Logo

«Солиқ ҳосилдан олиниши керак, уруғликдан эмас»: омонатларга солиқ таклифи иқтисодчилар танқидига учради

Бугун 13:1510 дақиқа

Ўзбекистонда банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ жорий этиш таклифи баҳсларга сабаб бўлди. Vaqt.uz мазкур ташаббус бўйича Марказий банкнинг муносабати, иқтисодчиларнинг эътирозлари ва хориж тажрибасини ўрганди.

«Солиқ ҳосилдан олиниши керак, уруғликдан эмас»: омонатларга солиқ таклифи иқтисодчилар танқидига учради

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг банк омонатлари бўйича фоиз даромадларига 5 фоиз миқдорида солиқ жорий этиш таклиф қилинди. Бу таклиф «Фискал мулоқот» тадбирида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда Фискал таҳлиллар институти томонидан илгари сурилди, дея хабар бермоқда Vaqt.uz  мухбири.

Институт тақдимотига кўра, банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадлари 1998-йилдан буён солиқдан озод қилинган. Бугунги кунда бу солиқ тўланмайдиган ягона пассив даромад тури ҳисобланади.

Айни пайтда дивидендлардан 5 фоиз, уй-жой ёки бошқа мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлар, роялти ва капитал ўсишидан олинган даромадлардан эса 12 фоиз солиқ ундирилади.

Шу сабабли Фискал таҳлиллар институти банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига ҳам дивидендлар каби 5 фоизлик солиқ жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисобламоқда. Бунинг учун Солиқ кодексининг 381-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилган.

Рисунок1

Манба: Vaqt.uz

 

Хориж тажрибаси мисол қилиб келтирилди

Тақдимотда бошқа давлатлар тажрибаси ҳам келтирилган. Унга кўра, банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадлари Қозоғистон, Озарбайжон ва Ҳиндистонда 10 фоиз, Таиландда 15 фоиз, Индонезияда 20 фоиз, Германияда 26,4 фоиз ставкада солиққа тортилади. Туркияда эса бу ставка 15 фоиздан 40 фоизгача ўзгаради. Бунга батафсил тўхталамиз.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, 5 фоизлик солиқ жорий этилса, давлат бюджетига қарийб 1,4 трлн сўм қўшимча даромад тушиши мумкин. Бунда 2026-йил 1-май ҳолатига жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари 170,2 трлн сўмни ташкил этгани, ўртача фоиз ставкаси 16 фоиз экани ҳисобга олинган.

Масалан, фуқаро банкка 200 млн сўмни йиллик 20 фоиз ставкада омонат қўйса, бир йилда 40 млн сўм фоиз даромади олади. Таклифга кўра, ана шу 40 млн сўмнинг 5 фоизи, яъни 2 млн сўми солиқ сифатида ушлаб қолинади.

Ҳозирча бу фақат таклиф

Айни пайтда бу ташаббус фақат таклиф бўлиб, Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар ҳали киритилмаган. Яъни, банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадлари ҳозирча амалдаги тартиб бўйича солиққа тортилмайди.

Шунга қарамай, хабар ижтимоий тармоқларда иқтисодчилар, экспертлар ва жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар бу бюджетга қўшимча даромад келтиришини таъкидласа, бошқалар бундай солиқ аҳолининг банкларда пул сақлашга бўлган қизиқишини камайтириши мумкинлигини айтмоқда.

Муҳокамалардан сўнг Марказий банк ҳам мазкур таклиф юзасидан ўз позициясини билдирди.

Марказий банк: «Бу расмий таклиф эмас»

Таклиф кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Марказий банк расмий муносабат билдирди.

Регуляторнинг таъкидлашича, банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига солиқ жорий этиш ҳақидаги фикр Фискал таҳлиллар институти томонидан ўтказилган илмий-таҳлилий тадқиқот доирасида илгари сурилган. Институт халқаро тажриба ва иқтисодий жараёнларни ўрганиш асосида турли таҳлилий таклифларни ишлаб чиқиши табиий экани қайд этилди.

Марказий банк ушбу фикр илмий-тадқиқот натижалари тақдимоти давомида билдирилганини, у ҳозирча расмий таклиф сифатида киритилмаганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, регулятор бундай ташаббуслар кўриб чиқилганда уларнинг молиявий ресурслар қийматига, банкларнинг ресурс базаси ҳамда молиявий барқарорликка таъсири ҳар томонлама баҳоланишига алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди.

Иқтисодчилар нимадан хавотирда?

Таклиф эълон қилингач, иқтисодчилар турли жиҳатларга эътибор қаратди. Уларнинг аксарияти солиқ ставкасининг ўзи эмас, балки унинг банк омонатлари, банк тизими ва умуман иқтисодиётга таъсири муҳимроқ эканини таъкидламоқда.

