Сунъий интеллект бизнес самарадорлигини оширмаяпти: Хитой ва АҚШ бу муаммони қандай ҳал қилмоқда?

Сунъий интеллект оммавийлашиб бораётганига қарамай, унинг меҳнат унумдорлигига таъсири ҳали иқтисодий статистикада сезилмаяпти. АҚШ компанияларни ичида қайта қуришга уринмоқда, Хитой эса СИ ёрдамида микробизнеслар иқтисодиётини яратяпти.

Сунъий интеллект бизнес самарадорлигини оширмаяпти: Хитой ва АҚШ бу муаммони қандай ҳал қилмоқда? © tipranks.com

Сунъий интеллект ривожланиб бориши билан унинг ёрдамида компаниялар самарадорлиги ва иш унумдорлигини қандай ошириш мумкинлиги ҳақидаги савол тобора кўпроқ кун тартибига чиқмоқда. Ҳозирча бу вазифани тўлиқ ҳал этишнинг уддасидан чиқилгани йўқ. АҚШда бу масала билан «OpenAI» ва «Anthropic» фаол шуғулланмоқда, Хитой эса ўз стратегиясини танлаган. Икки давлат ёндашувлари ўртасидаги фарқлар ҳақида Европа технологик компанияси «Stonal» бош директори Робен Риватон ёзди

СИ самарадорлиги парадокси: бу нима?

Май ойи бошида дарҳол икки компания – «OpenAI» ва «Anthropic» – ўрта сегментдаги компаниялар иш жараёнларига ўз моделларини жорий этиш учун консалтинг бизнесларини йўлга қўйишини эълон қилди.
«Blackstone», «Hellman & Friedman» ва «Goldman Sachs» қўллови билан «Anthropic» бу мақсад учун 1,5 миллиард доллар жалб қилди. «OpenAI» эса 19 инвестордан, жумладан TPG, «Brookfield» ва «Bain Capital» бошчилигида, 4 миллиард доллар олди. Унинг янги бизнеси 10 миллиард долларга баҳоланди.
Жалб қилинган 5,5 миллиард доллар илғор лабораториялар тобора мукаммаллашаётган СИ-моделлари ёрдамида ҳал қила олмаётган битта асосий муаммони ечишга қаратилган. Гап СИ самарадорлиги парадокси ҳақида кетмоқда.

Ҳозирда генератив сунъий интеллект воситалари кенг омма учун очиқ бўлса-да, уларнинг фойдаси ҳали меҳнат унумдорлиги статистикасида сезиларли акс этмаяпти. «Gallup» сўровига кўра, ишда СИ воситаларидан йилига камида бир неча марта фойдаланадиган америкалик катталар улуши 2023-йил бошидаги 25 фоиздан кам кўрсаткичдан 2026-йилга келиб қарийб ярмигача ўсган.

Бироқ АҚШнинг қишлоқ хўжалигидан ташқари секторларида меҳнат унумдорлиги ўсиши барқарор динамикани кўрсатмаяпти. 2024-йилда қисқа муддатли тезлашув кузатилган бўлса-да, 2025-йил ўрталарига келиб ўсиш суръатлари яна асосий даражага қайтди.

Бу ҳолат 1990-йиллардаги IT-самарадорлик парадоксини эслатади. Ўшанда муаммо компаниялар янги технологияларга мос равишда қайта ташкил этилгандан кейин ўз-ўзидан ҳал бўлган эди. Энди савол шундаки: бугун ҳам худди шундай шароит юзага келганми ва агар шундай бўлса, айнан қаерда?

