли округ бўйича 9 минг 752 номзод рўйхатга олинган. Бу эса ҳар бир депутатлик ўрни учун ўртача уч номзод рақобатлашишини англатади.

Маслиҳатларга сайловлар 29-ноябр куни бўлиб ўтади. Қозоғистонликлар 228 та маслиҳатга жами 3 минг 447 депутатни сайлаши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда президентлик сайловлари учун харажатлар сметаси тасдиқланганди.

Теглар

Мавзуга оид