
Тожикистонда бир вақтлик истеъмол 4 kW дан ошса — хонадон токдан автоматик узилади
Душанбе ва вилоятларда аҳолига юборилган SMSлар туркуми саросима келтирди: уйдаги электр сарфи бир вақтнинг ўзида 4 kWдан ошса, таъминот 30 дақиқага автоматик ўчирилади. Сабаби ва расмий изоҳлар аниқлаштирилди.

Тожикистонда электр таъминоти бўйича чекловлар кескин кучайди. Охирги кунларда «Электр таъминоти тармоғи» компанияси юборган SMS-хабарларда уй шароитида 4 kWдан ортиқ истеъмол қайд этилса, электр таъминоти 30 дақиқага автоматик равишда ўчирилиши маълум қилинди. Бу эса аҳоли орасида савол ва тушунмовчиликларни кўпайтирди, чунки расмий ҳужжатларда айрим тоифалар учун фақат 5 kWлик лимит белгиланган.
Компания вазиятни шундай изоҳлади: 5 kW — бу техник мақсадлар учун белгиланган юқори чегара. Бироқ уй шароитида маиший техника, айниқса плита, термекс, кир ювиш машинаси каби ускуналар иш пайтида паспорт қийматидан юқори қувват сарфлаб, тизимда кескин «сакраш» келтириб чиқаради. Шунинг учун аҳоли учун амалиётда 4 kW чегара қўлланмоқда — бу авариялар хавфини камайтиради ва электр тармоғидаги юкланишни барқарор тақсимлашга ёрдам беради.
Энг кўп қувват талаб қилувчи приборлар — электр плита, электр чойнак, термекс, иситгич, дазмол ва кир ювиш машинаси (иситиш режимида) — одатда 1,5–3 kW қувват сарфлайди. Ушбу аппаратлардан иккитаси бир вақтда ёқилса, лимит деярли муқаррар равишда ошади.
Ўртача истеъмол гуруҳига микротўлқинли печка, чангюткич, фен, компютер ва компрессори ишлаётган ҳолдаги музлаткич киради — уларнинг қуввати 0,5–1,2 kW атрофида. LED-лампалар, телефон қувватлагичлари, роутер ва кичик маиший техника эса умумий юкка деярли таъсир қилмайди.
Энергетикларнинг таъкидлашича, чекловлар сув омборларидаги сувнинг камайиши билан бевосита боғлиқ. Норак ГЭСи каби йирик станциялар мамлакат генерациясининг асосий қисмини беради, аммо сув сатҳининг тушиши электр ишлаб чиқаришни қисқартираётгани маълум қилинди.
Аввалроқ Тожикистонда электр танқислиги кескинлашиб, давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари ишдан сўнг тўлиқ тармоқдан узилиши белгилангани ҳақида хабар берган эдик.





