Солиқ имтиёзлари, шишиб бораётган тарифлар ва давлат бошқаруви харажатлари | «Аввал иқтисод»
«Аввал иқтисод» дастурининг 20-сонида иқтисодчи Отабек Бакиров билан солиқ имтиёзлари, банк омонатларига солиқ таклифи, коммунал тарифларнинг кескин ошиши эҳтимоли, давлат ташкилотлари сонининг кўпайиши ва иқтисодиётдаги бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
«Аввал иқтисод» давомида солиқ тизимида адолатни таъминлаш, иқтисодиётда рақобат муҳитини кучайтириш, давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва аҳоли учун оғирлик қилаётган қарорларнинг иқтисодий асослари ҳақида батафсил фикр юритилди.
Дастурда, шунингдек, 178 триллион сўмга етган солиқ имтиёзлари, коммунал хизматлар тарифларининг кескин ошиши эҳтимоли, Toshkent Invest ваколатларининг кенгайиши, эскроу тизимининг кечикиши ҳамда давлат бошқаруви харажатларини қисқартириш режаларининг амалга ошиш эҳтимоли ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Банк омонатларига солиқ: энг кўп баҳс уйғотган таклиф
Фискал мулоқот якунланганидан сўнг жамоатчилик асосан битта таклиф — банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ жорий этилиши ҳақида гапира бошлади.
Дастурда қайд этилишича, бюджет ва солиқ сиёсати бўйича бундай очиқ мулоқотлар ўтказилаётганининг ўзи ижобий ҳолат. Чунки аввалги йилларда келгуси йил бюджети ва солиқ сиёсатига оид асосий ўзгаришлар парламентда қисқа муддатда қабул қилиниб, жамоатчилик улар ҳақида йил охиридагина хабардор бўлар эди. Бироқ омонатларга солиқ жорий этиш таклифи қатор хавотирларни ҳам келтириб чиқарди.
Таъкидланишича, бундай қарор қисқа муддатда бюджетга қўшимча тушум келтириши мумкин. Аммо узоқ муддатда банк тизимига бўлган ишонч сусайиши, омонатлар қисқариши ва натижада кредит ресурслари қимматлашиши эҳтимоли мавжуд.
Бугунги кунда аҳолининг банк тизимига ишончи эндигина мустаҳкамланаётган бир пайтда бундай қарор салбий сигнал бўлиши мумкинлиги айтилди. Агар омонатлар ҳажми қисқарса, банкларнинг ресурс базаси камаяди, бу эса кредит фоизларининг ошишига ҳам таъсир кўрсатади.
Шу сабабли таклиф қилинаётган 1,4 триллион сўмлик қўшимча солиқ тушуми билан иқтисодиётда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар ўзаро таққосланиши лозимлиги таъкидланди.
Ўзини ўзи банд қилганлар учун янги тартиб
Муҳокама қилинган таклифлар орасида ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун ижтимоий солиқ тизимини ўзгартириш ҳам бор. Ҳозирда улар йил давомида базавий ҳисоблаш миқдори миқдорида ихтиёрий тўлов амалга оширади. Янги таклифга кўра эса ушбу тўлов энг кам иш ҳақи миқдорига тенглаштирилиши мумкин.
Бу уларга меҳнат стажи, касаллик нафақаси ва бошқа ижтимоий кафолатларни шакллантириш имконини беради.
Бироқ адолат тамойили ҳамма учун бир хил ишлаши лозимлиги ҳам қайд этилди. Бугунги кунда айрим йирик компаниялар турли қарорлар асосида ижтимоий солиқдан озод қилинган ёки жуда паст ставкаларда тўлайди. Агар ўзини ўзи банд қилганлар учун янги талаб жорий этилаётган бўлса, худди шундай ёндашув имтиёзли компанияларга ҳам татбиқ этилиши кераклиги айтилди.
178 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари нима бермоқда?
Фискал мулоқотда эълон қилинган яна бир муҳим рақам — 2025 йилда солиқ имтиёзларининг умумий ҳажми 178 триллион сўмдан ошгани бўлди. Бу 2024 йилга нисбатан 31 фоиз кўп. Бу кўрсаткич давлат бюджети даромадлари ўсишидан ҳам тезроқ ошгани қайд этилди.
Шу билан бирга, барча имтиёзларни бир хил баҳолаб бўлмаслиги айтилди. Солиқ кодексида белгиланган қонуний имтиёзлар мавжуд. Аммо бундан ташқари, айрим компанияларга ёпиқ қарорлар орқали берилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам бор.
Айнан шундай ёпиқ имтиёзлар рақобат муҳитига зарар етказаётгани, тенг шароитни бузгани ва коррупциявий хавфларни кучайтираётгани таъкидланди.
Масалан, айрим корхоналар утилизация йиғимидан озод қилинган, бошқалари эса фойда солиғи, ҚҚС ёки ижтимоий солиқ бўйича алоҳида преференцияларга эга. Бундан ташқари, махсус иқтисодий зоналарда фаолият юритаётган айрим корхоналар йиллар давомида имтиёзлардан фойдаланаётган бўлса-да, экспорт бўйича кутилган натижаларни кўрсатмаётгани қайд этилди.
Шу сабабли барча имтиёзларни инвентаризация қилиш, уларнинг очиқ реестрини шакллантириш ва иқтисодий самарадорлигини қайта баҳолаш зарурлиги таъкидланди.
Тарифлар ошмоқда, аммо хизмат сифати ҳам ошадими?
Дастурда коммунал хизматлар бўйича субсидия сиёсати ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Фискал стратегияга кўра, марказлашган иссиқлик таъминоти бўйича субсидияларни босқичма-босқич бекор қилиш режалаштирилган. Бу эса тарифларнинг бир неча баравар ошишига олиб келиши мумкин.
Муҳокамада 60 квадрат метргача бўлган уй-жойлар учун ижтимоий норма қўлланилиши, ундан катта майдонларга эса тижорий тариф ҳисобланиши режалаштирилаётгани айтилди.
Бироқ тарифларни оширишдан олдин энг муҳим саволга жавоб топилиши кераклиги таъкидланди: мавжуд тарифларнинг таннархи қандай шаклланмоқда?
Агар тизимда самарасиз харажатлар ёки бошқарувдаги муаммолар мавжуд бўлса, уларни бартараф этмасдан фақат нархларни ошириш орқали муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
Шунингдек, марказлашган иситиш тизимининг жозибадорлиги ҳам пасайиши мумкинлиги қайд этилди. Чунки бугунги кунда ҳам кўплаб хонадонлар учун алоҳида газ қозони орқали иситиш марказлашган тизимдан арзонроқ бўлиб қолмоқда.
Тежалган маблағ қаерга йўналтирилади?
Муҳокамада яна бир муҳим савол ўртага ташланди. Агар кэшбек бекор қилинса ёки энергетика субсидиялари қисқартирилса, натижада бюджетда юзага келадиган триллионлаб сўм маблағлар қаерга сарфланади?
Қайд этилишича, бундай ислоҳотлар фақат тежалган маблағнинг кейинги тақдири аниқ кўрсатилгандагина жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланади.
Масалан, ушбу маблағлар мактаблар, талабалар ётоқхоналари, муниципал уй-жойлар ва бошқа ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилиши бўйича аниқ дастур бўлиши керак.
Toshkent Invest ваколатлари кенгаймоқда
Дастурда Toshkent Invest компаниясига берилган янги ваколатлар ҳам муҳокама қилинди.
Унга реновация ҳудудлари учун квартиралар банкини шакллантириш, давлат иштирокидаги бозорларни сотиш ва қатор йирик активларни бошқариш вазифалари юклатилмоқда. Бундай ваколатлар компания зиммасига катта масъулият ҳам юклайди.
Шу боис компания фаолияти максимал даражада очиқ бўлиши, молиявий ҳисоботлари мунтазам эълон қилиниши, кузатув кенгашида мустақил аъзолар кўпчиликни ташкил этиши ҳамда ҳар бир йирик харид ва қарор жамоатчилик назорати остида бўлиши кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, давлат активларини сотиш билан шуғулланувчи махсус агентлик мавжуд бўлган бир пайтда ушбу ваколатларнинг Toshkent Investга ўтказилгани ҳам қатор саволларни келтириб чиқараётгани айтилди.
Эскроу тизими нега ҳануз ишга тушмади?
Уй-жой бозоридаги энг долзарб мавзулардан бири — эскроу тизими ҳам эътибордан четда қолмади.
Президент қарорига кўра, ушбу тизим 2026 йилдан тўлиқ жорий қилиниши керак эди. Аммо қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳалигача якунига етмаган.
Дастурда қайд этилишича, айнан эскроу тизими қурилишдаги фирибгарликларнинг олдини олиш, харидорлар маблағини ҳимоя қилиш ва улар учун ҳуқуқий кафолат яратишнинг энг самарали механизмларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли ушбу қонуннинг тезроқ қабул қилиниши зарурлиги таъкидланди.
Бошқарув харажатлари қисқарадими?
Фискал стратегияда 2027 йилда давлат бошқаруви харажатларини қисқартириш режалаштирилган. Бироқ бундай қисқариш қандай амалга оширилиши ҳозирча очиқланмаган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда бошқарув харажатлари ҳар сафар режалаштирилганидан юқори бўлган. Шу билан бирга, вазирликлар, агентликлар ва бошқа давлат идоралари сони қисқариши ўрнига яна ортиб бормоқда.
Муҳокама давомида маъмурий ислоҳотлар фақат номига эмас, балки давлат бошқаруви тизимини ҳақиқатан ҳам ихчамлаштиришга қаратилган бўлиши кераклиги таъкидланди.
Хусусан, бир-бирини такрорлайдиган ташкилотлар, ортиқча бошқарув бўғинлари ва функцияси бир хил бўлган идораларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Чунки ортиқча бўғинлар нафақат бюджет харажатларини оширади, балки бюрократия ва коррупция хавфини ҳам кучайтиради.
Теглар






