Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси иштирокчиларини табриклади
Мусобақаларда қашқадарёлик Кумуш Кўчкинова дзюдо ва кураш бўйича иккита олтин медални қўлга киритди. Тошкент вилояти вакили Муштарий Ўролова эса оғир атлетика бўйича жаҳон рекордини ўрнатди.
© Foto: president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси мусобақаларида иштирок этган ёш спортчиларни табриклади. Давлат раҳбари ўз табригида мусобақалар давомида қайд этилган натижалар, жаҳон ва Ўзбекистон рекордлари, шунингдек, бир нечта олтин медални қўлга киритган спортчиларни алоҳида қайд этди.
Президентнинг таъкидлашича, икки ҳафтадан ортиқ давом этган беллашувларда ёш спортчилар юқори натижалар кўрсатиб, янги рекордларни ўрнатган. Ушбу мусобақалар нафақат спортда биринчилик учун кураш, балки ёшлар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш майдонига ҳам айланган.
«Энг муҳими, ушбу тизим ғалабага чанқоқ, шижоатли ва тиришқоқ минг-минглаб спортчи ёшларимиз учун катта имкониятлар майдонига айланмоқда, ҳудудларимиз ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари мусобақаларда қашқадарёлик Кумуш Кўчкинова дзюдо ва кураш бўйича иккита олтин медални қўлга киритганини таъкидлади. Тошкентлик Аиша Енина эса бадиий гимнастикада учта олтин, битта кумуш ва битта бронза медалига сазовор бўлган.
Жаҳон рекорди ва олтин медаллар
Президент табригида оғир атлетикачи Муштарий Ўролованинг натижалари алоҳида қайд этилди. Тошкент вилояти вакили 60 килограммдан юқори вазн тоифасида даст кўтаришда 109 килограмм, силтаб кўтаришда 136 килограмм натижа кўрсатган. Икки кураш якунига кўра эса 245 килограмм натижа билан жаҳон рекордини ўрнатган.
Шунингдек, Шердор Эшпўлатов, Икром Мўминбоев, Беҳрўз Ҳасанов, Солиҳа Баҳодирова, Дилфуза Йўлдошева ва Зуҳра Иброҳимова ушбу йўналишда Ўзбекистон рекордини янгилаган.
Парасузиш мусобақаларида андижонлик Ҳикматулла Ҳайдаралиев ва қорақалпоғистонлик Шаҳноза Ережепбаева тўрттадан олтин медални қўлга киритган.
Сирдарёлик енгил атлетикачи Дурдона Жуманқулова эса уч кураш беллашувларида 2014 очко жамғариб, ушбу тоифада 14 ёшли спортчилар орасида энг юқори натижага эришган.
Президент мусобақаларда иштирок этган барча спортчилар тажриба тўплаганини таъкидлаб, уларнинг келгусида қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч билдирди.
Спортчиларни қўллаб-қувватлаш
Шавкат Мирзиёев табригида ёш спортчиларнинг натижаларида ота-оналар, устоз ва мураббийларнинг ҳиссасини ҳам алоҳида эътироф этди. У фарзандларининг катта спортда ўз ўрнини топиши учун уларни қўллаб-қувватлаб келаётган оилалар ва мураббийларга миннатдорлик билдирди.
«Тилагим – ўз кучингизга бўлган ишончни ҳеч қачон йўқотманг, ўз устингизда ишлашдан асло тўхтаманг!» — деди президент ёш спортчиларга мурожаатида.
Давлат раҳбари ҳақиқий чемпионлар нафақат ғалаба қозониши, балки қийинчиликларни мардона енгиб, мақсад сари қатъий интилиши билан ҳам ибрат кўрсатишини таъкидлади.



