
Тошкентдаги кўп қаватли уйда ёнғин чиқди
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйда ёғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўп қаватли уйда 14 январга ўтар кечаси ёнғин юз берди. Ҳодиса тунда содир бўлганига қарамай, тезкор ҳаракатлар туфайли ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ёнғин уйнинг юқори қаватларидаги хонадонлардан бирида чиққанини, воқеа жойига камида бешта ўт ўчирувчи экипаж етиб келганини кўриш мумкин. Видеолар аҳоли орасида хавотир уйғотган бўлса-да, расмийлар вазият назорат остига олинганини билдирди.
Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилишича, 13 январ куни соат 23:59 да Ниёзий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирида ёнғин чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган. Шу заҳотиёқ ёнғин-қутқарув бўлинмалари ҳодиса жойига сафарбар этилган.
Маълумотларга кўра, ўт ўчирувчи экипаж соат 00:04 да воқеа жойига етиб борган ва соат 00:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган. Қутқарув ишлари давомида атрофдаги хонадонларга ёнғин тарқалишининг олди олинган.
Расмий хабарда таъкидланишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳозирча аниқланмаган бўлиб, тегишли хизматлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам пойтахтда автопарк ҳудудида автобус ёниб кетгани хабар қилинган эди.