«Давлат одамларни пулини банкка олиб киришга ундаётган пайтда айнан шу ишончни солиққа тортиб қўйиши мумкин» — Ботир Қобилов

Иқтисодчи Ботир Қобилов банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ жорий этиш ғояси назарий жиҳатдан тушунарли бўлса-да, Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида унга эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарурлигини айтди.

Биринчидан, унинг фикрича, таклиф қилинаётган солиқ реал эмас, номинал даромаддан ундирилади.

«Бу солиқ реал даромадга эмас, номинал даромадга солиниши таклиф қилинмоқда, тўғри тушунган бўлсам. Банк тўлайдиган фоизнинг катта қисми аслида одамни бойитмайди — у фақат инфляция сабаб йўқотилган харид қобилиятини қоплайди. Масалан, дейлик, омонат фоизи 16 ва инфляция 6–7 фоиз бўлса, одамнинг реал даромади 16 фоиз эмас, тахминан 9 фоиз атрофида бўлади. Давлат эса 5 фоизлик солиқни шу 9 фоизлик реал даромаддан эмас, тўлиқ 16 фоиз номинал даромаддан олади».

Иккинчидан, иқтисодчи бундай ташаббус Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати билан қарама-қаршиликка олиб келиши мумкинлигини таъкидлайди.

«Одатда Марказий банк инфляцияни пасайтириш учун юқори фоиз ставкаларини сақлайди ва юқори депозит ставкалари одамларни бугун кўпроқ истеъмол қилиш ўрнига пулини банкда сақлашга ундайди. Лекин бир томондан Марказий банк омонатни жозибадор қилишга ҳаракат қилса, иккинчи томондан давлат унинг даромадини солиққа тортса, бу икки сиёсат бир-бирига қарши ишлайди. Одамга аввалги 16 фоизлик соф даромадни бериш учун банк энди тахминан 16,8 фоиз ставка таклиф қилиши керак бўлади. Бу эса банкларнинг ресурс харажатини оширади. Банк ресурси қимматлашса, кредит ҳам қимматлашади», — деб ёзмоқда иқтисодчи.

Учинчидан, Қобилов бундай қарорнинг психологик таъсири унинг молиявий таъсиридан ҳам каттароқ бўлиши мумкинлигини қайд этади.

«Оддий омонатчи эса бу янгиликни бошқача қабул қилиб, «давлат банкдаги пулимизга солиқ солишни бошлади», дейди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда бу «омонатлардан 5 фоиз олиб қўйилади» деган нотўғри шаклда тарқалиши эҳтимоли жуда юқори. Одамлар бугунги 5 фоизни эмас, эртага нима бўлишини ҳам ўйлайди. Молиявий тизимда ишонч жуда секин қурилади, лекин битта қарор билан тез йўқолиши мумкин».

Тўртинчидан, у давлат бюджетига тушиши кутилаётган 1,4 трлн сўмлик қўшимча даромад ҳисоб-китобини шартли деб ҳисоблайди.

«1,4 триллион сўмлик кутилаётган солиқ тушуми жуда содда ҳисоб-китобга асосланган, менимча. Бу статик ҳисоб-да, одамлар ва банкларнинг жавоб реакцияси йўқ. Солиқ жорий қилингач, янги омонатлар ўсиши секинлашиши, айрим омонатлар муддати тугагач янгиланмаслиги, пул хорижий валютага ёки бошқа активларга ўтиши, банклар депозит ставкаларини кўтариши, кредитлар қимматлашиши мумкин».

Бешинчидан, иқтисодчи бу ташаббус сўмдаги омонатларнинг жозибадорлигини пасайтириши мумкинлигини айтади.

«Сўмдаги омонат ставкаси юқори бўлишининг сабаби бор. Одам сўмда пул сақлаб, инфляция ва валюта курси хавфини ўз зиммасига олади, юқори фоиз ана шу хавф учун компенсация. Агар давлат шу компенсациянинг бир қисмини ҳам солиққа олса, сўмда сақлашнинг жозибадорлиги пасаяди».

Қобиловнинг фикрича, асосий масала солиқ ставкасининг 5 фоиз экани эмас, балки унинг банк тизимига бўлган ишончга қандай таъсир қилишидадир.

«Хуллас, асосий масала 5 фоизнинг катта ёки кичиклигида эмас, балки давлат ҳали одамларни пулини банкка олиб киришга ва сўмга ишонишга ундаётган пайтда, айнан шу ишончни солиққа тортиб қўйиши мумкин», — дея хулоса қилди Ботир Қобилов.

