Logo

Сиёсий мағлубият ва биржадаги қулаш: Маскнинг Техасдаги хатоси

08.11.2026 | 15:002 дақиқа

Илон Маск бир кунда 33 млрд доллар йўқотди, аммо ҳамон энг яқин рақобатчиси Жефф Безосдан 490 млрд долларга бойроқ.

Сиёсий мағлубият ва биржадаги қулаш: Маскнинг Техасдаги хатоси © Win McNamee/Getty Images

АҚШдаги оралиқ сайловлардан сўнг Tesla ва SpaceX акциялари қийматининг пасайиши оқибатида Илон Маскнинг бойлиги бир кун ичида 33 миллиард долларга камайди. Шунга қарамай, у дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида иккинчи ўриндаги рақобатчисидан қарийб 490 миллиард долларга олдинда бормоқда. Бу ҳақда Business Insider хабар бермоқда.

Bloomberg миллиардерлар индексига кўра, чоршанба кунги савдолар ёпилиши ҳолатига Илон Маскнинг бойлиги 865 миллиард долларни ташкил қилган. Унинг энг яқин таъқибчиси, Amazon асосчиси Жефф Безоснинг даромади эса 375 миллиард долларга тенг.

Рақамлар шуни кўрсатадики, Маск Безоснинг бутун бойлигига тенг миқдордаги маблағни йўқотган тақдирда ҳам, сайёрадаги энг бой одам мақомини сақлаб қолади ва бошқалардан 115 миллиард долларга бойроқ бўлиб қолаверади.

Tesla ва SpaceX компанияларидаги улкан улушлари эвазига Маскнинг бойлиги рўйхатнинг 2, 3 ва 4-ўринларини эгаллаб турган Жефф Безос ҳамда Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Бринларнинг умумий бойлигидан ҳам кўпроқдир. Бироқ бу улушларнинг катталиги компаниялар акциялари тушган пайтда Маскнинг бойлиги ҳам кескин тебранишига сабаб бўлади. Чоршанба куни ҳар икки компания акциялари 3 фоиздан кўпроққа тушиб кетди ва уларнинг умумий бозор қийматидан қарийб 100 миллиард доллар йўқотилди.

Сайловлардаги йўқотишлар ва сиёсий сарф-харажатлар

Акцияларнинг сотилиши Маск учун қимматга тушган сиёсий мағлубият ортидан юз берди. Миллиардер оралиқ сайловлар олдидан Республикачилар партияси номзодлари ва гуруҳларини қўллаб-қувватлаш учун камида 446 миллион доллар сарфлади. Шундан 224 миллион доллари Техасдаги республикачиларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган эди. Бироқ Техас сайловчилари Демократлар партияси вакиллари Жеймс Таларикони Сенатга, Жина Инохосани эса штат губернаторлигига сайладилар.

Маскнинг ҳар икки йирик компанияси штаб-квартираси Техасда жойлашгани ва бу ерда катта ҳажмдаги ишлаб чиқариш операциялари олиб борилиши ҳисобга олинса, сайлов натижалари унинг бизнеси учун бир кунлик биржа савдоларидан ҳам каттароқ оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бизнес учун янги хавфлар

Tesla компаниясининг АҚШдаги асосий ишлаб чиқариш заводи (Gigafactory) Остин шаҳри яқинида жойлашган. Шунингдек, бу ерда Маскнинг чип ишлаб чиқарувчи Terafab заводини қуриш режалари ҳам бор. Бундан ташқари, SpaceX ўзининг Starship кемаларини шу штатдаги Starbase базасидан учиради.

Янги сайланган губернатор Жина Инохоса штатда янги маълумотлар марказлари (data centers) қурилишига зудлик билан мораторий эълон қилишга ваъда берган. Конгрессда демократларнинг назорати ўрнатилиши эса технология компаниялари устидан назоратнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Илон Маск ушбу ҳолатга Х тармоғида ҳазил билан муносабат билдириб, унинг «сайловларга аралашувчи космик лазерлари» муваффақиятсизликка учраганини ёзди. У, шунингдек, Техасда демократларнинг ғалабасидан сўнг, SpaceX'нинг орбитада маълумотлар марказларини қуриш режаси «ҳозир жуда жозибадор кўринмоқда» дея қўшимча қилди.

Теглар

Мавзуга оид