add

Тошкент–Самарқанд тезюрар темир йўли қатнов вақтини 1,5 соатга қисқартиради

Кеча 16:553202 Дақиқа

Янги тезюрар магистраль юк поездлари билан тўсилиб турган ҳозирги тармоқ юкламасини енгиллаштириб, пойтахтни янги халқаро аэропорт орқали Самарқанд маркази билан боғлайди.

Тошкент–Самарқанд тезюрар темир йўли қатнов вақтини 1,5 соатга қисқартиради

Тошкент ва Самарқанд ўртасида барпо этилаётган янги тезюрар темир йўл қатнов вақтини 1,5 соатгача қисқартириши кутилмоқда. Лойиҳа 19 ноябр куни давлат-хусусий шериклик бўйича учинчи давра суҳбатида Транспорт вазирлиги тақдимоти орқали очиқланди. Вазирлик маълумотига кўра, янги линия мавжуд темир йўл тармоқларидаги асосий муаммо — юк поездлари сабаб юзага келаётган ўтказиш чекловини бартараф этишда муҳим рол ўйнайди.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг таъкидлашича, мамлакатдаги ҳозирги линиялар бир вақтнинг ўзида юк ва йўловчи ташиш учун етарли имкониятга эга эмас. Унинг фикрича, мавжуд жараёнларни оптималлаштириш билан бирга, юқори тезликда ҳаракатланувчи алоҳида магистраль қурилиши зарур. Чориев тезюрар йўл Тошкентнинг янги халқаро аэропортидан ўтиб, Самарқанд марказигача бориши режалаштирилганини қайд этди.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари Корея Эксимбанки гранти ёрдамида ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, яқинда харид қилинган олти дона Hyundai Rotem поездлари йил охирида етказиб берилиб, келаси йил бошида йўловчиларга хизмат кўрсата бошлаши кутилмоқда.

24 октабр куни Жанубий Кореянинг Saman Engineering компанияси Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон темир йўллари ва бошқа идоралар таклифлари асосида Тошкент-Самарқанд тезюрар темир йўлининг 3 та вариантини тақдим этган. Компания таклиф этган учта вариантдан биринчиси энг тезкор саналади: умумий узунлик 282 км бўлиб, қатнов 1 соат 26 дақиқа давом этади. Бу йўналишда 74 та кўприк ва умумий 8,9 километрлик 3 та тоннел қурилиши кўзда тутилган.

Иккинчи вариантнинг узунлиги 291,7 км бўлиб, саёҳат вақти 1 соат 33 дақиқагача етади. Бу лойиҳада 82 та кўприк ва 16 километрлик битта тоннел мавжуд.

Учинчи вариант энг узуни — 302 километрдан зиёд. Ўртача 166,9 км/соат тезликда қатнов 1 соат 45 дақиқа давом этади. Йўналиш 105 та кўприк ва умумий 9,6 километрлик 2 та тоннелни ўз ичига олади.

Тезюрар магистрал ишга тушгач, мамлакатнинг ички ҳаракатланиш имкониятлари кенгайиши, транзит салоҳияти ошиши ва юк ташиш сиғимидаги чекловлар сезиларли даражада камайиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкент–Самарқанд тезюрар темир йўли қатнов вақтини 1,5 соатга қисқартиради | Vaqt.uz