Муаммо нимада? Муаллиф ўзининг яқиндаги мақоласида «ташкилий пластиклик»ни асосий омил сифатида таърифлаган. Самарадорликнинг ошиши компаниянинг алоҳида вазифалардаги ютуқларни бутун тизим самарадорлигига айлантира олиш қобилиятига боғлиқ. Бу эса иш жараёнларининг қанчалик шаффофлиги, тизимлаштирилгани, вазифаларни қайта тақсимлаш имкони ва менежерларнинг жараёнларни ўзгартира олиш ваколатига эга ёки эмаслигига боғлиқ. Бу шартлар бажарилмаган жойларда СИ айрим ходимларнинг вақтини тежайди, аммо компания натижасини ўзгартирмайди.

Классик иқтисодий адабиётлар ҳам худди шу «кўринмас нуқта»ни кўрсатади. Дэвид Аутор, Эрик Брайнжолфссон, Шаккед Ноу, Уитний Жанг ва уларнинг ҳаммуаллифлари ўтказган машҳур тадқиқотлар алоҳида вазифалардаги шахсий самарадорликни ўлчайди. Масалан, мижозлар хизмати ходими кўпроқ мурожаатга жавоб беради, маслаҳатчи яхшироқ тавсия ёзади, дастурчи тезроқ ишлайдиган код тайёрлайди. Бу фойда ҳақиқий, аммо у ҳар доим ҳам бутун компания ишини тезлаштирмайди.

Бу муаммони Эланор Диллон, Сония Жаффе, Никол Имморлика ва Кристофер Стантон томонидан ўтказилган олти ойлик тасодифий эксперимент намойиш қилди. Улар 66 та йирик компаниядаги 7137 нафар интеллектуал меҳнат ходимига «Microsoft 365 Copilot»дан фойдаланиш имконини берди. Бу СИ-модел электрон почта, ҳужжатлар ва учрашувларни ташкил қилиш тизимига интеграция қилинган эди.

Натижада электрон почтага сарфланадиган вақт қисқарди, аммо учрашувлар вақти камаймади, вазифаларнинг сони ва хусусияти ҳам ўзгаришсиз қолди. Тежалган вақтнинг деярли барчаси ишчиларнинг кечқурун уйда ишлаш вақтини қисқартиришга кетди, маҳсулот ҳажмини оширишга эмас.

Яъни алоҳида «винтиклар» самаралироқ ишлай бошлади, аммо бутун механизм аввалгидек тезликда ҳаракатланишда давом этди.
 
СИни қўллаш: Хитой ва АҚШ ёндашуви

«OpenAI» ва «Anthropic»нинг янги консалтинг лойиҳалари оддий API сотиш бу муаммони ҳал қилмаслигини тан олишдир. Уларнинг консалтинг бизнесида сафарларга тайёр муҳандислар, кўп йиллик техник топшириқлар, турли соҳалар учун тайёр жорий этиш шаблонлари ва иш жараёнларини қайта қуриш режалари бўлади. Бу хизматлар қиммат бўлади ва катта жамоани талаб қилади. Компаниялар шундай хулосага келдики, СИ-моделларининг асосий қиймати API’да эмас, балки компанияларни қайта ташкил қилишда.

Хитой ҳам шу йўналишда ҳаракат қилмоқда, аммо бошқача усул билан. Март ойида очиқ кодли «OpenClaw» СИ-агенти дастурчилар доирасидан чиқиб, оммавий маҳсулотга айланди.

Орадан бир неча кун ўтиб, платформалар ўртасида рақобат бошланди. «Zhipu» бир тугма билан ўрнатиладиган «AutoClaw» дастурини чиқарди. «ByteDance» булутли «ArkClaw» хизматини тақдим этди. «Tencent» корпоратив фойдаланувчилар учун «WorkBuddy»ни ишга тушириб, «QClaw» ва «ClawBot»ни «WeChat»га интеграция қилди. «Alibaba» ҳам ўз ечимларини тақдим этди.

Очиқ код бепул бўлгани учун моделнинг ўзи даромад манбаи бўлишдан тўхтади. Қиймат бошқа соҳаларга – интерфейс, мессенжерлар билан интеграция, олдиндан ўрнатилган иловаларга кўчди.

