add

Сирдарёда Хитой ҳамкорлигида фармацевтика олийгоҳи очилади

Кеча 19:381281 дақиқа

Президент Сирдарёда янги фармацевтика олийгоҳини барпо этиш, йирик экотуризм ҳудудлари яратиш ва ёшларни Хитойда ўқитиш бўйича кўрсатма берди.

Сирдарёда Хитой ҳамкорлигида фармацевтика олийгоҳи очилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда Сирдарё вилоятининг иқтисодий ривожи, бандлик сиёсати ва таълим йўналишларини қамраб олган бир қатор йирик лойиҳалар тақдим этилди. Йиғилишда билдирилишича, Гулистон шаҳридан ўтувчи «Дўстлик» канали бўйида 67 гектар майдонда замонавий савдо-кўнгилочар мажмуа барпо этилади.

Президент аҳоли бандлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришда янги ёндашувлар жорий этиш зарурлигини таъкидлаб, маҳаллий раҳбарлар доимий равишда тажриба орттириши лозимлигини қайд этди. Шу мақсадда 11 та туман ҳокимининг биринчи ўринбосарларини Пекиндаги Камбағалликка қарши курашиш бўйича халқаро марказда амалиёт ўташини ташкил этиш топширилди.

Ёшлар малакасини ошириш доирасида Сирдарё вилоятидан 50 нафар ёшни Пекин шаҳрига юбориб, автомобил хизмат кўрсатиши бўйича ўқитиш режалаштирилди. Шу билан бирга, касб-ҳунар таълими имкониятларини кенгайтириш мақсадида Гулистон университети қошида Хитойнинг «Лу Бан устахонаси» дастури асосида ўқув маркази ташкил этилади.

Йиғилишда яна бир муҳим ташаббус сифатида Сирдарё туманидаги тиббиёт техникуми негизида Хитой билан ҳамкорликда фармацевтика технологиялари йўналишида илмий-амалий олийгоҳни барпо этишга кўрсатма берилди.

Теглар

Мавзуга оид