 

«Депозитларни солиққа тортишдан келадиган зарар фойдасидан ошиб кетиши мумкин» — Миркомил Холбоев

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, таклиф қабул қилинса, бу нафақат бюджетга қўшимча даромад келтиради, балки банк тизими ва омонатчилар хатти-ҳаракатига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Аввало, иқтисодчига кўра, 5 фоизлик солиқ давлат бюджетига 1,4 трлн сўм қўшимча даромад келтириши мумкин. Бироқ у амалда бу кўрсаткич пастроқ бўлиши эҳтимолини истисно қилмайди. Унинг фикрича, солиқ жорий этилиши омонатлардан олинадиган даромадни камайтиради.

Ҳозир миллий валютадаги омонатлар бўйича ўртача йиллик фоиз ставкаси 19,2 фоизни ташкил этаётган бўлса, янги солиқ жорий қилиниши натижасида омонатчининг қўлига тегадиган даромад 18,2 фоизгача камаяди. Бу эса айрим фуқароларни пулларини бошқа инвестиция йўналишларига йўналтиришга ундаши ёки банклардаги омонатлар ўсишини секинлаштириши мумкин. Натижада давлат кутаётган солиқ тушуми ҳам прогноз қилинганидан камроқ бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Иккинчидан, иқтисодчи ягона 5 фоизлик солиқ сўмдаги омонатларга кўпроқ таъсир қилишини таъкидлайди. Бу эса хорижий валютадаги омонатларни нисбатан жозибадорроқ қилиб қўйиши мумкин.

«5 фоизлик солиқ ставкаси сўмдаги депозитларни кўпроқ жазолайди. Юқорида ёзганимдек, 5 фоизлик солиқ ставкаси сўмда депозит қўювчи учун фоиз ставкасини қарийб 1 фоиз бандга пасайтиради. Хорижий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкаси эса 0,22 фоиз бандга пасаяди, холос. Бу эса ўз навбатида хорижий валютадаги депозитларнинг жозибадорлигини оширади», — деб ёзмоқда Холбоев.

Учинчидан, унинг айтишича, агар одамлар бунга жавобан банкларда камроқ пул сақлай бошласа, банклар кредит бериш учун ресурсларни қимматроқ нархда жалб қилишига тўғри келади. Бу эса кредитлар ҳам қимматлашига олиб келиши мумкин.

«Агар одамлар фоиз ставкаси пасайишига (солиқ) сезувчан бўлса, унда бу банк тизимида депозитларнинг камайишига олиб келади. Балки депозитлар қолдиғи қисқаришни бошламас, лекин солиқ депозитлар қолдиғи ўсишини секинлаштириши мумкин. Ўз навбатида депозитлар банклар учун ресурс манбаи ҳисобланади. Банклар депозитлар даражасини сақланиб қолиши учун фоиз ставкасини оширишни бошласа, бу банклар ажратадиган кредитлар ставкасининг ўсишига олиб келади», — дейди иқтисодчи.

Тўртинчидан, Холбоевнинг фикрича, тақдимотда бошқа давлатлар тажрибаси тўлиқ очиб берилмаган. Чунки айрим мамлакатларда омонатлар учун истиснолар ҳам мавжуд.

«Турли мамлакатларда депозитларни солиққа солишда депозит валютаси, муддати, маҳаллий ёки чет эл банкига қўйилганлиги ҳамда депозитдан даромадни солиққа солишнинг минимал чегараси мавжуд. Масалан, Озарбайжонда 18 ойдан кўпроқ муддатга қўйилган миллий валютадаги депозитлардан олинган даромад солиқдан озод қилинган».

Холбоевнинг таъкидлашича, агар бундай солиқ жорий этилса, миллий ва хорижий валютадаги омонатлар учун турли ставкаларни белгилаш ёки солиқ олинадиган минимал чегарани жорий этиш каби механизмлар ҳам кўриб чиқилиши керак.

«Ҳозирги архитектура билан депозитларни солиққа солишдан келадиган зарар, у олиб келадиган фойдадан ошиб кетиши мумкин», — дейди иқтисодчи Холбоев.

Шунинг учун депозитдан олинган даромадни солиққа тортишда энг камида миллий валютадаги депозитлар учун бошқа ставкада, хорижий валютадаги депозитлар учун эса бошқа ставкада солиқ белгилаш, депозитларни солиққа солишнинг минимал чегарасини ўрнатиш каби механизмларни жорий қилиш мақсадга мувофиқ.

