
Тожикистонда янги купюра муомалага киритилди
Тожикистон миллий валютаси — сомони жорий этилганига 25 йил тўлиши муносабати билан мамлакат тарихида илк бор эсдалик банкнотаси чиқарилди. Янги 100 сомонийлик купюра чекланган миқдорда муомалага киритилди ва амалдаги банкноталар билан бирга ишлатилади.

«Asia-Plus» нашрининг хабар беришича, Тожикистон Миллий банки миллий валюта — сомони муомалага киритилганининг 25 йиллигини нишонлаш мақсадида илк эсдалик банкноталарини чиқарди.
Маълумотларга кўра, янги 100 сомонийлик купюралар чекланган миқдорда чоп этилган бўлиб, улар амалдагилар билан бир вақтда муомалада бўлади. Аммо банкноталарнинг аниқ сони ошкор этилмаган.
Миллий банк баёнотида таъкидланишича, бу — сўнгги 25 йил ичида биринчи марта чиқарилаётган эсдалик банкнотаси ҳисобланади. Аввалги йилларда фақат байрамлар ёки муҳим сана муносабати билан эсдалик ҳамда сувенир тангалар чиқарилган эди.
Ташкилот маълумотига кўра, эсдалик банкноталар ва тангалар оддий пуллар сингари муомалада бўлиши мумкин, сувенир пуллар эса фақат коллекция ёки совға сифатида фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, сомоний Тожикистонда 2000 йил 30 октабр куни муомалага киритилган бўлиб, у аввалги Тожикистон рублининг ўрнини эгаллаган. Миллий валюта номи тожик халқи тарихида муҳим ўрин тутган давлат арбоби Исмоил Сомоний номи билан аталган.
Ҳозирда муомалада 1 дан 500 сомонийгача бўлган банкноталар ва 1 дан 50 дирамгача бўлган тангалар бор. Янги 100 сомонийлик эсдалик купюра эса мамлакат пул тизими тарихида янги босқични бошлаб берди.





