
Тошкентда янгича ўлпон, «Анорбанк» раҳбарининг шов-шувли роли ва биржада арзонлаган ун — 18 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Биржада ун нархида сезиларли пасайиш кузатилди
«ЎзЭкспо биржа» маълумотларига кўра, 10–16 ноябр кунлари савдо фаоллиги бироз ошган: барча платформаларда 34 860 та битим тузилиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 3,5 фоизга кўп. Уларнинг 35,6 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми электрон тижорат тизимларига тўғри келган. Очиқ биржа савдоларида эса 12 393 та битим амалга оширилган.
Ун бозорида сезиларли пасайиш қайд этилди: биржа орқали 10 637 тонна ун сотилган бўлиб, бир тоннанинг ўртача нархи 4 млн 94,2 минг сўмдан 3 млн 974,8 минг сўмгача тушган. Полиэтилен нархида ҳам енгил пасайиш кузатилган — бир тоннаси 16 млн 52,3 минг сўмдан 16 млн 10,7 минг сўмгача тушган. Ун савдоларида ҳар куни ўртача 118 нафар, полиэтиленда эса 74 нафар харидор иштирок этган.
Ўзбекистонлик мигрантлар юбораётган пул миқдори 4 баробарга ошди
Президентга тақдим этилган ахборотга кўра, ўзбекистонлик мигрантлар томонидан юборилаётган пул миқдори сўнгги йилларда кескин ошган: 2016 йилдаги 3,8 миллиард долларга нисбатан 2025 йилнинг ўн ойи якунида маблағлар ҳажми 15,8 миллиард долларга етган — қарийб 4 баробар кўп. Бу ўсиш, айни пайтда чет элда ишлаётганлар сони камайган бўлса-да, мигрантларнинг кўпроқ юқори маошли иш ўринларига кетayotgani билан изоҳланмоқда. Президент Мирзиёев раҳбарлигидаги йиғилишда меҳнат миграцияси жараёнларини халқаро стандартлар асосида тизимлаштириш ва тартибга солиш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳозирда 140 минг мутахассисга талаб мавжуд экани, аммо тил ва касбий малака талабларига мос кадрлар етишмаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан миграция хизматларини “ягона дарча” асосида бирлаштириш, Учтепада “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термизда “Ягона миграция хизматлари” маркази ҳамда Яшнобод туманида немис ва япон тилларига ихтисослашган ўқув мактаблари очиш белгиланди.
Тошкент бозорларида тижорий видео/тасвирга олиш пулли бўлди
Тошкент шаҳар ҳокими бозорларда автотураргоҳларида енгил автомобиллар учун янги тўлов тарифларини тасдиқлади. Унга кўра, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари учун алоҳида, юқорироқ тўлов миқдорлари жорий этилди. Масалан, дам олиш кунлари 3 соатгача сақлаш 25 минг сўмни, 4 соатдан ортиқ вақт эса 50 минг сўмни ташкил этади.
Шунингдек, Тошкентдаги бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида тижорий мақсадда (видеоролик, реклама ёки клип) суратга олиш учун янги тўлов тартиби жорий этилди. Эндиликда бундай турдаги видео/тасвирга олишнинг бир соати учун 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида тўлов ундирилади.
Бу чеклов хорижий туристлар ҳамда оммавий ахборот воситаларига татбиқ этилмайди.
Ўзбекистонда аҳоли ўсиш суръатлари секинлашмоқда
Ўзбекистон доимий аҳолисининг ўсиш суръати 2025 йил 1 июль ҳолатида 2 фоизни ташкил этди. Марказий банкнинг молиявий барқарорлик шарҳига кўра, мамлакат аҳолиси 37,9 миллион кишига етган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябрь ҳолатида Ўзбекистонда ҳар 1 км.кв. майдонга ўртача 84,8 киши тўғри келган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 кишига кўп.
Охирги йиллардаги динамика:
2021 йил — 78,1 киши
2022 йил — 79,8 киши
2023 йил — 81,5 киши
2024 йил — 83,2 киши
2025 йил — 84,8 киши
Маълумотларга кўра, аҳоли зичлиги босқичма-босқич ўсмоқда, бироқ умумий ўсиш суръати нисбатан секинлашмоқда.
Парижда «Анорбанк» раҳбарининг «ўғирланиши» саҳналаштирилгани айтилмоқда
2025 йил ёзида «Анорбанк» раҳбари Қаҳрамонжон Олимовнинг Парижда «ўғирлаб кетилгани» ҳақидаги хабарлар жуда шубҳали экани маълум бўлди. L’Express ва The Insider ўтказган суриштирувга кўра, бу воқеа ҳақиқий жиноят эмас, балки олдиндан уюштирилган сценарий бўлиши мумкин. Чунки Олимов «мени ўғирлади» деган одам билан воқеа кунлари Телеграмъда дўстона, хотиржам ёзишмалар олиб борган. Ҳатто Олимовнинг Парижга қайтиш самолёт чиптаси ўша «ўғирлаган» деб кўрсатилган шахснинг ҳайдовчи картаси билан сотиб олинган. Қийноқлар ҳақида айтилганига қарамай, тиббий кўрик фақат майда жароҳатларни қайд этган.
Текширув шуни ҳам кўрсатдики, Олимов бир пайтлар собиқ иш берувчиси Ботир Раҳимовга қарашли катта компаниялар ва банкни жуда арзон нархда қўлга киритган. У Рахимов ва унинг ҳамкори М.га ваъда қилинган 10 миллион доллар қарзни ҳам йиллар давомида тўламаган. Шу сабабли, «мени ўғирлаб кетишди» деган воқеа аслида Олимовнинг икки кредиторни четга суриш, ўзини «сиёсий таъқиб қурбони» сифатида кўрсатиш ва Европадан сиёсий бошпана олишга замин яратиш учун уюштирилган бўлиши эҳтимоли катта.
Бу воқеалар фонида Олимов асосчиси бўлган Анорбанкда ҳам жиддий муаммолар юзага келган: юзлаб мижозларнинг пуллари йўқолган, банк маблағлари ноқонуний тарзда онлайн-қимор ҳисобларига чиқарилгани аниқланган, унинг энг яқин одамларидан бири эса миллиардлаб маблағ ўзлаштиришда гумонланиб қўлга олинган.
Ўзбекистонда хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш бўйича 2022 йилдан бери 338 та жиноят иши қўзғатилган
Ўзбекистонда сўнгги тўрт йил ичида чет элдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлик бўйича қўзғатилган жиноят ишлари сони кескин ошгани маълум қилинди. «Узоқдан изланган бахт» ҳужжатли фильмида келтирилган расмий маълумотларга кўра, 2022–2025 йиллар давомида Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) билан боғлиқ 338 та ҳолат қайд этилган.
Маълумотга кўра, 2022 йилда ушбу модда бўйича 19 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 2023 йилда 68 та, 2024 йилда 112 та ва 2025 йилда 139 та ҳолат қайд этилган. Мутасаддилар ушбу динамикани вазиятнинг жиддийлашуви ва хавфсизликка таҳдидлар кучайиб бораётгани билан изоҳлайди.
Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ, ёлланишда айбдор деб топилган шахслар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.





