Logo

«Росатом»нинг молиявий муаммолари Марказий Осиёнинг ядровий энергия амбицияларини хавф остида қолдирмоқда

Бюджет қисқартиришлари Қозоғистон ва Ўзбекистондаги лойиҳаларни шубҳа остига қўйди.

«Росатом»нинг молиявий муаммолари Марказий Осиёнинг ядровий энергия амбицияларини хавф остида қолдирмоқда © Foto: orda.kz

Қозоғистон ва Ўзбекистон яқин орада атом энергетикасини ривожлантириш бўйича режаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлиши мумкин. Сабаби, ҳар икки Марказий Осиё давлатида атом электр станцияларини қуриш бўйича келишувларга эга бўлган Россиянинг «Росатом» давлат ядро корпорацияси катта молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда.

«Росатом» раҳбари Алексей Лихачёв компания «иқтисодий шароитларнинг ёмонлашгани» сабабли жорий йилда инвестиция дастурини қарийб 50 фоизга қисқартираётганини маълум қилди. У «Росатом» кейинги 18 ой ичида операцион харажатларни 10 фоизга камайтиришга ҳаракат қилишини айтди.

«Биз бир қатор лойиҳалардан дарҳол воз кечдик ёки уларни амалга ошириш муддатларини кейинги даврга кўчирдик. Бунда асосий мезон — 2030-йилгача бўлган даврда самарадорлик, яъни ҳар бир инвестиция рублига кўпроқ фойда ва даромад олиш имкониятидир», — деган у.

Компаниянинг молиявий муаммолари кўпинча Россиянинг Украинадаги уруши билан боғланмоқда. Бу можаро Россиянинг молиявий имкониятларига салбий таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, халқаро санкциялар ҳам «Росатом» фаолиятига қийинчилик туғдирмоқда.

Лихачёв қайси лойиҳалар қисқартирилиши ёки кечиктирилишини аниқ айтмаган. Қозоғистон 2025-йилда «Росатом» компаниясига мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома берган эди. АЭС Балхаш кўли соҳилларида қурилиши режалаштирилган. Шундан кейин лойиҳа кечикишлар ва турли келишмовчиликларга дуч келди. Кўплаб кузатувчилар бу ҳолат «Росатом»нинг молиялаштириш масаласидаги қийинчиликлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Лихачёвнинг сўнгги баёноти ушбу лойиҳа 2030-йилларнинг ўрталарига мўлжалланган ишга тушириш муддатига улгуриши борасидаги шубҳаларни янада кучайтирди. «Росатом» Ўзбекистонда ҳам кичик қувватли атом электр станцияларини қуриш бўйича дастлабки келишувга эга. 2026-йил бошида компания вакиллари молиялаштириш бўйича хавотирларни камайтириш мақсадида лойиҳани кенгайтириб, атом энергетикаси кластерини яратишни таклиф қилган эди. Лихачёвнинг янги баёноти Тошкентдаги шубҳаларни янада кучайтириши мумкин.

Бироқ Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «Росатом»га муқобил вариантлари ҳам мавжуд. Қозоғистон аллақачон Хитой компанияси билан мамлакатда иккита атом электр станцияси қуриш бўйича келишувга эга. Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон АҚШ билан кичик модулли атом реакторларини (СМР) ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирган.

Тарихан Россия ҳукумати учун катта даромад манбаларидан бири бўлиб келган «Росатом» молиявий муаммоларга дуч келаётган ягона йирик Россия компанияси эмас. Энергетика гиганти «Газпром» акциялари нархи ҳам сўнгги уч ой ичида кескин тушиб кетди. Ҳозир компаниянинг бозор қиймати атиги 25 миллиард доллар атрофида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва Марказий Осиёда «ядровий занжир» яратишда давом этаётгани, Ўзбекистон ва Қозоғистондан сўнг Қирғизистон ҳам Россиянинг атом лойиҳалари орбитасига кираётгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид