Logo

Сўм 32 ёшда: Ўзбекистонда қандай пуллар муомалада бўлган?

Бугун 20:519 дақиқа

Бугун, 1 июль куни ўзбек сўми муомалага киритилганига 32 йил тўлди. Vaqt.uz ўтган вақт давомида муомалага чиқарилган миллий валютадаги барча пулларни эсга олди.

Сўм 32 ёшда: Ўзбекистонда қандай пуллар муомалада бўлган? © statuz

1 июль Ўзбекистон миллий валютаси — сўм муомалага киритилган кун ҳисобланади. 1994 йилдан буён ўзбек сўми бир неча босқичда янгиланди, айрим банкнотлар тарихга айланди, айримлари эса бугунги кунгача фойдаланилмоқда. Vaqt.uz ўтган 32 йил давомида муомалага чиқарилган миллий валютадаги барча пулларни эслайди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ҳам бир муддат собиқ иттифоқ пул тизимидан фойдаланди. 1993 йил 15 ноябргача мамлакатда собиқ СССР ва Россия банкнотлари муомалада бўлган. Шу куни эса мустақил миллий валютага ўтишнинг оралиқ босқичи сифатида сўм-купон муомалага киритилди.

1994 йил 1 январдан бошлаб собиқ иттифоқ пуллари муомаладан чиқарилиб, сўм-купон мамлакатдаги ягона қонуний тўлов воситасига айланди.

Орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Президентнинг 1994 йил 16 июндаги ПФ–870-сонли фармонига мувофиқ, 1994 йил 1 июлдан Ўзбекистоннинг миллий валютаси — сўм муомалага киритилди.

Сўм аввалги сўм-купон ўрнини 1 000:1 нисбатда эгаллади. Корхона ва ташкилотлар ҳисобварақлари, аҳоли омонатлари, иш ҳақи, пенсия, стипендия ҳамда бошқа тўловлар ҳам айни шу нисбатда қайта ҳисобланди.

Янги валютага ўтиш босқичма-босқич амалга оширилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сўм-купонлар 1994 йил 1 августга қадар янги сўм билан бир қаторда муомалада бўлди. Шундан сўнг мамлакат ҳудудидаги барча ҳисоб-китоблар фақат миллий валюта — сўмда амалга оширила бошланди.

1994 йилдаги 100 сўмгача бўлган банкноталар Германиянинг «Giesecke & Devrient» фирмасида босилган. 1997 йилдан бошлаб 200 сўмлик ва ундан юқори купюралар Тошкентдаги «Давлат белгиси» давлат корхонасида босиб чиқарилмоқда.

Марказий банк томонидан 32 йил давомида сўмнинг 21 хил банкноти муомалага чиқарилди. Дастлаб, 1994 йил 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар ва 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик купюралар муомалага киритилган. 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик купюралар 2020 йил 1 мартга қадар, 50 ва 100 сўмлик эса 2019 йил 1 июлга қадар муомалада бўлган.

1 сўм (2020 йил 1 мартга қадар муомалада бўлган)

photo_1_2026-07-01_20-54-03photo_2_2026-07-01_20-54-03

1994 йил намунасидаги 1 сўмлик миллий банкнота 120×62 мм ўлчамда, оқ рангли махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган. Унда саккиз қиррали нақшлар кўринишидаги сув белгиси, ҳимоя ипи, микройзувлар ва ультрабинафша нурларда кўринадиган хавфсизлик элементлари қўлланилган.

Банкнотнинг асосий ранглари оч яшил ва пушти бўлиб, олд томонида Ўзбекистон Давлат герби, номинал қиймати ҳамда Марказий банк номи тасвирланган.

Банкнотнинг орқа томонида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри биноси ва майдондаги фаввора тасвири акс эттирилган.

3 сўм (2020 йил 1 мартга қадар муомалада бўлган)

photo_3_2026-07-01_20-54-03photo_4_2026-07-01_20-54-03

1994 йил намунасидаги 3 сўмлик банкнота ҳам 120×62 мм ўлчамда, сув белгиси ва ҳимоя ипига эга махсус оқ қоғозда чоп этилган.

Банкнотнинг олд томони асосан қизғиш-қўнғир ва яшил-сариқ рангларда безатилган бўлиб, унда Ўзбекистон Давлат герби, номинал қиймати ва Марказий банк номи тасвирланган.

Банкнотнинг орқа томонида Бухородаги «Чашмаи Айюб» тарихий-меъморий ёдгорлиги тасвири акс эттирилган.

5 сўм (2020 йил 1 мартга қадар муомалада бўлган)

photo_6_2026-07-01_20-54-03

photo_5_2026-07-01_20-54-03

5 сўмлик банкнота бироз каттароқ — 142×69 мм ўлчамда тайёрланган бўлиб, унда Ўзбекистон Давлат герби шаклидаги локал сув белгиси, «ЎЗБЕКИСТОН» ёзувли ҳимоя ипи, микройзувлар, яширин тасвирлар ва ультрабинафша нурларда кўринадиган хавфсизлик элементлари қўлланилган.

Банкнотнинг олд томони кўк ва қизғиш-қўнғир рангларда безатилган. Унда Бухородаги Минораи Калон меъморий ёдгорлиги тасвири, унинг икки ёнида эса афсонавий Семурғ қушлари акс эттирилган.

Орқа томонида эса Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғда ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали тасвирланган.

10 сўм (2020 йил 1 мартга қадар муомалада бўлган)

photo_7_2026-07-01_20-54-03

photo_8_2026-07-01_20-54-03

1994 йил намунасидаги 10 сўмлик банкнота ҳам 142×69 мм ўлчамда махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган. Унда Давлат герби шаклидаги сув белгиси ва бошқа пуллар каби ҳимоя белгилари қўлланилган.

Банкнотнинг олд томони бинафша ва кўк ранглар уйғунлигида безатилган. Орқа томонида Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси тасвирланган.

25 сўм (2020 йил 1 мартга қадар муомалада бўлган)

photo_9_2026-07-01_20-54-03

photo_10_2026-07-01_20-54-03

25 сўмлик банкнота 142×69 мм ўлчамда махсус ҳимояланган оқ қоғозда чоп этилган.

Банкнотнинг олд томони тўқ кўк, яшил ва бинафша ранглар уйғунлигида безатилган. Унинг орқа томонида Самарқанддаги Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси тасвирланган.

50 сўм (2019 йил 1 июлга қадар муомалада бўлган)

photo_11_2026-07-01_20-54-03

photo_12_2026-07-01_20-54-03

50 сўмлик банкнота ҳам 142×69 мм ўлчамда махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган.

Банкнотнинг олд томонида Бухоро зардўзлиги услубидаги миллий нақш композицияси тасвирланган. Орқа томонида эса Самарқанддаги Регистон тарихий-меъморий ансамбли ўрин олган.

100 сўм (2019 йил 1 июлга қадар муомалада бўлган)

photo_13_2026-07-01_20-54-03

photo_14_2026-07-01_20-54-03

100 сўмлик банкнота 1994 йилда чиқарилган энг йирик пул эди. 142×69 мм ўлчамда чоп этилган банкнотнинг олд томони кўк, бинафша ва зангори ранглар уйғунлигида безатилган.

Унинг орқа томонида Тошкентдаги «Халқлар дўстлиги» саройи тасвирланган. Бу жой бир муддат «Истиқлол» номи билан ҳам фаолият олиб борганди.

200 сўм (2020 йил 1 июлга қадар муомалада бўлган)

photo_15_2026-07-01_20-54-03

photo_16_2026-07-01_20-54-03

1997 йилда муомалага чиқарилган 200 сўмлик банкнота аввалги намуналаридан йирикроқ — 144×78 мм ўлчамда тайёрланган. Унда Давлат герби шаклидаги сув белгиси, металл қўшилган ҳимоя ипи, рангини ўзгартирувчи махсус бўёқ, бўртма микрoёзувлар, магнит ва флуоресцент бўёқлар каби ўша пайт учун замонавий ҳимоя технологияларидан фойдаланилган.

Банкнотнинг орқа томонида Самарқанддаги Шердор мадрасаси пештоқидаги қуёш кўтариб бораётган шер тасвири акс эттирилган.

500 сўм (2020 йил 1 июлга қадар муомалада бўлган)

photo_18_2026-07-01_20-54-03

photo_17_2026-07-01_20-54-03

1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнота 144×78 мм ўлчамда тайёрланган. Банкнот Давлат герби шаклидаги сув белгиси, металл қўшилган ҳимоя ипи, рангини ўзгартирувчи оптик элемент, микрoёзувлар ҳамда ультрабинафша нурларда кўринадиган махсус белгилар билан ҳимояланган.

Банкнотнинг орқа томонида Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали тасвирланган. Дизайнда эса миллий нақшлар, номинал қиймат ва қалбакилаштириш қонунан таъқиб қилиниши ҳақидаги огоҳлантирувчи ёзув ўрин олган.

1 000 сўм

photo_20_2026-07-01_20-54-03photo_19_2026-07-01_20-54-03

1 000 сўмлик банкнота ҳозиргача муомалада бўлиб турган энг кичик пул бўлишдан ташқари, 2001 йилдан 2013 йилгача энг узоқ вақт давомида энг йирик пул бўлган.

Ўша даврда 12 йил давомида Марказий банк янги қийматдаги сўмни муомалага чиқармаган.

1 000 сўмликнинг орқа томонида Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейи биноси тасвирланган.

5 000 сўм

photo_22_2026-07-01_20-54-03

photo_21_2026-07-01_20-54-03

12 йиллик танаффусдан сўнг 2013 йили Марказий банк 5 000 сўмлик янги банкноталар муомаласини йўлга қўяди. Унинг ўлчами — 144×78 мм.

5 000 сўмлик купюра мамлакатда юқори номиналдаги янги авлод пул белгиларининг бошланиши бўлди. Банкнотнинг орқа томонида Ўзбекистон Олий Мажлиси биноси тасвирланган.

10 000 сўм

photo_23_2026-07-01_20-54-03

photo_24_2026-07-01_20-54-03

2017 йилда муомалага чиқарилган 10 000 сўмлик банкнота 144×78 мм ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган.

Унда Давлат герби ва «10000» рақами кўринишидаги сув белгиси, «Дарча» ва 3D эффектли ҳимоя ипи, бўртма босма, рангини ўзгартирувчи оптик элементлар ҳамда бошқа замонавий хавфсизлик белгилари қўлланилган.

Ушбу банкнота ҳимоя даражаси бўйича аввалги намуналарга нисбатан анча такомиллаштирилган.

Банкнотнинг орқа томонида Ўзбекистон Сенати биноси тасвирланган бўлиб, гумбази тепасида давлат байроғи акс эттирилган. Олд томонида эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёзуви мавжуд.

50 000 сўм

photo_26_2026-07-01_20-54-03

photo_25_2026-07-01_20-54-03

2017 йил 22 августдан муомалага чиқарилган 50 000 сўмлик банкнота 144×78 мм ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган. Унда Давлат герби ва «50000» рақами кўринишидаги сув белгиси, «Дарча» ва 3D эффектли ҳимоя ипи, рангини ўзгартирувчи оптик элементлар, микрoёзувлар ҳамда бўртма босма каби замонавий ҳимоя технологиялари қўлланилган.

Банкнотнинг олд томонида Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси ва унинг тепасидаги парвозга шайланган лайлаклар тасвирланган. Орқа томонида Тошкентдаги Анжуманлар саройи акс эттирилган.

100 000 сўм

photo_28_2026-07-01_20-54-03

photo_27_2026-07-01_20-54-03

10 000 сўмлик ва 50 000 сўмлик банкнотлар чиқарилишидан икки йил ўтиб, 2019 йилда 100 000 сўмлик банкнота аҳоли орасида муомалага қўйилади.

Бу купюра буюк астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳаёти ҳамда илмий меросига бағишланган. 144×78 мм ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда чоп этилган банкнотда Мирзо Улуғбек тасвири туширилган сув белгиси, 3D эффектли ҳимоя ипи, рангини ўзгартирувчи оптик элементлар, микрoёзувлар, бўртма босма ва кўзи ожизлар учун махсус белгилар қўлланилган.

Банкнотнинг олд томонида Мирзо Улуғбек ҳайкали, Қуёш тизими схемаси ва астрономик ускуналар тасвирланган бўлса, орқа томонида Мирзо Улуғбек расадхонаси акс эттирилган.

100 000 сўм (янги кўринишда)

photo_30_2026-07-01_20-54-03

photo_29_2026-07-01_20-54-03

2021 йилда Марказий банк 100 000 сўмлик банкнотнинг янгиланган кўринишини муомалага чиқарди.

Қайта ишланган банкнота 152×69 мм ўлчамда ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган. Унда «силжиш» эффектига эга ҳимоя ипи, Spark Live оптик элементи, тактил белгилар, сув белгилари ва бошқа замонавий хавфсизлик технологиялари қўлланилган.

Шу билан бирга, банкнотнинг ўлчами ва дизайни ҳам янгиланди. Банкнот «Буюк Ипак йўли» туркумига мансуб бўлиб, олд томонида Хивадаги Ичан қалъа мажмуаси, орқа томонида эса қадимий Хоразм давлати пойтахтларидан бири бўлган Ангқақалъа археология ёдгорлиги тасвирланган.

Шунингдек, дизайнда Буюк Ипак йўли харитаси, қадимий сопол идиш ва кумуш танга каби тарихий рамзлардан фойдаланилган.

50 000 сўм (янги кўринишда)

photo_32_2026-07-01_20-54-03

photo_31_2026-07-01_20-54-03

Янги кўринишдаги 100 000 сўмлик билан биргаликда 50 000 сўмлик банкнота ҳам муомалага чиқарилди.

Қайта ишланган банкнота 147×69 мм ўлчамда ҳимояланган қоғозда чоп этилиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланди.

Унда «силжиш» эффектига эга ҳимоя ипи, Spark Live оптик элементи, тактил белгилар, сув белгилари ва бошқа замонавий ҳимоя технологиялари қўлланилди. Янги дизайн банкнотнинг ҳимоя даражасини ошириш билан бирга уни халқаро стандартларга яқинлаштирди.

Банкнот «Буюк Ипак йўли» туркумининг бир қисми бўлиб, олд томонида Сурхондарёдаги Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси, орқа томонида эса Фаёзтепа археология ёдгорлиги тасвирланган.

Пулнинг дизайнида Сополлитепа ёдгорлигидан топилган қадимий сопол идишлар, Буюк Ипак йўли йўналиши ва тинчлик рамзи бўлган учаётган кабутар тасвирлари акс эттирилган.

20 000 сўм

photo_34_2026-07-01_20-54-03

2021-йили аҳолининг эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда янги намунадаги 20 000 сўмлик банкнота 147×69 мм ўлчамда тақдим этилади.

У «Буюк Ипак йўли» туркумига киради ва замонавий ҳимоя технологиялари билан жиҳозланган. Хусусан, банкнотда динамик эффектли ҳимоя ипи, рангини ўзгартирувчи оптик элемент, тактил белгилар, сув белгилари ва бошқа замонавий хавфсизлик воситалари қўлланилган.

Банкнотнинг олд томонида Қорақалпоғистондаги Қўйқирилган қалъа ёдгорлиги, орқа томонида эса Жонбос қалъа археология ёдгорлиги тасвирланган.

Унинг дизайнида Қорақалпоқ халқининг миллий нақшлари, Буюк Ипак йўли йўналиши ҳамда қадимий Хоразм ва Оролбўйи ҳудудларидан топилган сопол идишлар ва туя шаклидаги тарихий артефактлар акс эттирилган.

10 000 сўм (янги кўринишда)

photo_35_2026-07-01_20-54-03

photo_36_2026-07-01_20-54-03

2021-йил «Буюк Ипак йўли» туркумида янги намунадаги 10 000 сўмлик банкнота ҳам 147×69 мм ўлчамда муомалага чиқарилади.

Банкнотнинг олд томонида Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси, орқа томонида эса қадимий Шоштепа археология ёдгорлиги тасвирланган.

Шунингдек, янги кўринишдаги 10 000 сўмликда Тошкентнинг қадимий ҳунармандчилиги намуналаридан сопол лаган ва рўзғор идишлари, шаҳар дарвозалари рамзи ҳамда Буюк Ипак йўли карвон йўллари акс эттирилган бўлиб, улар пойтахтнинг бой тарихий ва маданий меросини ифодалайди.

5 000 сўм ва 2 000 сўм

photo_38_2026-07-01_20-54-03

photo_37_2026-07-01_20-54-03

2021-йили Марказий банк «Буюк Ипак йўли» туркумини ягона услубдаги 5 000 ва 2 000 сўмлик янги намунадаги банкнотлар билан ҳам тўлдирди.

Мос равишда 142×69 мм ўлчамда тайёрланган ушбу пул белгиларида металлашган ҳимоя иплари, рангини ўзгартирувчи оптик элементлар, тактил белгилар, сув белгилари, микройозувлар ва бошқа замонавий хавфсизлик технологиялари қўлланилган.

5 000 сўмлик банкнот Самарқанд тарихига бағишланган бўлиб, унинг олд томонида Шердор мадрасаси, орқа томонида Афросиёб археология ёдгорлиги тасвирланган.

2 000 сўмлик банкнот эса Бухоро меросини акс эттиради: олд томонида Бухоро арки, орқа томонида Пойкент археология ёдгорлиги ўрин олган.

Ҳар икки банкнот дизайнида қадимий археологик топилмалар, Буюк Ипак йўли йўналиши ва ҳудудларнинг тарихий рамзлари акс эттирилган.

200 000 сўм

photo_40_2026-07-01_20-54-03

200 000 сўмлик номиналдаги пул Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган энг сўнгги банкнота бўлиб турибди.

У ҳам «Буюк Ипак йўли» туркумига кириб, ҳозирда энг йирик қийматга эга пул ҳисобланади.

Банкнот Фарғона водийсининг бой тарихий меросига бағишланган. Унинг олд томонида Қўқондаги Худоёрхон ўрдаси, орқа томонида эса қадимий Ахсикент археология ёдгорлиги тасвирланган.

Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистонда 1 000, 2 000, 5 000, 10 000, 20 000, 50 000, 100 000 ва 200 000 сўмлик банкнотлар, шунингдек, 50, 100, 200, 500 ва 1 000 сўмлик тангалар муомалада. Айрим номиналларда эски ва янги намунадаги банкнотлар ҳам параллел равишда қонуний тўлов воситаси сифатида амал қилмоқда.

Ўтган 32 йил давомида сўм бир неча бор янгиланиб, дизайни, номиналлари ва ҳимоя технологиялари такомиллашди.

Бироқ унинг асосий вазифаси ўзгармади — мамлакат ҳудудидаги ягона қонуний тўлов воситаси бўлиб қолиш ҳамда Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий суверенитетини ифодалаш.

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 215

Барчаси

Мавзуга оид

Сўм 32 ёшда: Ўзбекистонда қандай пуллар муомалада бўлган? | Vaqt.uz