Хитойнинг саноат сиёсати ҳам шунга мослашди. Илгари маҳаллий ҳокимиятлар заводлар ва корпорациялар штаб-квартираларини жалб қилиш учун ер, инфратузилма ва солиқ имтиёзлари таклиф қиларди. 2026-йил бошидан эса айрим ҳудудлар «OpenClaw»ни жорий қилиш учун компанияларга эмас, балки оддий фойдаланувчиларга субсидия беришни бошлади.

Хэфэй шаҳри ҳисоблаш қувватлари учун ваучерлар таклиф қилди. Ханчжоунинг Сяошан тумани янада илгарилаб кетди. Шэнчжэн ўзини «бир нафар ходимли СИ-компаниялар маркази» сифатида тарғиб қилди. Гуандун провинцияси СИ билан ишловчи якка тартибдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширди, Сичуан эса шунга ўхшаш чораларни қабул қилди.

Бу ёндашув ишлаяпти, чунки зарур жисмоний инфратузилма аллақачон яратилган. Шанхайда ноутбук билан ишлаётган битта оператор Дунгуан ёки Сучжоудаги ишлаб чиқариш занжирларига уланиши мумкин. Субсидияланган ҳисоблаш қувватлари, олдиндан ўрнатилган СИ-агентлар, интеграция қилинган мессенжерлар, ичига қурилган тўлов тизимлари, ишлаб чиқарувчилар, логистика провайдерлари ва маркетплейсларга тўғридан тўғри чиқиш – буларнинг барчаси якка инсонни мустақил ишлай оладиган ишлаб чиқариш бирлигига айлантириш учун етарли. СИ-агентлар компанияни ичида қайта қуриш орқали эмас, балки ташқаридан ўзгартиради.

Америкаликлар эса эксперт билимларига таянишни танлади. Тез ўзгаришга қодир бўлмаган бизнесни юқори маош олувчи муҳандислар жамоалари орқали «ички томондан мослашувчан» қилиш керак, деб ҳисобланмоқда. Бу муҳандислар тўғридан тўғри компанияларда ишлаб, ҳар бир ўрта бизнес учун жараёнларни қайта қуриш билан шуғулланади. Бундай ёндашув катта қиймат яратиши мумкин бўлса-да, у секин ва жуда катта сармоя талаб қилади.

Хитой стратегияси эса анча радикал. Унинг асосий ғояси – компаниянинг ўзи тор жойга айланганидир. Мавжуд компанияларнинг мослашувчанлигини ошириш ўрнига, Хитой ишлаб чиқариш учун зарур бўлган минимал ташкилий кўламни камайтирмоқда. Натижада мустақил бозор иштирокчилари, олдиндан ўрнатилган сервислар, супериловаларга интеграциялар, давлат субсидиялари ва параллел ривожланаётган миллионлаб микробизнеслар гуллаб-яшнамоқда.

Бу ёндашувларнинг ҳеч бири муваффақиятни кафолатламайди. Америка консалтинг компаниялари қанча муҳандис жалб қилмасин, ташкилий ўзгаришларни кенг миқёсда жорий қилиш қийинлигини англаб етиши мумкин. Хитой маҳаллий ҳокимиятлари эса паст сифатли автоматизация ва спекулятив якка тадбиркорлик тўлқинини субсидиялаётган бўлиши мумкин – бундай лойиҳалар кейинчалик барбод бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳар икки томон ҳам бир хил мураккаб муаммога дуч келмоқда: алоҳида вазифаларни бажаришда вақт тежалишини қандай қилиб ўлчанадиган иқтисодий натижага айлантириш мумкин? Энди СИ бўйича рақобат фақат чиплар, дата-марказлар қуввати ёки энг илғор моделлар самарадорлиги билан чекланмайди. Энг муҳим масала – технологияларни жорий қилиш ва қўллашда қандай ижтимоий архитектура танланишидадир.

Теглар

Мавзуга оид