Logo

Россия Қозоғистондан Ўзбекистон буғдой бозорини тортиб олишга ҳаракат қилмоқда — «Eurasia»

Бугун 15:054 дақиқа

Таҳлилчиларга кўра, Қозоғистоннинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида Россия донига қўйган тақиқи тескари натижа берган. Рус буғдойи эса ҳатто транзит харажатлари билан ҳам Ўзбекистон бозорига арзонроқ кириб келмоқда.

Россия Қозоғистондан Ўзбекистон буғдой бозорини тортиб олишга ҳаракат қилмоқда — «Eurasia» © sputnik

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ғалла рақобати Ўзбекистон бозорига ҳам ўз таъсирини ўтказиши кутилмоқда. Бир томондан, Россия Ўзбекистонга катта ҳажмда буғдой етказиб беришни режалаштираётган бўлса, иккинчи томондан, Қозоғистон ҳанузгача дон ва ун экспорти бўйича Ўзбекистондаги етакчилигини сақлаб турибди.

14 сентябр куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотларига таяниб, «Interfax» нашри Россиянинг «Steppe» агрохолдинги билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонга Каспий денгизи орқали 500 минг тонна буғдой етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинганини хабар қилди. Маҳсулотларни ташиш учун Астрахан ва Махачқалъа портларидан фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Томонлар келгусида ушбу лойиҳани амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олган.

Россиянинг устунлиги нимада?

«Eurasia» нашрининг ёзишича, Россия Қозоғистонни Марказий Осиё буғдой ва ун бозоридан сиқиб чиқармоқда. Украина дронларининг фаоллиги сабабли Қора денгиз орқали йирик ҳажмдаги донни ташишда муаммоларга дуч келган Москва ўз маҳсулотини Марказий Осиёга Остона рақобатлаша олмайдиган паст нархларда етказиб бермоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, Россия ғалласи Қозоғистон маҳсулотлари билан нарх борасида фаол рақобатлашмоқда ва бунда Ўзбекистон асосий йўналишлардан бирига айланган.

«Eurasianet» мазкур хулосасини Қозоғистон томонидан Россия буғдойи импортига жорий қилинган чекловлар ҳамда Қозоғистон маҳсулотларининг экспорт нархларига оид «Caravan» нашри таҳлиллари билан асослаган.

«Caravan» ҳисоб-китобларига кўра, Россия буғдойининг Қозоғистоннинг Сариоғоч бекатигача етказиб берилган нархи бир тонна учун 220–225 доллар атрофида шаклланган. Қозоғистоннинг тўртинчи навли буғдойи учун эса бу кўрсаткич 245 доллар деб баҳоланган. Нашр маҳсулотлар ўртасидаги нарх тафовутини тахминан 20 доллар деб ҳисоблаган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги июл ойида Россия дони импортига тақиқ жорий этган эди.

«Караван» нашри томонидан эълон қилинган таҳлилга кўра, ушбу чеклов чораси тескари натижа бериб, Қозоғистон буғдойининг экспорт нархига босим ўтказган. Натижада Россия буғдойи Қозоғистоннинг анъанавий харидорлари, хусусан, минтақанинг энг кўп аҳолисига эга давлати бўлган Ўзбекистон ва Афғонистон бозорларига жадал кириб бормоқда. Ҳатто Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилиш билан боғлиқ юқори транспорт харажатларига қарамай, Россия дони қозоқ маҳсулотига нисбатан арзонроққа тушмоқда.

«Бу кузда биз Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг монополия яратиш тўғрисидаги қарори туфайли тўловга қобилиятсизлик, корхоналарнинг ёпилиши ва ишдан бўшатишларнинг янги тўлқинига дуч келишимиз мумкин», — дейилади «Караван» таҳлилида.

«Биз шунчаки бу [Россия] поездларининг ёнимиздан ўтиб кетаётганини томоша қилмоқдамиз. Агар руслар бизни ушбу бозорлардан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлса, у ерга қайтишимиз деярли имконсиз бўлади», — дея «Best-Kustanay» МЧЖ дон қайта ишлаш корхонаси директори Олег Куртваповнинг сўзларидан иқтибос келтирди нашр.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2026 йил 11 июлдаги 273-сонли буйруғига асосан, буғдойни автомобил, сув ва темирйўл транспорти орқали мамлакат ҳудудига олиб киришга олти ойлик тақиқ жорий қилинган эди. Мазкур ҳужжат 27 июлдан кучга кирган.

Қозоғистоннинг Ўзбекистон бозоридаги улуши

Бугунги кунда Қозоғистоннинг Ўзбекистон ғалла бозоридаги ўрни жуда катта.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг сентябридан 2026 йилнинг 30 июлига қадар мамлакатдан экспорт қилинган дон ва уннинг умумий ҳажми (дон эквивалентида) 13,9 миллион тоннани ташкил этган. Шундан 5,8 миллион тоннаси айнан Ўзбекистонга етказиб берилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ошган.

Ўзбекистоннинг ички статистикаси ҳам Қозоғистоннинг ун бозоридаги улуши нечоғлиқ юқори эканини тасдиқлайди. Статистика агентлиги маълумотларига қараганда, 2025 йилда Ўзбекистон 422,6 минг тонна буғдой уни импорт қилган. Унинг 399,8 минг тоннаси Қозоғистон, 22,1 минг тоннаси эса Россия ҳиссасига тўғри келган. Импортнинг умумий қиймати 124,6 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистон учун янги рақобатнинг аҳамияти нимада?

Рақамларга юзланадиган бўлсак, Ўзбекистонда Қозоғистоннинг ғалла ва ун маҳсулотлари учун аллақачон шаклланиб улгурган йирик бозори мавжуд. 2025 йилда Ўзбекистон импорт қилган буғдой унининг 94 фоизидан ортиғи айнан Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.

Айни пайтда Ўзбекистон Россиядан ҳам катта ҳажмда буғдой харид қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, гап 500 минг тоннагача бўлган эҳтимолий экспорт ва уни Каспий денгизи орқали ташишнинг янги логистик йўналиши ҳақида кетмоқда.

Бу айни дамда Ўзбекистон бозорида Россия маҳсулотларининг кўпайиши ва Қозоғистон маҳсулотлари билан рақобат масаласи янада долзарблашишини англатади.

Теглар

Мавзуга оид