«Солиқ ҳосилдан олиниши керак, уруғликдан эмас» — Беҳзод Ҳошимов

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрича, омонатлардан олинадиган даромадни солиққа тортиш масаласидан ҳам муҳимроқ муаммо — Ўзбекистондаги солиқ тизимининг ёндашувида. Унинг айтишича, амалдаги тизим кўпроқ сармояни солиққа тортмоқда, ҳолбуки солиқ инвестициядан эмас, ундан олинган даромаддан ундирилиши керак.

Ҳошимов бунга мисол сифатида корхоналар фойда солиғини келтиради. Унинг таъкидлашича, бизнес ишлаб чиқаришни кенгайтириш ёки янги ускуналар сотиб олиш учун қилган харажатларини дарҳол солиқ базасидан чегира олмайди. Натижада тадбиркорнинг инвестиция қилиш истаги пасаяди.

Иқтисодчининг қайд этишича, шунга ўхшаш ҳолат жисмоний шахслар учун ҳам мавжуд. Масалан, уйини ижарага берган фуқаро ижара даромадидан солиқ тўлайди, бироқ уйни таъмирлаш, жиҳозлаш ёки даромад келтирувчи бошқа харажатларини тўлиқ ҳисобга олиш имконига эга эмас. Бу эса инвестиция қилаётган шахс учун қўшимча юк яратади.

Ҳошимовнинг фикрича, айнан шундай ёндашув иқтисодиётда инвестицияларни рағбатлантириш ўрнига, истеъмолни афзал кўришга олиб келади.

«Таклифим шуки, ислоҳот ставкани эмас, базани нишонга олсин. Ижарадан, масалан, 12% олишса олишсин, лекин ижарага оид, ҳужжатлаштирилган, даромад келтирувчи харажатни айириб ташлаш имкони билан. Ўзбекча айтганда: уруғликни солиққа олмаслик, ҳосилдан олиш керак», — деб ёзмоқда Ҳошимов блогда.

 

Хорижда омонатлар қандай солиққа тортилади?

Фискал таҳлиллар институти тақдимотида қатор давлатларда банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадлари солиққа тортилиши мисол қилиб келтирилган. Бироқ айрим мамлакатларда солиқ ставкаси билан бир қаторда омонатчилар учун турли имтиёзлар ҳам қўлланилади.

Қозоғистонда фуқаролар маҳаллий банклардаги омонатларидан олинадиган фоиз даромадлари учун солиқ тўламайди. Солиқ фақат хорижий банкларда жойлаштирилган омонатлардан олинган даромадларга нисбатан қўлланилади.

Германияда омонатлардан олинган фоизлар капитал даромади сифатида баҳоланади. Асосий солиқ ставкаси 25 фоиз бўлса, унга 5,5 фоизлик бирдамлик йиғими ҳам қўшилади ва умумий ставка 26,4 фоизни ташкил этади. Айрим фуқаролар учун черков солиғи ҳам ундирилади. Шу билан бирга, йилига бир киши учун дастлабки 1 минг евро, эр-хотин учун эса 2 минг еврогача бўлган капитал даромади солиққа тортилмайди.

Индонезияда банк депозитлари ва жамғарма ҳисобварақларидан олинадиган фоиз даромадлари 20 фоизлик якуний даромад солиғига тортилади. Бироқ асосий суммаси 7,5 млн рупийдан (тахминан 5 млн сўм) ошмайдиган омонатлар бўйича фоиз даромадлари солиқдан озод қилинган.

Озарбайжонда банк омонатлари бўйича фоиз даромадларига 10 фоизлик солиқ ставкаси амал қилади. Бироқ миллий валютада камида 18 ой муддатга қўйилган омонатлардан олинган даромадлар солиққа тортилмайди. Бундан ташқари, миллий валютадаги бошқа омонатлар бўйича ҳам ҳар бир банкда ойига дастлабки 200 манат (тахминан 1,4 млн сўм) миқдоридаги фоиз даромади солиқдан озод этилган. Фақат ушбу лимитдан ошган қисм ва хорижий валютадаги омонатлар бўйича банк 10 фоизлик солиқни автоматик ушлаб қолади.

Туркияда ҳам банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадлари солиққа тортилади. Бироқ солиқ ставкаси омонатнинг муддатига қараб ўзгаради. Масалан, миллий валютада 6 ойгача муддатга қўйилган омонатлардан олинадиган фоиз даромадининг 17,5 фоизи, 6 ойдан 1 йилгача бўлган омонатлардан 15 фоизи, 1 йилдан ортиқ муддатга қўйилган омонатлардан эса 10 фоизи солиқ сифатида ушлаб қолинади. Бу солиқни омонатчи алоҳида тўламайди — банк фоиз даромадини тўлаш пайтида уни автоматик равишда ушлаб қолади ва қолган маблағни мижоз ҳисобига ўтказади.

 

 

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 171

Барчаси

Мавзуга оид